Find X флагмани хусусиятларини OPPO расман маълум қилди
OPPO компаниясининг Find X модели унинг тарихидаги энг илғор смартфон бўлиши кутилаётир. 19 июнь куни Парижда тақдим этиладиган бу флагманнинг асосий жиҳатлари кечагина расман маълум қилинди.
ЎҚИНГ: OPPO Find X: флагманнинг хусусиятлари ўзгача
Weibo ижтимоий тармоғидаги OPPO расмий аккаунтида Find X флагмани тизери эълон қилинди. Унда мазкур қурилмага нисбат бериб келинган жиҳатлар расман тасдиқланган.
Расмий постерга қараганда, OPPO Find X чиндан ҳам илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессори базасида ишлайди. Унинг тезкор ва доимий хотиралари ҳажми тегишлича 8 ҳамда 256 гигабайтни ташкил этиши ҳам бу тизерда акс эттирилган. Булардан ташқари, TENAA сайтидаги маълумотга қараганда, мазкур флагман яна битта – доимий хотираси 128 гигабайтлик модификацияда ҳам чиқарилади.
Дарвоқе, расмий тизердаги шиша пирамида шаклига эътибор бергандирсиз? Бу – ушбу смартфоннинг тақдимоти ўтказиладиган Лувр музейига ишора.
OPPO Find X корпусининг ўлчамлари 156,7х74,3х9,4 миллиметрга, вазни эса 186 граммга тенг бўлиши айтилмоқда. Унинг ўта тезкор қувватлаш – Super VOOC технологисига ҳамда қиёфани 3D-сканерлаш тизимига ҳам эга бўлиши ҳақида миш-мишлар юрибди.
ЎҚИНГ: Энг қудратли Android-смартфон аниқланди – у етакчи компанияларга тегишли эмас!