Яндекс.Такси Москвадан Қозонгача ҳайдовчисиз ўзи борди

  •   Saroy
  •  802
  •  23.06.2018 11:33

Яндекс.Такси  Москвадан Қозонгача ҳайдовчисиз ўзи борди

Яндекс компанияси ҳайдовчисиз бошқариладиган транспорти мустақил равишда  катта сафарга чиққани ҳақида маълум қилди. Ҳайдовчисиз такси, ўзини ўзи бошқарган ҳолда Москва шаҳридан Козон шаҳригача етиб келган.

Машина 780 километрлик масофани муваффақиятли равишда босиб ўтди, дейилади компания вакиллари тарқатган хабарда. Йўлнинг катта қисми федераль аҳамиятга эга бўлган М7 «Волга» трассаси ҳисобланади. Сафарга жами 11 соат вақт кетган. Йўл давомида ҳайдовчисиз такси трассада амалда бўлган тезлик чекловларига риоя қилган. Ҳайдовчи ўриндиғида Яндекснинг синовчи-ҳайдовчиси бўлган. Дастурчиларнинг таъкидлашича, сафарнинг 99 фоизи автоматик режимда ўтган.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонга «Яндекс» вакиллари нега келишди?

Сафардан кўзланган мақсад, автомобилни шаҳар ташқарисидаги трассаларда, турли йўл шароитларида синаб кўриш эди. Йўл давомида асфальт йўлнинг сифати ва йўлдаги чизиқлар ўзгариб турган. Трасса гоҳ торайган, гоҳ кенгайган. Об-ҳаво ҳам тез-тез ўзгариб турган, вақти-вақти билан офтоб чарақлаб турган бўлса, бир неча бор автомобиль ёмғир остида ҳам қолиб кетган. Машина куннинг ёруғида ҳам,  қоронғуда ҳам ҳаракатда бўлган.

2017 йил баҳор ойларида Яндекс илк бор ўзининг ҳайдовчисиз таксисини намойиш қилиб, лойиҳа ҳақида батафсил маълумот берганди. Биринчи синов Москвада Яндекснинг бош офисига унчалик узоқ бўлмаган  ёпиқ ҳудудда амалга оширилганди. Синов жараёнида таксининг ўз вазифасини аъло даражада бажаргани намойиш қилинди. Ушбу машина НАМИ институти билан ҳамкорликда  Toyota Prius базасида яратилганди. Шу йилнинг  февраль ойида эса, Москва йўлларида қиш шароитида синов олиб борилди.

ЎҚИНГ: Ажойиб имконият: Яндекс дастурчиларни ёзги мактабга таклиф қилмоқда

 

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!