Полициячилардан ақлли юриш: АҚШ федерал агентлиги Apple AirTag қурилмаларидан кузатув воситаси сифатида фойдаланяпти

Полициячилардан ақлли юриш: АҚШ федерал агентлиги Apple AirTag қурилмаларидан кузатув воситаси сифатида фойдаланяпти

Ўтган йилнинг май ойида АҚШ чегарачилари Шанхайдан (Хитой) келган иккита пакетни топиб олишади. Бирининг ичида кукунни таблетка дори шаклида пресслаб берадиган машина, иккинчисида эса бир нечта дори бўёқлари бор эди. Улар ноқонуний гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарувчисига юборилган деб ўйлаган ҳолда чегарачилар Наркотикларга қарши кураш агентлигини чақиришади. Агентлик терговчилари эса қурилмаларни текширгандан сўнг уни мусодара қилиш ёки почтани қабул қилувчининг олдига бориш ўрнига улар кукунни прессловчи машина ичига Apple'нинг AirTag қурилмасини яширишади. Энди улар почтани кузатишлари мумкин.

Forbes нашри томонидан олинган қидирув ордеридан маълум бўлишича, бу федерал агентликдаги Apple компаниясининг жойлашувни кузатиш қурилмасидан кузатув воситаси сифатида фойдаланилган илк ҳолат ҳисобланади. Агентлиг нима сабабдан бошқа GPS кузатувчилари қолиб, айнан Apple'нинг AirTag қурилмасидан фойдаланганликларини очиқламаган, лекин қидирув ордерида прессловчи машинанинг аниқ жойлашуви ҳақидаги маълумотлар терговчиларга "шахслар гиёҳванд моддаларни ва/ёки гиёҳвандлик воситаларидан тушган маблағларни қаерда сақлаётгани, қўл остиларидаги моддаларни қаердан олишлари ва уларни бошқа қаерда тарқатишлари" ҳақида далиллар олиш имконини бериши ёзилган.

Бреди Уилкинс, Аризонанинг бош прокурор идорасидан яқинда нафақага чиққан терговчининг Forbes нашрига берган интервюсида айтишича, агентлик ўзларидаги GPS қурилмаларининг носозликлари, яъни баъзида ишлаб, баъзида ишламай қолгани учун ҳозирда AirTag'ларни синовдан ўтказаётган бўлиши мумкин. 

"AirTag осонроқ яширилиши мумкин ва гумондорларнинг уни топиш эҳтимоли камроқ", – дейди Бреди Уилкинс. У гумонланувчилар кузатув технологияларига қарши курашишда яхши бўлиб боришаётганликларини ва улар Apple қурилмасидан оғирроқ ва эътибор тортадиган қурилмаларни топиб олишларини қўшимча қилади.
 
Шуни ҳам айтиш керакки, Apple AirTag'лари бошқа қурилмаларга қараганда яхшироқ уланишга эга.  

Бироқ AirTag'лар полициячилар кутганидек натижани бермаслиги ҳам мумкин, чунки Apple ўзининг бу қурилмасидан яширин фойдаланишга қарши ҳимоя воситаларини ўрнатган. Бунга сталкерлар (бошқаларни таъқиб қилувчи одамлар) AirTag'лардан аёлларни кузатиш учун фойдаланганликлари ҳолатлари кўп бўлгани ва бу 2022 йил декабр ойида Apple'га қарши суд даъвоси билан якунлангани сабаб бўлган. Шундан сўнг, компания ўзининг iPhone смартфонлари эгаларига уларнинг яқинида номаълум кузатув қурилмаси аниқланганда огоҳлантириши учун янгиланиш чиқарди. Бундан ташқари, AirTag'лар узоқ вақт давомида эгасининг ёнида бўлмаганида сигналли овоз чиқаради.

Apple AirTag'лари Наркотикларга қарши кураш агентлигига жиноятни фош қилиш учун қанчалик ёрдам бергани номаълум. Берилган қидирув ордери агентликка қурилмани Массачусетс штати (почта юборилган туман) ва бошқа АҚШ штатлари бўйлаб кузатиш учун 45 кун муҳлат беради. Суд маълумотларига кўра, пресс-машинани қабул қилувчи шахс федерал судда жазоланмаган, бироқ, АҚШ Адлия бошқармаси унга давлат томонидан ҳукм ўқилганлигини тасдиқлаган.

Таъкидлаш жоизки, бу ҳолат таниқли Apple компаниясининг митти қурилмаси одамларга ўзларининг багаж ва бошқа нарсаларини кузатишнинг қулай усули таклиф қилишдан қандай қилиб жосуслик воситасига айланиб қолганини кўрсатади. 2021 йилда тақдим қилинган AirTag шу кунга қадар ҳам яхши, ҳам ёмон фойдаланиш ҳолатларини бошдан ўтказди десак муболаға бўлмайди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!