Аллақачон Galaxy S9 ва S9+ нуқсонларидан шикоят қила бошлашди

  •   DiMaX
  •  4116
  •  22.03.2018 15:27

Аллақачон Galaxy S9 ва S9+ нуқсонларидан шикоят қила бошлашди

Samsung компаниясининг Galaxy S9 ҳамда Galaxy S9+ флагманлари савдоси кутилмаган англашилмовчиликлар билан бошлангани ҳақида хабар бергандик. Энди эса ушбу смартфонлар харидорлари аллақачон улардаги дефектлардан шикоят қилишни бошлашган.

ЎҚИНГ: Galaxy S9 савдоси «ишкал» билан бошланди, Samsung аллақачон узр сўради

Жанубий кореялик гигантнинг янги смартфонларида сенсор экранда камчиликлар учраяпти экан. Ижтимоий тармоқларда ҳамда расмий форумларда фойдаланувчиларнинг ёзишларича, дисплейларда тегинишларни қабул қилмайдиган «ўлик ҳудуд»лар пайдо бўлиб қолмоқда. Шикоятларнинг аксарияти Samsung Galaxy S9+ моделига тегишли, лекин Galaxy S9 смартфонида ҳам шу муаммо мавжуд.

Кузатувчиларнинг фикрича, мазкур муаммо қурилмаларнинг дастурий таъминотига эмас, балки аппарат қисмига тегишли. Чунки смартфоннинг созламаларини дастлабки ҳолатга қайтаргандан сўнг ҳам нуқсон йўқ бўлмаяпти. Экраннинг турли ҳудудлари сезгирликни йўқотиши мумкин ва айнан қаерни ишламай қолишини олдиндан билиб бўлмайди.

ЎҚИНГ: Экрандаги «ўлик» пикселларни текшириш

Айрим фойдаланувчилар дисплейнинг юқори қисмида «ўлик ҳудуд»лар юзага келганидан нолишган, бошқалар эса – пастки ёки ўрта қисмида. Қизиғи – ишламайдиган ҳудудлар кўп ҳолларда горизонталига жойлашган. Бу эса телефонни ишоралар воситасида бошқаришда янада яққол сезилаётир. Шунингдек, вертикал клавиатура ҳолатида матн теришда ҳам бу нуқсон керакли сўзни ёзишга имкон бермай қўймоқда.

Samsung компанияси ҳозирча ушбу муаммога бирор изоҳ бергани йўқ. Бундан ташқари, кафолат бўйича смартфонни бошқасига алмаштириб олишга ҳаракат қилган харидорлар яна бир муаммога дуч келишаётир: «trade-in» дастури бўйича олинган қурилмага бундай кафолат шартлари жорий этилмас экан.

Нима ҳам дердик, агарда сиз ҳам жанубий кореялик техногигантнинг сўнгги флагманларидан сотиб олмоқчи бўлсангиз, яхшилаб текшириб, кафолат шартларини аниқлаштириб ва асосийси – ишончли сотувчилардан харид қилганингиз маъқул.

ЎҚИНГ: Кучли смартфон брендлари билан расман ишлайдиган дўкон очилиши кутилмоқда

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.