Chrome’да яхлит саҳифадан скриншот олиш

  •   DiMaX
  •  1592
  •  06.05.2017 10:29

Chrome’да яхлит саҳифадан скриншот олиш

Одатда браузеримиз ойнасида веб-саҳифанинг бир қисминигина кўрамиз, қолган қисмини кўриш учун эса скроллдан фойдаланамиз – сичқончанинг ғилдираги орқали ёки клавиатура тугмачалари ёрдамида пастга (ёки юқорига) юрамиз. Агар скриншот олиш керак бўлиб қолса, фақат шу кўриниб турган қисминигина сақлай оламиз.

Аммо баъзида саҳифани яхлитлигича сурат сифатида сақлаб қўйиш зарурати туғилади. Экранга сиққанича ҳар бир қисмдан алоҳида скриншотлар олиб, кейин уларни бирор графика дастурида битта суратга йиғиш – узоқ давом этадиган жараён. Шу боис бу масалани ҳал этиш учун Full Page Screen Capture кенгайтмаси ишлаб чиқилган.

Уни мана бу ҳавола орқали ўтиб, Google Chrome браузерингизга ўрнатиб олганингиздан сўнг жиҳозлар пеналида фотоаппарат белгичаси туширилган тугмача пайдо бўлади. Бирор саҳифани скриншот сифатида сақлаш керак бўлганида, шу тугмачани босасиз. Саҳифа автоматик тарзда юқарига кўтарилиб – пастки қисмлари кўриниб боради; тепада эса жараённи акс эттирувчи қизиқ индикатор чиқиб туради.

Кейин эса браузерда янги варақа очилади, унда кенгайтма ишининг натижаси – скриншот акс этади. Уни асл катталиги бўйича кўриш, компьютерда сақлаб қўйиш ёки ўчириб юбориш мумкин. Шунингдек, кенгайтма ўзи скриншот олган вазиятлар тарихини сақлаб қўяди. Зарурат туғилган пайти улардан исталган бирини тиклаш имкони бор.

Юқоридаги суратда сайтимизнинг бош саҳифасидан Full Page Screen Capture кенгайтмаси ёрдамида олинган скриншот акс этган.