Ўзбекистондаги илк осмонўпар бино қандай кўринишда бўлади?

Ўзбекистондаги илк осмонўпар бино қандай кўринишда бўлади?

Пойтахтимиздаги "Hyatt Regency Tashkent" меҳмонхонасида «TashkentCity» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида бунёд этилаётган 50 қаватли бинонинг концепцияси, дизайни ва техник хусусиятлари намойиш этилган матбуот анжумани бўлиб ўтди, дея ёзмоқда UzA сайти.

Мазкур кенг кўламли лойиҳа бир вақтнинг ўзида иккита қурилиш компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Мамлакатимиздаги «Murad Buildings» компанияси ва Туркиянинг "Ozguven" қурилиш компанияси ўртасидаги яқин ҳамкорлик юртимиз иқлимининг ўзига хос жиҳатлари, қурилиш саноатининг сўнгги тенденцияларини ҳисобга олгани ҳақиқатан ҳам замонавий ва технологик лойиҳани амалга ошириш имконини берди. Янги бинонинг концепцияси ва дизайни тақдимоти жараёнида «Murad Buildings» компанияси асосчиси Мурод Назаров ва "Ozguven" компанияси директорлар кенгаши раиси Орзур Озгювен лойиҳанинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб бердилар ва бунёд этилаётган осмонўпар бинонинг компьютер моделини намойиш қилдилар.

– Мана икки йилдирки, мазкур лойиҳа устида ғайрат билан иш олиб боряпмиз ва уни энг яхши қилиб бунёд этишга ҳаракат қилаяпмиз, – дейди Мурод Назаров. – Биз ишончли шерик сифатида "Ozguven" компанияси билан ишлаётганимиздан жуда хурсандмиз. Ушбу лойиҳа Тошкентнинг қоқ марказига муносиб бўлган замонавий ва ностандарт меъморчилик ечимларининг намунаси бўлишини истаймиз. Янги бино маҳаллий иқлим шароитига мослаштирилади, шу боис, ҳар қандай об-ҳавода ҳам у қулай ва шинам бўлади. Ана шу мақсадда шиша совуқни ҳам, иссиқни ҳам тез ўтказганлиги боис, лойиҳада шишадан энг кам даражада фойдаланишга эътибор қаратилди.

Осмонўпар бинонинг ёнғин хавфсизлигини таъминловчи автоном комплекс тизим алоҳида эътиборга сазовор. Унда тезкор хабардор қилиш бўйича энг замонавий тизим ҳамда автоматик тарзда ёнғинни ўчириш тизими мужассамлашган. Тизим ёнғинни аниқлаши билан автоматик тарзда ёнғин ўчоғида инсонлар ва ҳайвонлар учун хавфсиз бўлган, техника ва ускуналарга зарар етказмайдиган, бироқ ҳар қандай турдаги ёнғинни ўчирадиган махсус кўпикни чиқаради.

– Лойиҳа кўплаб новаторлик ечимларини ўз ичига олган, – дейди "Ozguven" компанияси директорлар кенгаши раиси Орзур Озгювен. – Биз Туркия университетлари профессорларини жалб қилдик, кўплаб бошқа мутахассислар билан маслаҳатлашдик. Улар ҳам меъморчилик, ҳам муҳандислик нуқтаи назаридан пухта изланишлар ва лойиҳалаштириш ишларини олиб боришга ёрдам бердилар. Осмонўпар бинолар қурилишида уларнинг шамолга бардошлилиги муҳим муаммолардан бирилигича қолмоқда. Биз бу борада барча синовлар, тажрибалар ва симуляцияларни ўтказдик. Уларда шамолнинг турли кучи ва йўналишлари ўрганилди.

Ўзбекистондаги илк осмонўпар бино қурилишида қўлланилаётган қурилиш материалларининг ҳажми ҳам унинг нечоғлик кенг кўламли ва мураккаблигидан далолат беради. Масалан, осмонўпар бино қурилишида М700 тоифадаги гранитдан ҳам мустаҳкам бўлган бетон ишлатилади.

Ўзбекистондаги илк осмонўпар бинонинг расмий номи жорий йилнинг 15 августидан кейин эълон қилинади.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда сейсмик ҳудудларни аниқловчи илк қурилма яратилди

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.