Японияда “Ақлли шаҳар” қурилди

Японияда “Ақлли шаҳар” қурилди

Японияда дунёдаги энг экологик тоза шаҳар бунёд этилди. Шаҳардаги барча уйлар қуёш батареясидан олинадиган энергия ҳисобига ишлайди. Транспорт воситалари ҳам электромобиль ва велосипедлардир.

Япониядаги мазкур “ақлли шаҳар”га Фуджисава деб ном берилди. Шаҳарнинг мавжуд барча объектлари марказдаги комплексдан бошқарилади.

Фуджисавага дастлабки оилалар кўчиб кела бошлашди. Мазкур мусаффо шаҳар 3 минг киши ва 100 хонадонга мўлжаллаб қурилган. Режалаштирилган барча ишлар ва лойиҳалар 2018 йилда ўз ниҳоясига етади.

Шаҳар электр таъминотининг 30 % фоиздан зиёди муқобиль энергия манбалари, биринчи навбатда, қуёш батареялари ҳиссасига тўғри келади. Бу углерод асоратларининг 70 % фозига қисқартириш имконини беради. Сув истеъмоли ҳам 30 % фоизга иқтисод қилинади. Бордию ер қимирлаши ёки электр таъминотида узилишлар рўй берса, шаҳар 3 кун мобайнида аҳолини электр ва иссиқлик суви билан таъминлаши мумкин. Бу ердаги барча қурилмалар тежамкор технологиялар асосида ишланган.

Фуджисавада бензин қуйиш шаҳобчалари йўқ. Бироқ электромобиллар учун махсус қувватлантириш тармоқлари қурилган. Агар кимда электромобиль бўлмаса, унда электроскутерлар, велосипедлар, электромобиллар ва бошқа экология зарар етказмайдиган транспорт воситаларидан ижара асосида фойдаланиши мумкин.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамоат жойларига махсус видеокузатув камералари, датчик ва сенорли қурилмалар ўрнатилган. Энергияни иқтисод қилишга максимал даражада ҳаракат қилинган. Масалан, кўчалардаги ёритиш чироқлари кечалари фақат одамлар юраётган чоғда ёнади.

Маълумотларга кўра, лойиҳанинг умумий қиймати – $500 миллион. Бу каби шаҳарлар келажакда ўз самарасини берадими, йўқми, вақт ҳал қилади. Ҳозирда мамлакатда мазкур лойиҳага катта қизиқиш билан қаралмоқда.