Юртимизда арзонлашган Хитойнинг учта кучли смартфони

Юртимизда арзонлашган Хитойнинг учта кучли смартфони

Хитойлик компаниялар муносиб смартфонларни ишлаб чиқаришни бошлаганларига анча бўлган. Улар бозордаги бош рақиблари бўлган Apple ҳамда Samsung компанияларининг мобил қурилмаларига қарши рақобат қила оладилар. Шу билан бирга, хитойлик флагманлар нисбатан ҳамёнга ҳам тўғри келадиган нархлар билан эътиборимизни тортиб келган. Айниқса, уларнинг тақдимотидан бир оз фурсат ўтса ва янги "меросхўр" тақдим қилинса, бу смартфонлар сезиларли даражада арзонлашадилар.

Қуйида сизга 2018 йилнинг биринчи чораги якунига келиб нархини анча "ташлаган" хитойлик учта муносиб смартфонлар билан таништирмоқчимиз.

Xiaomi Mi MIX 2 — деярли 1 миллион сўмга арзонлашган.

2017 йилнинг ноябрида Xiaomi компанияси тадим этган Mi MIX 2 флагмани олд панелининг 93 фоизи экрандан иборат бўлгани диққатга сазовор. 5,99 дюймли, 2160×1440 пикселли ва томонлар нисбати 18:9 ўлчамли дисплей юқори сифатли.

Смартфонда 8 ядроли, частота тезлиги 2,4 ГГц бўлган Snapdragon 835 процессори ва 6 гигабайтли тезкор хотира, 12 мегапикселли бош ва 5 мегапикселли олд камера, ток сиғими 3400 мА соат аккумулятор ўрнатилган.

Mi MIX 2 2017 йилнинг сўнггига қадар юртимизда 4.8 миллион сўмдан сотилаётган эди. Айни пайтда эса бу флагманни 3.7 миллион сўмдан харид қилиш мумкин.

OnePlus 5T — 700 минг сўмга арзонлашган!

OnePlus 5T — 2017 йилнинг ноябрида тақдим қилинган яна бир кучли флагман. Ундаги 6.1 дюймли экран матрицаси Optic AMOLED технологияси асосида тайёрланган ва пикселлар сиғими — 2160x1080 белгига тенг.

OnePlus 5T бош камераси 20 ва 16 Мп, олд камераси 16 мегапикселли сенсорлардан иборат. Унга ҳам ўтган йилнинг кучли чипи бўлган Snapdragon 835 ўрнатилган.

OnePlus 5T 2017 йилнинг охирларида юртимизда 4.8 миллион сўмдан сотилаётган эди. Айни пайтда уни 4 миллион сўмдан бошлаб харид қилишингиз мумкин.

Жиҳатлари
Дисплей: 6 дюймли, 2.5D эффектидаги Corning Gorilla Glass 5 шишаси билан қопланган;
Процессор: Snapdragon 835 — 8 ядро, 2,45 ГГц частотали;
Бош камера: қўш -- 20 Мп + 16 Мп, диафрагма F1,7;
Олд камера: 16 Мп;
Хотира: 6 ГБ / 8 ГБ тезкор, 64 ГБ / 128 ГБ доимий;
Аккумулятор: 3300 мА/ соат;
ОТ: Android 7.1.1 Nougat'нинг Oxygen OS талқини;
Ўлчами, вазни: 156,1x75x7,25 мм, 162 грамм.

Honor 9 — 600 минг сўмга арзонлашган!

2017 йилнинг 12 июнида тақдим қилинган Honor 9 илғор платформа, қўш сенсорли бош камера ва кўзни қувнатадиган дизайни билан ўзига хос. Гаджет илғор бўлиш баробарида, рақибларидан 2 баробар арзон.

5,15 дюймли (IPS матрица) Full HD сиғимли дисплей олд панелнинг 70 фоиз майдонини эгаллаган.

Смартфон 8 ядроли, частота тезлиги 2,4 ГГц бўлган Kirin 960 процессори, Mali-G71 видеокартасига эга. Бу процессор, шунингдек Huawei P10 ва Mate 9 флагманларига ҳам ўрнатилган.

Аккумуляторнинг электр токи сиғими 3200 мА соат бўлиб, смартфон USB Type-C универсал порти ҳамда Super Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувват олади.

Honor 9 ҳам қўш объективли бош камерага эга бўлган. Бу модуллардан бири 12, бошқаси 20 мегапикселли. Уларнинг апертураси f/2,2. Бу сенсорларнинг бири монохром — манзарани оқ-қора, бошқаси рангли суратга олади. Натижада, суратнинг динамик диапазони кенгайиб, деталларга бой бўлади.

Honor 9 олган суратлар сифатига кўра iPhone 7 Plus олган суратлар сифатидан асло қолишмайди.