Philips кўз учун безарар смартфонни тақдим этди

Philips кўз учун безарар смартфонни тақдим этди

Сир эмаски, смартфонлар кўз саломатлиги учун зарарли. Гап шундаки, улар экрани мовий рангдаги қисқа тўлқинли нурларни таратади. Ушбу нур кўз тўқималарига салбий таъсир кўрсатади. Philips компанияси мазкур масалага эътибор қаратиб, экранига соатлаб тикилса-да кўриш қобилиятига зиён етказмайдиган иккита смартфонини тақдим этди.

Philips компанияси янги Sapphire S616 ва Sapphire Life V787 смартфонларида инқилобий SoftBlue технологиясидан фойдаланди. Мазкур технология шарофати билан смартфон экранларида кўк нурлар таратиш ҳажми 86 фоизга камайди. Шунингдек, компания мутахассисларининг тасдиқлашича, суратлар сифати, экран ёруғлиги ва ранглар тўйинганлиги ўзгаришсиз сақлаб қолинган.

Philips Sapphire S616 смартфони 5,5 дюмли (1 дюм – 2,54 см) FHD-ҳажмли IPS-экран, MediaTek MT6753 процессори, 2 Гб тезкор ва 16 Гб ички хотира билан таъминланиб, унга 128 Гб гача microSD  хотира карталарини жойлаштириш мумкин. f/2.0 апертурали оптикага эга асосий орқа камераси 13 мегапикселни ташкил этса, олд камераси 2 Мп ҳажмли селфи суратларни олиш ва видеоқўнғироқларни амалга оширишга имкон беради. Смартфонга иккита сим карта жойлаштириш мумкин бўлиб, у LTE тармоғида ишлайди. Аккумуляторининг ҳажми эса 3000 мАс ни ташкил этади.

Philips Sapphire S616 смартфони Android 5.1 операцион системасида ишлайди ва Philips UI фирма интерфейсига эга. Янги маҳсулот 2015 йилнинг ноябрь ойидан сотувга чиқарилиб, унинг тахминий нархи 222 доллар бўлиши айтилмоқда.

Ноябрь ойида, шунингдек, Philips Sapphire Life V787 смартфони ҳам савдоларга чиқарилади. Бироқ унинг нархи ҳозирча номаълум. Смартфоннинг техник хусусиятлари Philips Sapphire S616 билан деярли бир хил. Аммо батареясининг ҳажми 5000 мАс га қадар оширилган. Шунингдек, янги маҳсулот компания томонидан ишлаб чиқарилган Xenium технологияси билан таъминланиб, суҳбат режимида смартфондан 47 соатгача автоном равишда фойдаланиш имкониятини тақдим этади.

Шу билан бирга, Philips Sapphire Life V787 5 дюмли FHD-экранга эга бўлиб, ундаги пикселлар зичлиги иккинчи смартфонга нисбатан юқорироқ ва 441 ppi`ни ташкил этади. 13 мегапикселли фотокамераси фазали автофокус билан таъминланиб, объектни “қўлга тушириш”га бор-йўғи 0,2 сония сарфлайди.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.