Microsoft сувости “маълумот маркази”ни синаб кўрмоқда

Microsoft сувости “маълумот маркази”ни синаб кўрмоқда

Компаниянинг “Natick” лойиҳаси доирасида яратилган илк сувости маълумотларни қайта ишлаш маркази (data center) 2015 йилнинг декабр ойида Тинч уммонининг Калифорния соҳилларига, сув сатҳидан 914 метр чуқурликда жойлаштирилган эди. Айни кунда мазкур “маълумот маркази” текширув учун компаниянинг Редмонддаги қароргоҳига келтирилган.

Илк сувости “data center” Xbox приставка ўйинларининг қаҳрамонларидан бири Леона Филпот номига қўйилган. Герметик беркитилган махсус камера шаклидаги сувости “маълумот маркази” пўлат қобиқ ва табиат ҳодисалари ҳақида хабар берувчи монитор сенсорларига эга.

“Маълумот маркази” – сервер ва коммуникация тармоғи тизимлари ўрин олган ва Интернет каналларига уланишни амалга ошириб, маълумотларни қайта ишлаш вазифасини бажаради.

Йирик технология компаниялари катта ҳажмдаги маълумотни тез ва қайта ишлаши, фойдаланувчиларга сифатли хизмат кўрсатиши учун энергияни тежайдиган, самарали ишлайдиган янги технологияларни татбиқ қилишга ҳаракат қилмоқдалар.

Microsoft сувости “маълумот маркази”ни ишга тушириш орқали фойдаланувчиларга маълумотларнинг тез етиб боришини таъминлашни режалаштирган. Яъни, Ер аҳолисининг ярми соҳиллардан камида 200 километр узоқликда яшаши инобатга олинса, бу каби марказлар маълумотнинг мижозларга тенг тақсимда ва барқарор етиб боришига ёрдам беради. Қолаверса, “маълумот маркази” салқин жойда самарали фаолият кўрсатади.

Маълум бўлишича, сайёрамизда мавжуд бу каби махсус майдончалар дунёда ишлаб чиқарилаётган электр токининг 3 %ини истеъмол қилади. Маълумотни қайта ишлайдиган марказларда электр асосан бинодаги компьютер ва тармоқларнинг салқинлигини таъминлаш учун зарур. Океан соҳилида мунтазам эсувчи шамоллар эвазига электр токи етишмовчилиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келинмайди. Шу билан бирга, бу каби сувости қурилмаларни салқинлатишга ҳожат ҳам қолмайди.

Шу сабабли ҳам, Facebook 2013 йилда навбатдаги, яъни бешинчи маълумотни қайта ишлаш марказини Шимолий Арктика қутбидан 500 чақирим узоқликда жойлашган Шведциянинг Лулео шаҳрида бунёд этган. 339.936 квадрат метр майдонга эга марказнинг юз минглаб серверлари шамол генераторларидан қувват олиб ишлайди.