Apple iPhone 7 ва Watch Series 2 соатини сув остида синаб кўришди (Видео)

Apple iPhone 7 ва Watch Series 2 соатини сув остида синаб кўришди (Видео)

Яқинда тақдим этилган Apple iPhone 7 сув ва чангдан IP67 стандарти бўйича ҳимояланганлиги ҳақида хабарингиз бор. Ушбу стандартдаги қурилмалар 1 метргача бўлган чуқурликдаги сувда 30 дақиқагача қолдирилиши мумкин. Аммо бу энг максимум кўрсаткичлар бўлиб, имкони борича телефонни йирик сув ҳавзаларига олиб тушмаслик тавсия этилади. Бироқ компания ўз рекламаларида телефонларнинг сувга чидамли эканига катта урғу берган (IP68). Бу эса кўпчиликнинг киноясига сабаб бўлган. Айниқса, сув тегиши натижасида носоз бўлган янги iPhone‘ларга кафолат хизмати кўрсатилмаслиги ҳақида хабар тарқалгандан кейин мижозларнинг танқид ва эътирозлари янада кўпайган.

Apple Watch Series 2 эса 50 метргача бўлган сувга тушиб кетиб, омон қолиши мумкин. Қайтарамиз, бу кўрсаткич ҳам соат учун энг максимум бирлик ҳисобланади.

Янги қурилмаларнинг сувга чидамлилигини текшириш ва вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида The Wall Street Journal нашрининг мухбири Джоанна Стерн шахсий синов ўтказди.

Роликда журналист смартфоннинг IP67 ҳимоясига эгалиги ҳамда сув сачрашлари ва маълум сув ҳавзаларига тушиб кетган тақдирда (агар тезда чиқариб олинса) зарарланмаслигини тушунтиради. Унинг айтишича, телефонни 3 метрдан кўп чуқурликка олиб тушиш қурилмага салбий таъсир этиши мумкин.

Apple Watch Series 2 гарчи кучли ҳимояга эга бўлса-да, ундан сув ости спортларида (дайвинг) фойдаланиш тавсия этилмайди. Роликда соат сув остида яхши ишлаши ва ҳатто ҳаракат тезлигини аниқлашини кўриш мумкин.