Янги флагманлар: Huawei P60 серияси тақдим қилинди!

Янги флагманлар: Huawei P60 серияси тақдим қилинди!

Huawei компанияси ўзининг P60 сериясида учта янги флагман смартфонларни тақдим қилди. Булар Huawei P60, Huawei P60 Pro ва Huawei P60 Art моделлари бўлиб, улар бир-бирларига жуда ўхшаш лекин камера, батарея ва қувватланишда фарқ қилишади.

Уч мушкетёрлар бир хил экранга эга: 6.67 дюймли LTPO OLED дисплей FHD+ (1220×2700) резолюциясида ва 120 герцгача бўлган янгиланиш тезлигини қўллаб-қувватлайди. Экран Kunlun ойнаси билан ҳимояланган ва унинг остида бармоқ изи сканери мавжуд. Таъкидлаш жоизки, экран ён томонлари бироз қайрилган. Экранни ўраб турган қора рамка эса жуда ингичка ва уни деярли сезмайсиз. Шунингдек, экран юқори марказида жойлашган селфи камера ҳам уччала моделда бир хил – 13 MP (f/2.4).

Орқа камераларга ўтадиган бўлсак, барча моделларда улар учта, лекин улар бир-биридан бироз фарқ қилади. Уччала моделлар ҳам RYYB сенсори, f/1.4 дан f/4.0 гача бўлган ўн ўзгарувчили диафрагма ва OIS хусусиятларига эга 48 мегапикселли бир хил асосий камера билан жиҳозланган.

Ултра-кенг сенсорга келсак, бу ерда оддий ва Pro модел 13 MP да f/2.2 диафрагмали, Art модели эса худди шундай диафрагмада 40 MP линза билан таъминланган. Навбатда телефото камера – у P60 да 12 MP ва у f/3.4 диафрагма билан OIS хусусиятига эга. P60 Pro, ҳамда, P60 Art моделларига эса бундан яхшироқ, 48 MP да f/2.1 диафрагма, OIS ва 3.5× оптик ва 100× рақамли зум қобилятларига эга сенсор ўрнатилган.

Чапдан ўнгга: Huawei P60, Huawei P60 Pro ва Huawei P60 Art

Эътибор берган бўлсангиз, Huawei P60 нинг асосий камерасидан ташқари қолган иккита қўшимча камералари тўртбурчак шакл ичида жойлашган. Huawei P60 Pro моделида эса улар юмалоқ шакл ичида. Huawei P60 Art моделида эса учлик камера тизимини бир қарашда ҳақиқий оролчани эслатиб юборадиган ноодатий шаклда ўз ичига олган.

Камералардан ташқари Huawei P60 сериясидаги смартфонларининг яна бир эътиборли хусусияти шундаки, улар Beidou сунъий йўлдошлари орқали икки томонлама хабар алмашишни қўллаб-қувватлайди, яъни сиз смартфонда сунъий йўлдошга уланган ҳолда ҳам SMS юборишингиз, ҳам SMS қабул қилишингиз мумкин. Афсуски, ушбу функция фақат Хитойда ишлайди.

Huawei P60. Фото: Huawei

Huawei P60 сериясидаги уччов моделлар ҳам Snapdragon 8+ 4G чипсетида Harmony OS 3.1 версиясида ишлайди. Айтиш керакки, ушбу чипсет ўтган йилги Snapdragon 8+ Gen 1 нинг LTE версияси ҳисобланади. Смартфонлар бир-бирларидан доимий хотира бўйича ҳам фарқ қилишади. Бунда оддий модел 128/256/512 GB, Pro модел 256/512 GB, Art модел эса 512 GB, ҳамда, 1 TB хотира билан таклиф қилинади.

Huawei P60 Pro. Фото: Huawei

Смартфонларни бир-биридан ажратиб турадиган яна бир нарса уларнинг батареяси ва уни зарядлаш тезлигидадир. Huawei P60 ва Huawei P60 Pro моделлари 4,815 мА/соат батареяга эга бўлса, Huawei P60 Art бироз каттароқ, 5100 мА/соат батарея билан таъминланган. Оддий модел батареяси 66 Вт, Pro ва Art моделлар эса 88 Вт тезликда симли қувватланади. Уччовлон 50 Вт тезликда симсиз зарядлашни қўллаб-қувватлайди.

Huawei P60 Art олтин ва кўк рангларда. Фото: Huawei

Қўшимчасига смартфонлар NFC, инфрақизил нур узатувчиси ва сув, чангдан ҳимоя учун IP68 сертификатига эга. 3.5 мм симли наушник уяси ҳеч қайси моделда мавжуд эмас.

Huawei P60 ва Huawei P60 Pro оқ, сиёҳранг, қора ва яшил рангларда

Huawei P60 ва Huawei P60 Pro яшил, бармоқ изини сақламайдиган сиёранг, қора ва шу билан бирга Рококо стилидаги махсус оқ рангларда таклиф қилинади. Huawei P60 Art эса олтин ва кўк рангларда мавжуд. Нархлар қуйидагича:

  Huawei P60  Huawei P60 Pro Huawei P60 Art
128 GB 4488 юан (≈656 доллар)    
256 GB 4988 юан (≈729 доллар) 6988 юан (≈1021 доллар)  
512 GB 5988 юан (≈875 доллар) 7988 юан (≈1167 доллар) 8988 юан (≈1313 доллар)
1 TB     10988 юан (≈1605 доллар)

Huawei P60 серияси 9 май куни глобал бозорга тақдим қилиниши кутилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!