Apple’нинг унутилган 10 маҳсулоти + бонус

  •   DiMaX
  •  2370
  •  06.04.2017 16:13

Apple’нинг унутилган 10 маҳсулоти + бонус

Стив Жобс Apple’га қайтганидан буён «Олма» кетма-кет хит маҳсулотлар чиқариб келаётир: iMac, iPod, iPhone, iPad кабиларнинг ҳар бир янги модели чиқиши катта шов-шувларга сабаб бўлаётир. Аммо компаниянинг 40 йиллик тарихида ҳар хил вазиятлар бўлганини кўпчилик билмаслиги мумкин: унинг айрим гаджетлари ўта муваффақиятсиз чиққан, баъзилари эса замондан илгарилаб кетган.

Бугунги тўпламимизда Apple’нинг ўнта ғоясини ёдга оламиз – уларнинг баъзи бирлари бугунги кунга келиб унутилган, айримларини эса умуман эшитмаган бўлишингиз ҳам мумкин.

Apple iPod+HP

iPod сингари ўзининг мусиқий плеерини ишлаб чиқарган компания биттагина Apple эмас. 2004 йили у Hewlett-Packard (HP) билан битим тузиб, ҳамкорликда HP iPod (ёки Apple iPod+HP) ишлаб чиқаришга келишиб олишди. Ўша даврда Apple’нинг чакана харидорлари ҳозиргидек кўп эмас эди, HP’нинг эса портатив мусиқий плеери йўқ эди. Шу боис иккала компания ўз кучларини бирлаштиришга қарор қилишди, натижада «Олма» HP компаниясининг чакана савдо тармоқларидан фойдаланди, HP эса «ўз» мусиқий гаджетига эга бўлди.

Бироқ бу ҳамкорлик бир йилгина давом этди. Муносабатларга барҳам берилишига сабаб қилиб Aplle Store’да плеерларга сервис хизмати кўрсатмагани айтилади. Зеро, Apple iPod+HP расман Apple эмас, балки HP’га тегишли эди.

Apple MacPhone

Мазкур стационар телефон 1982 йили ишлаб чиқилган. Apple’га ягона ва таниш осон бўлган дизайн керак бўлганида, Стив Жобс немис дизайнери Хармут Эсслингерни ёллаган. Унинг концептуал ишланмаларидан бири – Apple’нинг услубига мос келувчи ва Mac операцион тизими билан жиҳозланган шу Apple MacPhone бўлган. У оммавий ишлаб чиқаришга жорий этилмаган, лекин бугунги кунда оммалашган iPhone учун прототип бўлиб хизмат қилган.

iPod учун «пайпоқлар»

Бу – «Олма»нинг плеерлари учун пайпоқ шаклида махсус ишлаб чиқарилган ғилофдир. iPod пайпоқлари савдоси 2004 йили бошланган, ўшанда 6 донадан иборат битта тўплам нархи $29 қилиб белгиланган. Ғилофларни ишлаб чиқариш 2012 йили тўхтатилган.

Созланадиган клавиатура

1993 йили компания Apple Adjustable Keyboard деб номланган созланувчи клавиатурани ишлаб чиқарди. Уни ҳарф териш қулайроқ бўлиши учун иккига ажратиш мумкин эди. Шу опцияси туфайли унинг нархи $219 бўлган, бугунги кундаги ўлчамлар бўйича эса бу $369 га тенгдир. Кўриб турибсизки, шунчаки ҳарф теришдаги қулайлик учун бу анчагина катта нарх.

iPod Hi-Fi

Бу – iPod плеери билан биргаликда мусиқани янгратишга мўлжалланган акустика тизими қурилмасидир. Мазкур маҳсулот 2006 йили бозорга чиқди ва бир ярим йилгина ўзини ушлаб тура олди. Унда энг муҳим қисмлар (аккумулятор батареясини қувватлаш имкони, AM/FM радио-тюнери ва янги iPod моделларига мослик) етишмаслиги жуда кўп танқидларга сабаб бўлди. Тағин, шунча камчиликлари билан ҳам қурилма нақ $349 турган! Apple компаниясининг расмий баёнотига кўра, iPod Hi-Fi ишлаб чиқарилишининг тўхтатилишига сабаб – барча кучларни iPod ва iPhone’га қаратишга қарор қилинганидир.

Apple Time Band

1991 йилги бу маҳсулот ҳозирги Apple Watch’нинг аждоди ҳисобланади. Ўшандаёқ Apple Time Band концепцияси Япониянинг Axis журналида тақдим этилган: чўнтак шахсий компьютерини худди соат каби қўлда тақиб юриш мумкин эди.

eWorld

1990-йилларда America Online (AOL) интернет-провайдерининг ташкил этилиши ва тез ривожланишини кўрган Apple ҳам Mac фойдаланувчилари учун ўз онлайн-сервиси – eWorld’ни яратишга қарор қилди. Унинг ёрдамида Mac фойдаланувчилари интернет тармоғига уланишарди, улар ўз почта операторлари ва эълонлар тахтасидан фойдаланишлари, шунингдек, янгиликларни олиб туришлари мумкин эди. Сервис кўп яшамади, чунки Apple компанияси AOL билан рақобатга дош беролмади. Бунинг сабаблари бор, асосийлари: eWorld онлайн-сервисини фақатгина Mac фойдаланувчилари ишлата оларди, тағин бу сервисда веб-браузер йўқ эди.

eMate 300

Apple 1997 йили ҳамёнбоп шахсий чўнтак компьютери – сенсор экранли eMate 300’ни яратди. Apple Newton OS операцион тизимида ишловчи бу қурилма матнни териш ва қайта ишлаш, шунингдек, эскизлар яратишга мўлжалланган эди. Лаптоп нархи $799 этиб белгиланганди. eMate 300 ишлаб чиқарилиши компанияга Стив Жобснинг қайтиши билан тўхтатилди – барча кучлар iMac ишлаб чиқарилишига йўналтирилди.

Flower Power iMac

2001 йилнинг бошида Apple компанияси антиқа ишга қўл урди – «гулли» Flower Power iMac компьютерлар сериясини ишлаб чиқарди. Балки, Стив Жобс ўтган асрнинг 60-йилларини ҳамда ўзининг хиппи бўлиб юрган дамларини қўмсаб қолгандир… Нима бўлганда ҳам, янги сериянинг дизайни харидорларга унча маъқул келмади ва ярим йил ўтмасдан, компьютер ишлаб чиқаришдан олинди. Айнан у билан бир вақтда ишлаб чиқарила бошлаган нафис ҳаворанг Blue Dalmatian iMac сериясини ҳам шу тақдир кутарди.

Macintosh Bashful

Apple томонидан ўтган асрнинг 80-йилларида яратилган планшет прототипи шундай номланган. «Bashful» сўзи инглизчада «камтар, сипо» маъноларида бўлиб, Дисней мультфильмидаги етти гномдан бирининг номидир. Номи камтаргина бўлса-да, прото-планшетнинг мақтанишга арзигулик жиҳатлари бор эди. Жумладан, унга клавиатура улаш имкони, яна флоппи-дисклар учун дисковод мавжуд эди. Мониторнинг (сенсор экраннинг!) ўзида ёзиш учун ручка ҳамда қурилмани ушлаш учун тутқичи ҳам бор эди. Энг қизиғи, шу қурилмадан 25 йил ўтибгина бизга таниш iPad планшетлари ишлаб чиқилган.

Бонус: Apple ишқибозлари учун…

Стив Жобс ўзи яратган компаниядан кетганидан сўнг, 1986 йили унинг собиқ ҳамкасблари янгича бир ишга қўл уришди. Яъни, Apple компанияси The Apple Collection линиясидаги лайфстайл-продукт – ўз бренди остидаги кундалик турмуш маҳсулотларини ишлаб чиқарди. Apple номида энди гаджетлар ёки қурилмалар учун аксессуарлар эмас, балки толстовка, камар, кроссовка, куртка, буклама пичоқ, ўйин қарталари ва бошқаларни ишлаб чиқаришди. The Apple Collection линиясида ҳатто компания логотипи туширилган елкан ҳам бор эди. Улар шу билан тўхтатишди ва кучларини «Олма»нинг асосий дастурларию маҳсулотларига йўналтиришди.

Биз эса Apple ишқибозлари учун сўнгги янгиликлар ва турли маълумотлар жамланган мақолаларни тақдим этиб боришдан чарчамаймиз, сайтимиздан узоқлашманг!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!