Йилнинг кутилган яна бир камерафони тақдим этилди

Йилнинг кутилган яна бир камерафони тақдим этилди

Huawei компанияси ўзининг Mate 50 сериясини расман тақдим этди. Ушбу сериядан Mate 50, Mate 50 Pro ва Mate 50 RS Porsche Design смартфонлари ўрин олган. 

Учала модель ҳам Snapdragon 8+ Gen1 чипи билан жиҳозланган. АҚШ санкциялари сабаб ҳеч бир модель 5G тармоғини қўллаб-қувватламайди. Pro моделнинг 512ГБ хотирага эга тури бўлиб, уни махсус карта билан яна 256ГБ гача кенгайтириш мумкин. 

Mate 50 Pro сериядаги энг аҳамиятли модель ҳисобланади. Унга 120 гертс частотада ишловчи 1212 х 2616 пиксел резолюциядаги 6.74 дюймли OLED дисплейи ўрнатилган. Экрандаги “қош“ сабаб дисплей резолюция ноодатий рақамларни ҳосил қилган. 

Mate 50 Pro модели f/1.4 дан f/4.0 гача бўлган олтита ўзгарувчан диафрагма ҳамда оптик стабилизацияга эга 50МП асосий камера, бундан ташқари, f/2.2 диафрагма линзали 13МП ультракенг камера ҳамда 3.5х оптик зум ҳамда оптик стабилизацияга эга 64МП телефото камера билан жиҳозланган. 

Камера тизимига 10 каналли мультиспектрал сенсор ва лазерли автофокус ёрдам беради. RS Porsche Design моделига 64 мегапикселли телефото камера ўрнига 48 мегапикселли макро функциясига эга перископ камера ўрнатилган. Олд томонда f/2.4 диафрагмадаги 13МП селфи камера ҳамда 3D ToF сенсори ўрин олган.

Смартфон 4,700 мАс сиғимли аккумулятор билан жиҳозланган бўлиб, уни 66 ваттда симли, 50 ваттда эса симсиз қуввлаш мумкин. Фавқулотда қувватни тежаш режими орқали эса 1% қувват билан смартфон уч соатгача ёниқ туриши мумкин. 

Қурилманинг кўк, оқ, тўқ сариқ, сиёҳранг ҳамда қора рангли турлари тақдим этилди. Сиёҳранг ва қора рангларнинг ҳам шиша, ҳам чарм билан қопланган тури мавжуд. Mate 50 RS эса фақат сиёҳранг ва кўк рангларда, орқа панели керамикадан бўлади. 

Бошқа диққатга сазовор хусусиятлар орасидан смартфон Beidou Satellite Message 3 протоколига асосланган сунъий йўлдош уланишига эга эканлигини айтиш мумкин. Бу, аслида, фойдалувчига уяли алоқа тармоғисиз ҳам хабар ва манзилни жўнатиш имконини беради.

Mate 50 модели эса 90 гертс частотада ишловчи 6.7 дюймли OLED дисплейи билан жиҳозланган. Унинг асосий ва ультракенг камераси Pro моделники билан бир хил. Биргина фарқ оддий моделга f/2.4 диафрагмадаги 5х зумли 12МП телефото камера ўрнатилган. 

Аккумулятор ҳам бироз кичикроқ - 4,460 мАс. Зарядлаш тезлиги ва ранг турлари эса Pro модель каби. 

Барча смартфонлар HarmonyOS операцион тизимида ишлайди. Уларнинг нархи қуйидагича:

Mate 50 (128ГБ) - 720 доллар

Mate 50 Pro (256ГБ) 980 доллар

Mate 50 RS Porsche Design - 1870 доллар

Ҳозирча ушбу смартфонларнинг халқаро бозорга сотувга чиқиши номаълум. 

ЎҚИНГ: Huawei 230 долларлик смартфонни сотувга чиқарди 

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.