Android учун «Яндекс» браузерининг енгил версияси чиқди

  •   DiMaX
  •  1881
  •  30.06.2017 13:37

Android учун «Яндекс» браузерининг енгил версияси чиқди

Янги «Яндекс.Браузер Лайт» ишлаш тезлиги бўйича Opera Mini’дан қолишмайди. Тизим ресурсларини тежаш борасида эса ҳатто ундан олдинлаб ҳам кетган, дея хабар беради Лайфхакер сайти.

Кўплаб оммабоп иловаларнинг енгил версиялари мавжуд, масалан –Facebook Lite, Twitter Lite ёки Skype Lite. Улар биринчи навбатда, трафикни ҳамда қурилма ресурсларини тежашни истовчиларга мўлжалланган.

Бу каби «тарошланган» версияларнинг асосий афзаллиги шундаки, улар тўлиқ ҳажмли иловалардан кўра тезроқ ишлайди. Айниқса, процессори заифроқ ва тезкор хотирасининг ҳажми кичикроқ бўлган қурилмаларда, шунингдек, интернет тезлиги паст бўлган шароитларда Lite версияларнинг устунлиги яққол сезилади.

«Яндекс» компанияси ҳам бу тенденциядан орқада қолмади. Унинг Android учун янги чиқарилган «Яндекс.Браузер Лайт» иловасининг ўрнатилувчи файли атиги 748 КБ ҳажмга эга. Тўғри, ўрнатилганидан кейин бу дастур қурилманинг хотирасидан 4,6 МБ жой эгаллайди, аммо барибир бу ҳам Opera Mini ҳажмидан салкам беш бараварга кичик кўрсаткич.

«Яндекс.Браузер Лайт»да функцияларнинг фақат энг кераклилари сақлаб қолинган. Унинг интерфейси бош саҳифасига қизиқарли янгиликлар ва  мақолалар танланмасини ўз ичига олувчи «Дзен» жойлаштирилган. Пастки қисмида манзил қатори жой олган, қидирув ҳам шу майдончанинг ўзидан амалга оширилади. Шунингдек, визуал хатчўплар панели ҳам мавжуд, у янги варақада очилади.

Дастурнинг созламалари ҳам худди ташқи кўриниши каби содда, лўнда. Унда фақатгина тавсиялар тасмасини ўчириб қўйиш, кэшни ва cookie файлларини тозалаш имкониятлари мавжуд, холос! Умуман олганда, бундай кичкина ҳажмли иловадан шундан ортиғини кутиш ҳам инсофдан бўлмасди-да, нима дедингиз?

Очиғини айтганда, «Яндекс.Браузер Лайт»ни смартфон ёки планшетда интернетдан фойдаланиш учун асосий дастур қилиб тайинлаш унчалик тўғри бўлмаса керак. Бироқ турли ҳолатлар учун қўшимча браузер тарзида ўрнатиб қўйсангиз бўлади – деярли жой эгалламайди, интернет тезлиги паст бўлганида ёки қурилмангиз сал «чарчаб» қолганида у роса асқотади. Иловани мана бу ҳавола орқали кўчириб олишингиз мумкин.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!