Google илк бор Fuchsia ҳақида сўз очди: у Android «қотили»ми?

  •   DiMaX
  •  1086
  •  13.05.2019 10:56

Google илк бор Fuchsia ҳақида сўз очди: у Android «қотили»ми?

Қидирув гиганти ҳам мобил қурилмалар, ҳам ноутбукларда қўлланувчи Fuchsia операцион тизимини тайёрлаётгани анчадан бери маълум. Terabayt.uz сайтида ундан олинган суратлар ва ҳатто видеоси ҳам эълон қилинган.

ЎҚИНГ: Google’нинг «махфий» Fuchsia OS тизимини энди сиз ҳам синаб кўришингиз мумкин!

Google I/O 2019 конференциясида компаниянинг Android ҳамда Chrome OS йўналиши раҳбари Хироши Локхаймер (Hiroshi Lockheimer) журналистлар билан билан суҳбатлашди. Шунда у ҳозиргача фақат миш-мишлар ва инсайдерлик хабарлари орқали маълум бўлиб келаётган Fuchsia операцион тизими устидаги ишлар ҳақида биринчи марта расман маълумот берди.

Android операцион тизими Linux ядроси базасига қурилган бўлса, Fuchsia алоҳида – ўзининг Zircon номли ядросига эга эканлиги, универсал тизим сифатида Android ҳамда Chrome OS ўрнига келиши айтилаётган эди. Хироши Локхаймер эса булардан иккинчисини рад этди: унинг сўзларига кўра, Fuchsia – шунчаки турли форм-факторлардаги қурилмалар билан ишлаш учун тайёрланаётган тажрибавий операцион тизимдир.

«Бунинг янги Chrome OS ёки Android бўлиб қолиши мумкинлигидан кўпчилик хавотир олаётганини биз биламиз, аммо Fuchsia унақа эмас. Экспериментал Fuchsia’дан мақсад – турли форм-факторлар, «ақлли уй» гаджетлари, тақилувчи девайслар ва, эҳтимол, тўлдирилган ва виртуал реаллик қурилмалари билан ишлай олиш. Айни дамда Android мобил қурилмаларда яхши ишламоқда, иловалар Chrome OS’да ҳам амалда. Fuchsia эса бошқа форм-факторлар учун оптимизация қилиниши мумкин», – деди Google вакили.

ЎҚИНГ: Huawei аллақачон битта смартфонида мутлақо янги – Fuchsia операцион тизимини синамоқда!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!