Аккумулятор турлари: литий-ионли яхшими ёки литий-полимерли?

  •   DiMaX
  •  8514
  •  28.08.2017 12:41

Аккумулятор турлари: литий-ионли яхшими ёки литий-полимерли?

Смартфонингиз ёки планшетингиз қандай батареяда ишлашини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Афтидан, агарда Samsung’нинг Galaxy Note 7 фаблетлари аккумулятордаги носозлик туфайли ёниб кетишни бошламаганида, кўпчилик фойдаланувчилар батарея ҳақида ўйлаб ҳам кўришмасди. Биз аввалроқ уларнинг портлаши, бунинг сабаб ва оқибатлари, ҳимояланиш усуллари ҳақида мақола эълон қилганмиз. Бугун эса аккумуляторларнинг турлари хусусида сўз юритамиз.

Ҳозирги кунда мобил гаджетларда икки хил батареялар қўлланмоқда: литий-ионли (Lithium-Ion ёки Li-ion) ҳамда литий-полимерли (Lithium-Polymer ёки Li-po) аккумуляторлар. Булардан ҳар бирининг ўзига яраша хусусиятлари, устунликлари ва камчиликлари мавжуд.

Lithium-Ion аккумуляторлар

Ишониш қийин, аммо Li-ion технологиялари ҳали мобил телефонлар яратилмасидан бурунги даврдан – 1912 йилдан буён амалда. Лекин 1991 йилга келиб, мазкур технологияни Sony ўзлаштириб олгач, у тараққиётдан тўхтаган.

Li-ion батареялар энергия зичлиги юқорилиги билан ажралиб туради. Яъни, уларда ҳажм бирлигига тўпланадиган қувват литий-полимер батареяларга қараганда анча юқоридир. Шу билан бирга, унинг таннархи ҳам нисбатан арзон тушади. Булардан ташқари, Li-ion батареялар биринчи фойдаланишда қувватлашни талаб этмайди.

Lithium-Ion батареяларнинг қисқача тавсифи:

Кимёвий реакция: электролитга боғлиқ ҳолда ўзгариб туради;

Ишлаш ҳарорати: -20ºC дан то 60ºC гача;

Қўлланилиш соҳаси: уяли телефонлар, мобил ҳисоблаш қурилмалари;

Бошланғич кучланиши: 3,6 & 7,2;

Сиғимдорлиги: турлича, аммо одатда никель-кадмийли аккумуляторларга нисбатан икки карра катта;

Қуввати камайиши: бир текис;

Иш давомийлиги: 300-400 цикл;

Қувватлаш ҳарорати: 0ºC дан то 60ºC гача;

Сиғимнинг камайиб бориши: ойига -0.1%.

Умумий хусусиятлари: одатда қурилманинг ичида қувватлашга мўлжаллаб чиқарилади, аммо айрим ҳолларда қурилмадан ташқарида ҳам тўлдириш мумкин бўлади. Кимёвий тузилиши сабабли батарея фақат тўғри тўртбурчак шаклида ишлаб чиқарилиши мумкин. Никелли аккумуляторларга нисбатан енгил.

Lithium-Polymer аккумуляторлар

Мазкур технология илк бор 1970-йилларда ишлаб чиқилган. Қаттиқ полимер электролитдан ишланган илк батарея пластик плёнка кўринишида бўлган. Шу сабабли ҳам батареяларнинг бу тури шаклига кўра худди банк пластик карточкаси сингари юпқа кўринишда бўлатуриб, яхшигина ҳажмдаги қувватни ўзида сақлай билади. Шунингдек, литий-полимерли аккумуляторлар жуда енгил ҳамда хавфсизлик даражаси ҳам юқори. Бироқ бу батареялар ишлаб чиқарувчига бирмунча қимматга тушади. Шунингдек, унда қувват сиғимдорлиги ҳам Li-ion турдагисига қараганда камроқдир.

Lithium-Polymer батареяларнинг қисқача тавсифи:

Кимёвий реакция: электролитга боғлиқ ҳолда ўзгариб туради;

Ишлаш ҳарорати: паст ва юқори ҳароратларда ҳам яхши самарадорликни намоён этади;

Қўлланилиш соҳаси: уяли телефонлар, мобил ҳисоблаш қурилмалари;

Бошланғич кучланиши: 3,6 & 7,2;

Сиғимдорлиги: батареяга боғлиқ ҳолда турлича, аммо стандарт литий-ионли аккумуляторларга нисбатан кичикроқ;

Қуввати камайиши: бир текис;

Иш давомийлиги: 300-400 цикл;

Қувватлаш ҳарорати: 0ºC дан то 60ºC гача;

Сиғимнинг камайиб бориши: ойига -0.1%.

Умумий хусусиятлари: фақат қурилманинг ичида қувватлашга мўлжалланган, қурилмадан ташқарида тўлдириб бўлмайди. Никелли аккумуляторларга нисбатан енгил. Турли шаклларда ишлаб чиқариш имконияти мавжуд.

Юқоридаги кўрсаткичларни ўзаро солиштириб, қуйидагиларни айтиш мумкин: литий-полимерли батареялар нисбатан чиройли ва юпқароқ, яна шакли исталганча бўлиши мумкинлиги ҳам уларнинг устунлигидир. Бироқ литий-ионли аккумуляторлар ўзига кўпроқ қувват сиғдира олиши жиҳатидан барибир юқори. Шунингдек, уларнинг таннархи паст эканлиги ҳам муҳим аҳамиятга эга, зеро, бу кўрсаткич смартфонсозлар учун батареянинг қиймати, якуний истеъмолчи – фойдаланувчи учун эса смартфон ёки планшетнинг нархи арзон бўлишини таъминлаб беради.

 Яна айтиш керакки, Samsung, Apple, Motorola ва шу каби мобил қурилмалар бозорининг илғор иштирокчилари ҳам ўз гаджетларига Lithium-Ion туридаги аккумуляторларни ўрнатишади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.