PlayStation учун DualShock 5: Энди ўрта бармоғингиз ҳам бўш қолмайди!

  •   DiMaX
  •  758
  •  27.12.2019 10:54

PlayStation учун DualShock 5: Энди ўрта бармоғингиз ҳам бўш қолмайди!

Sony компанияси ўзининг навбатдаги – PlayStation 5 ўйин приставкасини эълон қилганидан бери унинг кўриниши ва хусусиятлари ҳақида маълумотлар аста-секин тарқалмоқда. Terabayt.uz’да унинг рендер видеоси ҳам эълон қилинган.

ЎҚИНГ: PlayStation 5 ва янги геймпадни илк бор «жонли» расмда кўрамиз!

Sony Interactive Entertainment шу йилнинг 20 июнь куни Японияда «Киритиш қурилмаси» учун патент аризасини берган эди. 26 декабрда эса унинг ҳужжатлари тасдиқланиб, Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти базасига киритилди.

Патентда PlayStation ўйин консолида қўллашга мўлжалланган контроллер тасвирлари акс эттирилган. Тахминларга кўра, бу – PS5 учун тайёрланаётган DualShock 5 версияларидан биридир. Унинг шакли олдинги моделларига ўхшаса-да, корпусида бир нечта фарқлари бор. Олд томонидаги асосий ўзгариш – анъанавий «PlayStation» тугмачасининг йўқлигидир.

Дарвоқе, ҳар икки томондаги биттадан тугмача босим датчиги билан жиҳозланган; яъни геймпад бу тугмачанинг қисман ёки охиригача босилганини фарқлаб, шунга яраша функцияни бажаради.

ЎҚИНГ: ТОП-10: 2019 йилнинг энг зўр видеоўйинлари (The Verge рейтинги)

Иккинчи ва асосий фарқи – янги геймпаднинг орқа панелида жойлашган тўртта тугмача бўлади. Икки томонида иккитадан жойланган бу элементлар ўйин жараёнини ўрта бармоқ орқали бошқаришга мўлжалланган. Патентда кўрсатилишича, бу тугмачалар сурилувчан бўлади, яъни геймернинг кафт ўлчамига кўра уларни орқа панел бўйлаб юқорироқ ва пастроққа суриб, ўрта бармоққа қулай жойга қўйиш мумкин.

Демак, PlayStation ишқибозлари PS5 чиқишини орзиқиб кутишлари учун яна бир сабаб тайёр – унда кафтингиз ва бармоқларингиздан янада унумли фойдаланиб, ўйин жараёнига буткул шўнғиш имкони бўлади!

ЎҚИНГ: Ўзбекистонлик 5 муваффақиятли киберспортчи

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.