iPhone 9 ихчамроқ, қулайроқ ва арзонроқ бўлади!
Жорий йилнинг сентябрида Apple корпорацияси ўзининг янги авлод смартфонларини тақдим этади. Улар учта моделга мансуб бўлишини ҳали йилнинг бошидаёқ ишончли таҳлилчи, KGI Securities компанияси вакили Минг-Чи Куо (Ming-Chi Kuo) эълон қилган эди.
ЎҚИНГ: Бу йил қандай iPhone’лар чиқиши аниқ бўлди
Сентябрда тақдим этиладиган учта айфондан энг арзони – суюқ кристалли дисплейга эга iPhone 9 модели бўлади. Аввалроқ тарқалган маълумотларда унинг экрани диагоналига 6,1 дюймга тенг бўлиши айтилган эди. Аммо куни кеча Apple маҳсулотлари учун таркибий қисмларни етказиб берувчилардан олинган маълумотга кўра, iPhone 9 дисплейи 6 дюймни ташкил этар экан.
Манбаларга кўра, 6 дюймли ушбу экран смартфон корпусининг олд юзасини тўлиқ эгаллайди. Шунингдек, унинг дисплейи ҳам худди iPhone X моделининг OLED-дисплейи сингари кўринишга эга бўлади. Экраннинг икки ёни ва пастида минимал энли ромлар бўлиб, тепасида «кемтик» бўлади. Айни шу «ўйиқ»да TrueDepth камералар тизими жойлашади ва шунинг эвазига iPhone 9 ҳам Face ID юзни таниш функцияси билан чиқарилади.
Экранининг суюқ кристалли дисплей турига мансублиги, ўлчами ихчамроқ бўлиши ва бошқа хусусиятларига кўра, iPhone 9 смартфони ўзи билан бирга тақдим этиладиган иккита OLED-дисплейли айфонга нисбатан арзон сотилиши кутилаётир.
ЎҚИНГ: Samsung, Apple, Xiaomi ва Huawei ҳар бир смартфондан қанча соф даромад кўради?