Xiaomi раҳбари Mi6’нинг нарх-навосига муносабат билдирди

Xiaomi раҳбари Mi6’нинг нарх-навосига муносабат билдирди

Корпусининг барча бурчаклари ва қирралари силлиқ ҳамда қайрилма дизайнда ишланган, жаҳоннинг энг кучли Snapdragon 835 процессори ва қўш сенсорли бош камераси билан таъминланган Xiaomi Mi6 мобил алоқа воситаси тақдимотидан сўнг шахсан компания раҳбари Лэй Цзюн оммавий ахборот воситаларининг саволларига жавоб берди. Жумладан, Xiaomi компанияси асосчисидан биринчилардан бўлиб энг сўнгги технологик имкониятларга эга флагманнинг нега аввалги mi’ларга нисбатан қиммат, яъни $300 доллардан зиёд нархда сотувга чиқарилишининг сабаби сўралди.

Xiaomi раҳбарининг сўзларига кўра, компания аввалги каби, илғор жиҳат ҳамда арзон нарх-навоси билан рақобатга дош берадиган смартфонлар ишлаб чиқариш сиёсатини давом эттирмоқда. Аммо, энг яхши смартфонлардан бирини яратиш учун кучли бутловчи қисмларнинг харид қилиниши бу гал флагманнинг нархига бир оз таъсир этган.

Мисол учун, Xiaomi Mi6’да ўрнатилган энг қиммат деталлардан бири бўлган Snapdragon 835 процессорининг нархи анъанавий фойдаланиладиган Snapdragon 625 номли “электрон юрак”дан 3 баробар қимматроқ. 6 гигабайтли тезкор хотира микросхемасининг баҳоси эса авваллари фойдаланилган 4 Гб сиғимли оператив хотирадан 56%га қимматроққа тушган. Шунингдек, Лэй Цзюн флагманга қўш сенсорли камера қўйиш харажати анъанавий 1 модулли камера қўйишдан 41%га кўпроқ эканини айтди.

Xiaomi етакчиси бозордаги қизғин рақобат янги илғор ечимларни излаб топиш, янгича технология ва ишланмалардан фойдаланишни тақозо қилаётганини таъкидлади. Жаноб Лэй Цзюн смартфон бозорининг кучли ўйинчиларидан бири бўлиб қолиш учун Xiaomi компанияси ўзининг рақобатга дош берадиган шахсий технологияларига маблағ тикиш ва яхши IT-маҳсулотларни тақдим қилиб, қулай нархлар билан харидорларни хурсанд қилишда давом этишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, смартфоннинг 6 ГБ тезкор ҳамда 64 ГБ доимий хотира талқини $363 (2499 Yuan), 6 ГБ тезкор ва 128 ГБдоимий талқини — $421 (2899 Yuan), ҳамда 6 ГБ / 128 ГБ хотирали махсус «керамика» талқини $435 (2999 Yuan) АҚШ долларидан сотувга чиқарилади.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!