Японияда роботлар ўртасида сумо мусобақаси бўлиб ўтди (Видео)

Японияда роботлар ўртасида сумо мусобақаси бўлиб ўтди (Видео)

Агар RoboCup, RoboGames ва Battlebots роботларининг мусобақаларини томоша қилган бўлсангиз, ушбу курашларда роботлар мустақил эмас, балки дистанцион пульт ёрдамида бошқарилганини пайқаган бўлсангиз керак. Бироқ яқин ўтган кунларда Японияда ўтказилган роботлар сумо мусобақасида темир жангчилар тўлиқ мустақил равишда ҳаракатланган. Мусобақа ҳам айнан мана шу жиҳати билан бошқа шу каби турнирлардан фарқланган.

Роботни бошқарган одамнинг қўлидаги пультда фақат битта тугма жойлаштирилган. У ҳам бўлса роботни ҳакам ишораси билан тўхтатишга хизмат қилади, қолган ҳаракатлар эса роботлар тарафидан тўла автоном тарзда бажарилган. Баъзи сумочи роботлар жуда тезкор ва чаққон бўлса, баъзилари эса аксинча, бақувват ва секин ҳаракат қилади. Кўпинча, оғир ва кучли роботлар енгил ва тезкор роботларни тезда ер тишлатган.