Алифбони ислоҳ қилиш Ўзбекистонга ҳафтада 1 миллиондан ошиқ соатни тежаш имконини беради

  •   DiMaX
  •  753
  •  10.10.2018 09:45

Алифбони ислоҳ қилиш Ўзбекистонга ҳафтада 1 миллиондан ошиқ соатни тежаш имконини беради

Алифбони қандай ислоҳ қилиш юзасидан турли хил ва баъзан бир-бирига зид фикрлар билдирилган бўлса ҳам, аксарият мутахассис ва оддий фойдаланувчилар икки белгили ҳарфлар («ch», «sh», «o‘» ва «g‘») ёзувимиздаги энг катта муаммо ва ноқулайликларга сабаб бўлаётганини таъкидлашмоқда. Бу ҳарфлар юзасидан билдирилган таклифларнинг умумий кайфияти шуки, уларни бир белги билан алиштириш зарур.

ЎҚИНГ: Клавиатурадаги ҳарфлар нега алифбо тартибида эмас?

Менинг бу ҳарфларни бир белги билан ифодалашга бўлган муносабатимдан қатъи назар, ушбу мақолада бундай ислоҳот бизга қанчалик фойда келтиришини ҳисоблашга уриниб кўраман. Мақола мақсади учун бу ҳарфлар қайси белгиларга алмаштирилиши аҳамиятсиз – асосийси, икки белги ўрнига бир белги ишлатилса кифоя.

Ўзбек тилидаги интернет-контент сифатини кўтариш мақсадида яратилган https://imlo.insof.uz кўнгилли лойиҳаси базаси асосида мен ўзбек тилида кўп фойдаланиладиган 400 мингдан ортиқ сўз рўйхатини тузиб чиқдим. Рўйхатга барча туркумлар, турланган ва тусланган сўзлар, атоқли отлар – хуллас, ёзма нутқимизни ташкил қилган жуда кўп сўзлар киритилди.

Рўйхат асосида тилимизда ҳар бир белги қанча улушга эга эканини ҳисобладим (бир ҳарфнинг катта ва кичик кўринишлари бирдек ҳисобга олган ҳолда). Менинг ҳисоб-китобларимга кўра, ёзма нутқимизнинг 14 фоизини – «а» ҳарфи, 13 фоизини – «и» ҳарфи, 8 фоизини – пробел, 8 фоизини – икки белгили ҳарфлар ва қолган 57 фоизини – бошқа ҳарф ва белгилар ташкил қилар экан.

Юқоридагидан келиб чиқадики, икки белгили ҳарфлар бир белгига ўзгартирилса, компьютер ёки мобил ускуналарда матн теришда бажариладиган тугма босишлар сони 4 фоизга қисқаради (яъни, 8 фоизнинг ярмига – чунки бу ҳарфларни териш учун иккита эмас, энди битта тугма босилади). Демак, ёзувимиздаги икки белгили ҳарфларни ислоҳ қилиб, биз матн теришда 4 фоиз вақтимизни тежаб қоламиз.

Бу кимгадир жуда кичик рақамдек кўриниши мумкин, аммо мамлакат миқёсида олиб қаралса, 4 фоиз жуда катта аҳамиятга эга. Буни яққол тушуниш учун, қуйидаги жадвалга эътибор қаратайлик:

 

Ҳарфий ифодаси / ҳисоблаш формуласи

Миқдори

Икки белгили ҳарфлар бир белгига ўзгартирилса, матн теришда тугмаларни босиш миқдори қисқариши

Q

4%

Битта тугмани босишга сарфланган вақт (сонияда) [1]

T

0.3

Одатий фойдаланувчи томонидан бир ҳафтада бажариладиган тугма босишлар миқдори [2]

B

20,000

Ўзбекистондаги интернет фойдаланувчилари миқдори [3]

F

20,000,000

Бир ҳафтада Ўзбекистон бўйлаб бажариладиган жами тугма босишлар миқдори

B х F

400,000,000,000

Икки белгили ҳарфлар бир белгига ўзгартирилса, бир ҳафтада Ўзбекистон бўйлаб жами тежаб қолинадиган вақт (соатларда)

(B х F х T х Q) / 3600

1,290,344

Сўз билан айтганда, Ўзбекистонда бир ҳафтада клавиатура тугмалари 400 миллиард марта босилади. Агар икки белгили ҳарфлар бир белги билан ифодаланса, биз бир ҳафтада клавиатура тугмаларини тахминан 16 миллиард марта камроқ босамиз. Ўртача фойдаланувчи бир сонияда клавиатура тугмасини 3 марта босади, деб олсак, бу – ҳафтасига халқимиз матн теришга 4.5 миллиард сония камроқ вақт сарфлайди, дегани. Соатларда ифодаласак, бу кўрсаткич жамиятимиз электрон қурилмаларда матн теришга ҳафтасига тахминан 1 миллион 250 минг соат камроқ вақт сарфлайди, деганидир.

Ҳар ҳафтада шунча вақт тежалишидан жамиятга келадиган нафни баҳолашни мен бошқа иқтисодчиларга қолдираман. Албатта, бир нарсани ёдда сақлаш керакки, алифбони ислоҳ қилиш харажатларни ҳам талаб қилади. Жамият аста-секинлик билан ёзма нутқини (адабиёт ва илм-фанни) янги – қулайроқ алифбога ўтказгунча, маълум қийинчиликларга дуч келиши табиий.

Нима бўлганда ҳам, алифбони ислоҳ қилишдан келадиган наф ва зарарларни одилона баҳолаб, энг оптимал йўлни танлашимиз керак, деб биламан.

Жавлон Жўраев

Манба: texnoman.uz

ЎҚИНГ: Gboard клавиатураси янгиланди: қорақалпоқ тили, GIF-суратлар ва осон қидирув...