Android учун энг зўр 5та видеоплеер

  •   DiMaX
  •  3043
  •  07.04.2017 14:53

Android учун энг зўр 5та видеоплеер

Қанчалик ғалати туюлмасин, Android учун чиқарилган стандарт видеоплеер кўпчилик стандарт видеоформатларни ўқий олмайди. Шунинг учун Google Play бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг бир қатор иловаларини таклиф этади, улардан ҳар бири ўзига хос опциялар тўпламига эга. Фойдаланувчиларнинг видеоплеерларга қўядиган талаби ҳам турлича; шунинг учун ҳам, қуйида қисқача тавсифини келтираётганимиз – бешта иловадан ўзингизга мосини танлаб олишингиз мумкин.

HD Video Player

Android-қурилмангиз учун оддийгина видеоплеер излаётган бўлсангиз – HD Video Player’га эътиборингизни қаратамиз. Дастур ёқимли дизайнга ва кенг танловдаги видеокодеклар тўпламига эга. Шу боис у ҳар қандай форматдаги HD видеоларни ижро эта билади, жумладан FLV-файлларни ҳам.

Биринчи ишга туширилишида HD Video Player автоматик тарзда смартфондаги видеофайлларни излаб топади ва улардан ҳар бири учун алоҳида картинка-миниатюра яратади; бу эса кейинчалик уларни топишни анчагина осонлаштиради. Афсуски, мазкур дастур субтитрлар билан ишлай олмайди, аммо унинг бошқа афзалликлари ҳам етарли.

Асосий афзалликлари:

  • Миниатюралари мавжуд
  • Барча турдаги видеофайлларни аниқлайди
  • FLV-файлларни равон ижро этади
  • Файлларни таҳрирлаш мумкин

MX Player

Android-видеоплеер орасида энг кучлиларидан ва энг кенг тарқалганларидан бири MX Player ҳисобланади. Ишлаб чиқувчилар иловадан фойдаланишнинг турли сценарийларини инобатга олишга интилишган.

Масалан, унда экранни тегинишларга таъсирланишдан блоклаш имконияти мавжуд. Энди сиз бемалол смартфонингизда бирор мультфильмни қўйиб, уни кичкинтойларга беришингиз мумкин – тасодифан экранни ўйнаб, бировга қўнғироқ қилишидан ёки бирор файлни ўчириб юборишидан чўчимасангиз ҳам бўлади. Кўп ядроли декодлаш функцияси MX Player’га видеони бошқа рақобатчиларига қараганда 70 мартагача тезроқ қайта ишлаш имконини беради!

Жудаям кўп форматларни ўқий олади: 3gp, avi, divx, f4v, flv, mkv, mp4, mpeg ва ҳоказо; яна қўл ҳаракатлари билан бошқариш мумкин.

Асосий афзалликлари:

  • Субтитрлар билан ишлайди
  • Қўл ҳаракатлари билан бошқариш мумкин
  • Кенг тарқалган форматларни ўқий олади
  • Экранни блоклаш имкони бор

VLC for Android

Компьютер фойдаланувчилари орасида кенг тарқалган ва кенг омманинг эътирозига сабаб бўлмаган мазкур бепул кросс-платформали видеоплеер Android’га ҳам етиб келган. Барча видеоформатларни англашидан ташқари, VLC for Android субтитрлар билан ишлай билади, видеони «картинка ичида картинка» режимида ижро эта олади ва ҳатто мусиқий файлларни ҳам ўқийди.

VLC бемалол сиз учун асосий виртуал мультимедиалар марказига айланиши мумкин. Бунинг устига, илова ёқимли дизайнга эга ва Android 2.2 версиясидан бошлаб барча қурилмаларда ишлайди.

Асосий афзалликлари:

  • Субтитрлар билан ишлайди
  • «Картинка ичида картинка» режими
  • Медиа-кутубхона
  • Ёқимли дизайн

KMPlayer

Android қурилмалар учун чиқарилган, исталган видеоформатни «ямламасдан ютадиган» бақувват видеокомбайн. KMPlayer’нинг энг керакли функцияларидан бири – Google Drive «булутли» сақлагичдаги видеони ҳам ўқий олишидир, бу эса смартфонингиздаги жойни тежашда муҳим аҳамиятга эга.

Тағин, бу плеер видеофайлларнинг ижросини тезлаштиришга ҳам имкон беради! Бу функция жуда фойдали, айниқса – ўқув материалларини кўриш/тинглаш жараёнида жуда керак бўлади. KMPlayer ичига ўрнатилган медиа-кутубхона смартфондаги видеофайлларни қийналмасдан топиш ва уларни қулай таҳрирлаш имконини беради.

Асосий афзалликлари:

  • Субтитрлар билан ишлайди
  • «Картинка ичида картинка» режими
  • Медиа-кутубхона
  • Google Drive
  • Экранни блоклаш

BSPlayer

Windows’да жуда оммалашган бу видеоплеернинг Android версияси ҳам чиққан. Субтитрлар билан ишлаш бўйича илғор, яна бир нечта аудиойўлакчаларни ҳам ижро эта олади.

BSPlayer’нинг асосий афзалликларидан бири – у видеони ижро этишда смартфонингиз аккумулятори қувватини тежай олади! Яна, видеони фонда ижро этиш функцияси ҳам фойдаланувчиларни қувонтиради – йўлда у жуда асқотади. BSPlayer видеофайлларнинг барча форматларини ўқишдан ташқари, HD видео билан ҳам ишлай олади.

Асосий афзалликлари:

  • Субтитрларни автоматик излайди
  • Фонда ижро этади
  • Медиа-кутубхона
  • Қувватни тежайди

Шунингдек, Android-смартфонлар учун аудиоплеерларнинг қисқача тавсифи берилган мақоламизга ҳам назар солишни тавсия этамиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!