Apple iOS 11’да Стив Жобснинг васиятига хиёнат қилмоқчи

  •   DiMaX
  •  1956
  •  05.06.2017 17:46

Apple iOS 11’да Стив Жобснинг васиятига хиёнат қилмоқчи

iOS 11 тақдимоти арафасида Apple компанияси ўзининг App Store иловалар дўконига Files иловасини жойлаштирди, аммо ҳозирча уни юклаб олиш имкони йўқ. Афтидан, у фойдаланувчига ўз қурилмасидаги файлларни марказлашган ҳолда бошқариш имконини беради. Айнан шу ҳолат эса компания асосчисининг бу хусусдаги қарашларига зиддир, деб ёзади The Verge нашри.

Apple бугун WWDC 2017 конференциясида iOS 11 операцион тизим версиясини тақдим этади ва янги – Files иловаси шунда ишлаши эҳтимоли юқори. Илованинг муаллифи Apple’нинг ўзи бўлиб, ҳозирча уни кўчириб олиш ва қурилмага ўрнатиш имкони тақдим этилмаган. 64 битли мазкур иловани дастурчи Стив Трафтон-Смит пайқаб қолган.

Номига қараганда, янги дастур ўзига хос файл менежери бўлса керак. Кўринадики, компания фойдаланувчиларнинг қурилмаларидаги файлларнинг бошқаруви борасидаги ўз ёндашувини ўзгартиришга қарор қилган. Биринчи iPhone чиқарилганидан буён iOS тизимида марказлашган файл менежменти мавжуд эмас. Фойдаланувчи файлларга турли иловалар ва «булутли» сервислар орқали киради. Файллар тизимига тўғридан-тўғри киришнинг тақиқланиши ғояси Apple асосчиси ва бош мафкурачиси Стив Жобсга тегишли. Унинг қарашларига кўра, оддий фойдаланувчига файл менежерининг кераги йўқ, бу – профессионаллар иши бўлиши керак. Энди эса, орадан ўн йил ўтиб, компания бу масалада ўз асосчисининг қарашларига қарши чиқаётир.

Файлларни бошқариш масаласида iCloud Drive иловаси сал янгилик бўлган, аммо бунинг учун файллар қурилмада эмас, балки iCloud Drive’нинг ўзида бўлиши лозим.

Биламизки, iOS’дан фарқли равишда, Android тизимида файлларни бошқариш анча эркин. Фойдаланувчиларга уларни анъанавий файл менежерлари орқали ҳам, турли «булутли» сервислар орқали ҳам бошқариш имкониятлари тақдим этилган.

Хуллас, Apple ўз фалсафасини чиндан ўзгартирадими-йўқми, бунга тез орада аниқлик киритилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!