Apple ва Google муваффақиятининг учта сири

  •   DiMaX
  •  2056
  •  12.04.2017 11:58

Apple ва Google муваффақиятининг учта сири

Apple, Netflix ва Google компаниялари исталган ўртача компаниялардан кўра 40 фоизга самаралироқ. Бунда гап фақат юқори малакали мутахассисларни ишга олишдагина эмас.

– Биздаги маълумотларга кўра, бу компанияларда «юлдуз ўйинчи»лар 16 фоизни ташкил этади, қолган компанияларда эса бу кўрсаткич 15 фоизга тенг, – дейди Bain & Company ҳамкори, бошқарув консалтинги бўйича мутахассис Майкл Мэнкинс.

Гап шу ходимларнинг иши қандай ташкил этилганида.

Бошқа ишчилар бир ҳафтада эплайдиган ишларни мазкур ходимлар пайшанба куни соат ўнларгача якунлаб улгурадилар, ва энг муҳими – шу билан ишни тўхтатиб қўймайдилар. Ушбу фарқ йиллар бўйи тўпланиб бораверади ва ўн йилдан сўнг компания, ишчи-ходимлар сонини оширмаган ҳолда, бошқа компанияларга нисбатан 30 карра самарадорроқ ишлайди.

Майкл Мэнкинс

Яхши ходимларни тўғри тақсимлаш

Ўртача компанияда одатда истеъдодли ходимларни турли лавозимларга тенг миқдорда тақсимлашади. Google ва Apple кабиларда эса, бошқача стратегияга амал қилишади. Уларда бизнесни ривожлантириш учун энг муҳим бўлган лавозимларни белгилаб олишади ва уларнинг 95 фоизига юқори малакали мутахассисларни тайинлашади. Бошқа лавозимларда эса «юлдуз ўйинчи»лар камроқ бўлади.

Мэнкинс мисол сифатида Apple ва Microsoft компанияларида 2000-йиллар бошида ҳосил бўлган вазиятни келтиради. iPhone OS’нинг илк версиясини ишлаб чиқиш, текшириб кўриш ва жорий этиш учун Apple’га 600 нафар дастурчи ҳамда икки йилдан камроқ вақт кифоя қилди. Microsoft эса 10 000 нафар (!) дастурчи билан Windows Vista тизимини беш йилдагина чиқара олди. Мэнкинснинг фикрича, буни ташкилотчиликка ёндашувдаги фарқ билан изоҳлаш мумкин.

Шу билан бирга, Apple’да ходимлар фақат жамоа бўлиб ишлагандаги натижаларга кўра мукофотланган. Microsoft’да бўлса рағбатлантириш тизими ходимнинг якка тартибдаги иш самарадорлигига асосланган. Кейинроқ эса Microsoft ҳам бу услубдан воз кечган.

Ташкилий ишларни қисқартириш

Ўртача компанияларда ходимлар ўз кучларининг 25 фоиздан кўпроғини ташкилий ишлардаги сансалорлик, қоғозбозликларга сарфлаб юборишади. Айниқса, харажатларни бошқаришга кўп вақт кетади.

– Кўпчилик компанияларда харажатларда чекловлар, ҳисоботлар, текширувлар мавжуд, – дея изоҳлайди Мэнкинс. – Netflix’да эса бунақа нарсалар йўқ. Ягона қоида мавжуд – Netflix манфаатлари йўлида ҳаракат қилиш. Компания ўз ходимларига шундай дейди: «Биз сизнинг бу ерда компания ҳисобидан яшаш учун ўтирмаганингизга ишонамиз ҳамда ходимларнинг вақти ва кучини олиб қўядиган ташкилий жараёнларни жорий этмаймиз».

Қачонки ходимлар ташкилий масалаларга чалғийверишмаса, шундагина самаралироқ ишлашади.

Майкл Мэнкинс

Илҳомлантирувчи раҳбарият

Ўз ишидан қониққан ходимлардан кўра, ишидан манфаатдор ходимлар 44 фоизга самаралироқ ишлашади. Аммо ўз ишидан илҳомланувчи ходим эса, шунчаки қониқиб ишлайдиганига нисбатан 125 фоизга самаралироқ фаолият юритади! Шу боис ҳам, ўзининг кўпроқ ходимларини илҳомлантира олган компаниялар бошқаларига нисбатан муваффақиятлироқ.

– Истеъдод – бу ҳали ҳаммаси эмас, – дейди Мэнкинс. – Бир киши бутун компаниянинг муваффақиятига таъсир ўтказа олмайди. Истаганча янги истеъдод эгаларини ёллаб келтираверинг – улар компанияда азалдан ўрнашиб қолган иш жараёнларига кўникиб олишса, бу қадамингиздан наф чиқмайди. Энг самарадор компанияларда бир нечта истеъдодли ходимларга эмас, балки бутун жамоага эътибор қаратишга интилишади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!