Янги Nokia 3310: сотувга чиқиш вақти ва нархи маълум бўлди

Янги Nokia 3310: сотувга чиқиш вақти ва нархи маълум бўлди

Nokia 3310 телефонининг қайта ишлаб чиқарилиши ҳақидаги гап-сўзлар кимгадир чин, кимга эса ҳазил бўлиб туйилган эди. Финляндиянинг HMD Global компанияси MWC 2017 Жаҳон Мобиль Конгресси кўргазмаси доирасида 26 февраль куни, орадан 17 йил ўтиб Nokia 3310 янги талқинда қайта расман намойиш қилгач, жаҳон миқёсида унга нисбатан катта қизиқиш уйғонди.

2G алоқа тармоғида фаолият кўрсатишга мўлжалланган Нокиа 3310 жорий йилнинг май ойидан бошлаб халқаро смартфон бозорига чиқарилади. Афсонавий телефоннинг янги талқинини 49 доллардан харид қилиш мумкин бўлади. Аниқроғи, Европада Nokia 3310 савдоси 28 апрелдан бошланади. Унинг нарх-навоси Европа мамлакатларида ўртача 58 евродан бўлиши кутилмоқда.

Телефонда 2,4 дюймли рангли дисплей мавжуд. Унинг пиксель сиғими QVGA (320х240)’га тенг. Телефон аппарати microSD хотирани кенгайтириш флешкасига мўлжалланган бўлмачага ҳам эга. Қолаверса, MP3-плеер орқали мусиқа ҳам тинглаш мумкин. Тўлиқ янгича дизайнга эга телефон олд панелида моддий тугмалар қолдирилган.

Nokia 3310 2 мегапикселли камерага эга. Бу камера LED фоточақноқ билан ҳам таъмин қилинган. Қурилма батарейкасининг сиғими 1 200 мА соат. Ишлаб чиқарувчининг маълум қилишича, уни тўлиқ қувватлаб, 22 соат суҳбат қуриш, 39 соат радио тинглаш, «кутиш» режимида 21 кун фойдаланиш мумкин. Телефон аппаратининг оғирлиги 85 грамм.

Ҳозирча телефон аппаратини харид қилиш истагида бўлган 3 минг нафар киши Nokia 3310’га аввалдан буюртма берган.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!