Yahoo 3 йил аввал фойдаланувчиларнинг миллиарддан ортиқ пароли ўғирланганлигини маълум қилди

Yahoo 3 йил аввал фойдаланувчиларнинг миллиарддан ортиқ пароли ўғирланганлигини маълум қилди

2013 йилнинг августида Yahoo’нинг миллиарддан ортиқ фойдаланувчиси аккаунтлари маълумотлари, жумладан, пароллар ва махфий саволларга жавоблар номаълум шахслар томонидан ўғирланган. Бу ҳақда компания хабарида маълум қилинди, деб ёзади Daryo.uz.

Компания томонидан ошкор этилган маълумотга кўра, гап Yahoo ноябрь ойида ҳуқуқ-тартибот органларидан олган ўғрилик тўғрисидаги маълумотлар ҳақида бормоқда.

Маълумотларни таҳлил қилган компания бу ҳақиқатан ҳам Yahoo фойдаланувчиларининг маълумотлари эканлигини тасдиқлади. Маълумотлар таркибида исмлар, почта манзиллари, телефонлар, туғилган кун саналари, пароллар ва баъзи ҳолатларда шифрланган ва шифрланмаган махфий саволлар ва уларга жавобларни ўз ичига олади.

Фойдаланувчиларнинг тўлов маълумотлари ҳам ўғирланган-ўғирланмаганлиги аниқ эмас. Компания ўғрилик уларга дахл қилмаган деб ҳисобламоқда.

Wired нашрининг қайд этишича, 2013 йил кузида Yahoo’да 800 миллион фаол фойдаланувчи ва 1,5 миллиард аккаунт бўлган. Дунё бўйича 3 миллиард атрофида интернет фойдаланувчиси бор.