Москвада iPhone X учун икки кун олдиндан навбатга туришмоқда
Apple’нинг «юбилей айфони» савдоси Москвада расман эртага – 3 ноябрдан бошланади. Аммо харидорлар кеча тундаёқ у ердаги Apple дўкони олдида навбатга тура бошлашган, деб ёзади Hi-Tech Mail.Ru.
Россия Федерацияси пойтахтининг Тверская кўчасида жойлашган Apple дўкони iPhone X савдосини 3 ноябрь куни, тонгги соат саккизда бошлайди. Савдо бошланишидан икки соат аввал сотувчилар харидорларга навбат рақами ёзилган махсус билагузуклар тарқатишади. Смартфонларни сотишда шу рақамлар тартибига амал қилинади.
Лекин кеча – 1 ноябрь туниданоқ дўкон олдига навбатга туриш бошланган. Хабарга кўра, кўчада аллақачон кўплаб харидорлар тўпланишган. Икки юздан ошиқ киши галма-галдан кафега кириб исиниб олганча, навбат бузилмаслигини таъминлаб, орада назорат қилиб туришибди.
Мана, Instagram тармоғига юкланган қуйидаги видеолавҳада бунга ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин:
Яна бир жиҳатига эътибор бериш керак: бу навбатда турганларнинг айримлари чиндан ҳам Apple ихлосмандлари бўлса, бошқалари шунчаки навбатдаги ўз ўрнини сотиш учунгина банд қилиб турибди! Хабарда айтилишича, iPhone X талабгорлари навбатидаги ўрнини сотиш учун 35 минг рублгача нарх белгилашган. iPhone X смартфонининг нархи эса Россияда 81 минг рублдан бошланади.
ЎҚИНГ: Россияда iPhone 8 савдоси бошланди: кутилмаган ҳолатлар
Эслатиб ўтамиз, Apple смартфонларининг Тошкентдаги нархлари билан мана бу, iPhone 8 ва 8 Plus флагманларини кредит бўйича сўмга олиш имкониятлари билан эса мана бу хабарларимизда танишиш мумкин.