Сўзлайдиган китоблар

Сўзлайдиган китоблар

Ҳаётнинг шиддат билан ўтишини кўпчилик оқар дарёга қиёслайди. Мана шу қисқа умр давомида инсон учун моддият билан бир қаторда маънавий озуқа ҳам керак. Бундай озуқани эса ҳеч қандай восита китобчалик бера олмаслиги барчамизга аён. Аммо ҳозирги тезкор даврда китоб мутолааси учун етарлича вақт ажрата олмаётганимиз ҳам бор гап.
Замон мураккаблашгани сари оғиримизни енгиллаштирувчи воситалар шунча кўпаймоқда. Айтайлик, аудио китоблар ёрдамида бир вақтнинг ўзида бирор юмушни бажариш билан бирга турли йўналишдаги асарлардан ҳам баҳраманд бўлиш мумкин. Аудио китоб – бирор адабиётнинг сухандон ёки актёрлар томонидан ўқилган ҳамда овоз тасмасига кўчирилган нусхаси бўлиб, дунё миқёсида унга бўлган талаб кундан кунга ортиб бормоқда.

Масалан, улуғ ёшга етган бувим учун китоб мутолаа қилиш бирмунча мушкул. Шу кунгача уларга ўзларини қизиқтирган адабиётлардан ўқиб берар эдик. Аммо ҳар доим ҳам вақтимиз тўғри келавермасди. Ҳозир эса бувим истаган вақтларида “сўзлайдиган” китобларни тинглашлари мумкин.

Болалигимда оилавий узоқ сафарга отлансак, йўлда зерикмаслик учун ўзим билан китоб олиб кетардим. Аммо дадам транспорт воситасида китоб ўқиш кўз учун зарарли эканини таъкидлаб, бунга рухсат бермасдилар. Бугунги кунга келиб, аудио китоблар бутун йўл давомида мени нафақат зериктирмайди, балки, дунёқарашимнинг янада кенгайишига сабаб бўлади.

Аслида, уларни оммавий транспорт воситаларида, спорт билан шуғулланиш мобайнида, уйқу олдидан ёки уйда бирор юмуш билан банд пайтимизда, кимнидир кутаётганимизда ва шу каби кўплаб ҳолатларда ҳам тинглаш имкониятига эгамиз. Сухандон 250 – 300 бетдан иборат бўлган китобни ўртача саккиз-тўққиз соат ичида ўқиб тугатади. Демак, аудио китоблар вақтимизни тежашга анча ёрдам беради.

Кўзи ожизлар, ўқишни билмайдиган инсонлар ва болалар учун бу турдаги китоблар ҳақиқий совға бўла олади. Аудио китоблар тарихига назар солсак, аслида, улар урушлар мобайнида кўриш қобилиятини йўқотган инсонлар учун яратилганига (1931 йилда), кейинчалик бундай муаммоси йўқ одамлар орасида ҳам тарқалганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Ўтган асрнинг 80-йилларидаёқ, ғарб мамлакатларидаги нашриётларга босма китоблар билан бирга аудио асарларни ҳам “чоп этиш” ҳуқуқи берилган экан. Ҳозир хориждаги кўплаб нашриётларда аудио бўлимлари фаолият олиб бормоқда.

Муниса ҚОРАБОЕВА, талаба:
– ХХI аср – ахборот технологиялари асри. Маълумотлар шунчалик кўпки, уларнинг барчасини ўзлаштириб олишнинг имкони йўқ. Мана шундай бир даврда аудио китоблардан фойдаланиш тарафдориман. Ўзим ҳам уларга тез-тез мурожаат қиламан. Интернетда деярли исталган барча асарларнинг рус ёки инглиз тилидаги овозли нусхасини учратиш мумкин, бироқ ўзбек тилидаги аудио адабиётлар, афсуски, етарлича эмас. Уларни иложи борича кўпайтириш жоиз, деб ҳисоблайман. Негаки, ёшлар мазмунсиз қўшиқлар ўрнига келажакда асқотадиган асарларни эшитиб камол топишса, мақсадга мувофиқ бўларди…

Дарҳақиқат, биз ҳам ўзимиз истаган асарни она тилимизда тинглаш имконига эга бўлсак, қандай яхши! Қолаверса, аудио китобларни ишлаб чиқариш бутун дунё миқёсидаги энг даромадли йўналишлардан бири эканлиги ҳам аниқланган.
Шунга қарамай, бундай адабиётлар босма китобларнинг бутунлай ўрнини эгаллай олмайди. Яқинда Ватерло университетидаги бир гуруҳ руҳшунослар ўз тадқиқотлари билан буни исботлашди. Мазкур тадқиқотнинг 235 нафар иштирокчиси бир асарни уч хил кўринишда, яъни босма, электрон ҳамда аудио китобдан фойдаланган ҳолда ўқиб чиқди. Натижада, аудио ва электрон адабиётга нисбатан босма китобдан олинган маълумотлар кўпроқ ёдда сақланиши, ўқувчининг диққатини бир жойга жамлашга ёрдам бериши маълум бўлди. Бундан ташқари, асардаги сўзларни қандай ёзиш кераклигини билиб олиш имкониятининг мавжуд эмаслиги ва зарур жумлаларни қалам билан белгилаб қўя олмаслигимиз ҳам аудио китобларнинг камчиликлари саналади.

Бироқ сўзимиз аввалида таъкидланганидек, аудио китобларнинг афзалликлари ҳам бисёрдир. Узоқ вақт мобайнида китоб мутолаа қилиш кўзни толиқтиради, умуртқа поғонасининг нотўғри шаклланишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Аудио китоблар эса бундай ҳолатларнинг олдини олади. Улар, айниқса, болалар учун фойдалидир. Аудио форматдаги эртак китобларни тинглаш орқали, боланинг эшитиш қобилияти шаклланади, сўз бойлиги ортади, қандай ўқиш кераклигини, сўзларни тўғри талаффуз қилишни ўрганади, тасаввури кенгайиб, китобга бўлган қизиқиши ортади. Аудио адабиётлар чет тилларини ўрганишда ҳам катта ёрдам беради.

Баъзи овозли китоблар ўша асар муаллифи томонидан ўқилади. Табиийки, ундан бошқа ҳеч ким сўзларга айнан керакли оҳангни бера олмайди. Чунки фақат муаллиф сўз қайси маънода ишлатилганини билади. Бу эса асарни янада яхшироқ тушунишимизда кўмак беради. Асар мазмунига ҳамоҳанг тарзда турли (ёмғир ёғиши, чақмоқ чақиши ёки ёқимли мусиқа каби) товушлар янграб турадиган аудиолар ҳам борки, уларни эшитиш орқали асардаги воқеалар кўз олдимизда гавдаланади.

Юқорида айтилган хусусиятларга эгалиги учун ҳам аудио китобларни тинглаш қанчалик ёқимли, қулай ҳамда фойдали бўлмасин, юртимизда бу турдаги китоблар ҳали кенг тарқалиб улгурганича йўқ. Ушбу вазифани амалга оширишнинг фурсати етмадимикан?

Қуйидаги подкастни тинглаш орқали юртдошларимизнинг аудио китоблар ҳақидаги фикрлари билан танишишингиз мумкин.

Дилшодабону АВАЛБАЕВА

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!