Huawei P20 Pro бу гал iPhone X'га ютқазди

Huawei P20 Pro бу гал iPhone X'га ютқазди

2017 йилнинг энг илғор смартфони бўлган Apple iPhone X 2018 йилда тақдим қилинган флагманлар учун чинакам "тош-тарози" вазифасини бажармоқда. Бир муддат аввал у сурат олишда имкониятни P20 Pro моделига ютқазиб қўйган эди.

 iPhone X модели учун ишлаб чиқарилган Face ID юз-қиёфа сканери ундаги ўзига хос илғор технологиялардан бири бўлди. Олд панелда жойлашган махсус сенсор ҳамда мураккаб дастурий алгоритм ушбу функциянинг юқори даражадаги аниқликда ва тезкор ишлашини таъминлайди. Мазкур тизим "сунъий ақл" жиҳатларига эга, яъни ўз-ўзини такомиллаштириб боради. Бугунги кунда айрим смартфон ишлаб чиқарувчилари бундай технологияни татбиқ қилишга уринишмоқда. Бироқ улар Apple технологиясини такрорлай олишмаяпти.

Forbes нашри журналистлари қиёфа сканери борасида яқиндагина тақдим қилинган ва юқори баҳо берилган Huawei P20 Pro имкониятларини "Олма" корпорациясининг флагмани билан таққослаб кўришга қарор қилишди.

Журналистларнинг хулосаларига кўра, хитойлик флагманда жорий қилинган Face Unlock юзни сканерлаш технологияси фақатгина дастурий алгоритм ҳисобига ишлагани сабабли iPhone X'даги Face ID технологиясидан секин ишлайди. Тўғри, бу аксарият фойдаланувчи учун аҳамиятсиз бўлиши мумкин, бироқ эътиборли одам бу борада iPhone X эга бўлган технология афзалликларини сезади.

iPhone X смартфонидаги қиёфа сканери учун экран юқорисидан алоҳида майдонча ажратилган. Телефон тизимига фойдаланувчи ўз хоҳиши билан, зарурат туғилганда кириши мумкин. Яъни, тизимга кириш учун экранда бармоқни юқорига ҳаракатлантириш керак бўлади. Huawei P20 Pro'даги Face Unlock технологияси эса фойдаланувчи смартфонда огоҳлантиришлар бор-йўқлигини текширмасданоқ смартфон тизимини очиб беради.

Шу билан бирга, Face ID қиёфани сканерлаш тизими инфрақизил нур ёрдамида тим қоронғу шароитда ҳам ишлайди. Huawei P20 Pro'даги Face Unlock эса махсус датчикка эга бўлмагани боис, фақат ёруғ жойда ишлай олади.

Хулоса қиладиган бўлсак, iPhone X қиёфани хавфсиз ва қулай сканер қилиш борасида ҳозирча тенгсиз.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!