Apple’нинг “келажак” штаб-квартирасига кўчиш вақти айтилди

Apple’нинг “келажак” штаб-квартирасига кўчиш вақти айтилди

Apple компанияси яқинлашиб келаётган апрель ойида янги, Apple Park деб ном олган штаб квартира ҳудудининг эшикларини ходимлари учун очади. Кампус гўёки ижодий ва ҳамкорликдаги яратувчанлик ғоялари туғиладиган илғор марказ сифатида бунёд этилган. Сан-Францискодаги Санта-Клара водийсида, яъни “Кремний водийси” деб ном олган ҳудуд марказида жойлашган, йирик доира шаклида қад ростлаган 4 қаватли бино яшилликка бурканган.

Apple Park ҳудудида компания асосчиси Стив Жобс номига қўйилган театр фаолият кўрсатади. Стив Жобс мазкур футуристик штаб квартира ғоясини 2011 йилда, ўлимидан 4 ой аввал олға сурган эди.

“Мажмуа Стив Жобс ишлаб чиққан Apple Park концепцияси асосида қурилмоқда. Стив Жобс доим Apple Park келажак авлод учун инновация маркази бўлиши кераклигини таъкидлар эди”, — дейди Apple корпорациясининг ҳозирги раҳбари Тим Кук.

Кампусда ахборот маркази, Apple Store дўкони, ташриф буюрувчилар учун қаҳвахона, ходимлар учун фитнес-центр, ишланмаларни ишлаб чиқиш учун ва тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган ёпиқ бинолар бўлади.

Apple’га 12 минг ходим билан янги иш жойига кўчиб ўтиш учун ярим йил керак бўлади. Қурилиш ишлари ёзгача давом этади. Штаб квартира қурилиши учун 5 миллиард доллар маблағ сарфлангани айтилмоқда.