Asus Zenbook UX305: Ўзбекистонда талаб юқори бўлган ноутбук

Asus Zenbook UX305: Ўзбекистонда талаб юқори бўлган ноутбук

Бугунги хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчи компанияларнинг таниқли брендларнинг маҳсулотларидан анча арзон, шунингдек нисбатан рақобатбардош бўлган мобиль қурилмалар ишлаб чиқариш орқали машҳур бўлиш сиёсатининг самарадорлиги хитойлик компанияларга қадар Тайваннинг ASUSTeK Computer Inc. компанияси фаолияти мисолида ўз исботини топган. Компания айнан ҳамёнбоп ва сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқариб, бир неча йиллар илгари жаҳон технологиялар бозорини забт этган.

Asus 2011 йилдан бошлаб “Zenbook” туркумидаги ихчам ва юпқа ноутбукларни ишлаб чиқармоқда. Жумладан, UX21E ва UX31E ноутбуклари халқаро эътирофга эришган илк юпқа ва енгил ультрабуклар бўлишган. Айнан мазкур гаджетлар “Zenbook” брендини оммалашишига хизмат қилган. ASUS йиллар давомида мазкур туркум ноутбукларини янги технологиялар билан таъминлаб, уларга хос илғорликни сақлаб қолишга муваффақ бўлган. Хусусан, бугун “UX305” рақами остида ишлаб чиқарилаётган ультрабуклар 12.3 мм юпқаликдаги ҳайратланарли алюминий корпусга эга. У бу борада Dell XPS 13, HP EliteBook Folio 1020 каби илғор ноутбуклардан ҳам ўзиб кетган.

Asus’нинг ижод маҳсули бўлмиш Zenbook UX305FA-ASM1 халқаро бозорда $699 доллардан сотилмоқда. Amazon онлайн савдо дўконининг маълум қилишича, у жаҳон миқёсида энг кўп сотилаётган ноутбуклар сирасига киради. Шунингдек, ўрганишларимиздан маълум бўлдики, “Малика” технологиялар сотишга мўлжалланган савдо мажмуасида ҳам мазкур ноутбукларга талаб юқори экан.

Дизайн

Asus доимо Zenbook’ларни кўркам қиёфада ишлаб чиқаришга диққат қилади. Жумладан, UX305FA-ASM1 ноутбуки ҳам бундан мустасно эмас. Юпқа ром ва ҳошиялар, нафис корпус ноутбук харидорларини бир зумда ўзига жалб қилади. Ундаги ҳошия ва бурчаклар ўзаро уйғун, ясси кўринишда.

10 9 8

12.3 мм қалинликдаги ноутбук 1.2 Кг тош босади. Ўлчамлари Amazon’да  $838.90 доллардан сотилаётган Lenovo Yoga 3 Pro’нинг ўлчамлари билан бир хил. Шу билан бирга, халқаро бозорда $1,349.99 доллардан сотилаётган Dell XPS 13 Touch’дан, шу билан бирга Apple MacBook Air (1.3 кг) ультрабукидан енгилроқ.

Тўғри, бу арзимас жиҳатлар бўлиши мумкин, аммо нисбатан ўхшаш ва имконияти Zenbook’ларга яқин ноутбуклар учун таниқли брендлар бозорда икки баробар кўп нарх сўрашмоқда.

 

Дисплей

Asus Zenbook UX305FA-ASM1 13 дюймли ҳамда full HD (1,920 – 1,080 пиксель) сиғимли замонавий дисплей билан таъминланган. У In-Plane Switching, яъни кенг бурчакли ва рангли тасвир узатиш қобилиятига эга IPS платформада ишлайди.

Экранда жорий қилинган махсус функция боис экран шуъласи кўзни олмайди ва ёруғ шароитда ҳам экранни ортиқча соялардан ҳимоя қилади.

Экранда сенсор технологияси мавжуд эмаслиги боис унга Windows 8.1 операцион тизими ваъда қилаётган сенсорли интерфейсни ўрната олмайсиз.

Ноутбук қаршисидаги асосий вақтини видео ёки тасвир эмас, электрон жадвал, Word ҳужжатларида ишлаш билан ўтказадиганлар учун UX305’нинг ялтирамайдиган экрани айни муддао.

Ёруғлик миқдорини ўлчаганда экраннинг 281 нит ёруғлик чиқаришига гувоҳ бўласиз. Бу эса унинг ёрқинлигининг исботи. Бу, гарчи, унинг экрани XPS 13’нинг экранидан бир оз ортда эканини билдирса ҳам, у EliteBook Folio 1020 ноутбукидан 25 фоизга ёрқин. Лекин, бу тафовутлар оддий томошабинга у қадар ҳам сезилмайди.

Ранг ва тасвир самарадорлиги бўйича UX305’нинг дисплейи sRGB спектридаги 93.9 фоиз рангларни етказиб бера олади. Бу шу нарх доирасидаги энг яхши намойиш эканлигини англатади. Бу борада UX305 рақиби бўлган XPS 13 (91.7)’дан олдинда.

Клавиатура ва тапчад

UX305’нинг клавиатураси “чиклет-услуби”да яратилган. Яъни, клавишлар ораси очиқ ва кенг. Бу эса ҳарф теришда фойдаланувчига катта қулайлик яратади. Ўртача унда ҳар дақиқада унинг ёрдамида 70-75 та сўз териш мумкин.

Мазкур клавиатуранинг EliteBook Folio 1020 ва XPS 13’нинг клавиатурасидан биргина камчилиги – унда клавиш-ости ёруғлик тизими татбиқ этилмаган. Бу эса қоронғу шароитда ҳарф териш ёки чироғи ўчиқ залда PowerPoint тақдимотларни қилишда қийинчилик туғдириши мумкин.

UX305’нинг кенг ва қулай 4.1 x 2.9 дюймли кенг ва бармоқ бемалол ҳаракатланадиган сенсор панели, яъни тапчади икки бармоқ орқали буйруқ бериш, яқинлаштириш каби амалларни тезкорлик билан бажаради. UX305 тапчади баъзи ноутбукларда бўлгани каби, ўнг ва чап чертишларида хато қилмайди.

Аудио

UX305 ноутбуки  стереодинамиклар билан таъминланган. Улар жаҳонга машҳур Bang & Olufsen компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Динамиклар HD Audio технологиясидаги овоз ишлаб чиқаради. Уларнинг ишлаш сифатини ўра даражага қўшиш мумкин. Сабаби овозни максималь даражага кўтарганда, бир оз ғуввиллаш қулоққа чалинади.

UX305 ноутбуки Asus’нинг AudioWizard аудио узатишга мўлжалланган дастурий таъминотига эга. Унда фойдаланувчи танлаши мумкин бўлган “Мусиқа”, “Фильм”, “Ўйин” режимлари мавжуд.

UX305 гаджетида татбиқ этилган Smart Audio дастури орқали микрофон ёрдамида овозни ёзиб олиш мумкин.

UX305’нинг аудио динамиклари  79 децибель миқдоридаги овоз ишлаб чиқаради. Бу кўрсаткич  унинг рақиблари бўлган XPS 13’да 94 dB, EliteBook Folio 1020’да 85 dB. Бу турдаги ноутбуклар динамиклари ўртача 86 dB овоз чиқариши керак.

Платформа ва самарадорлик

Кўпчилик синов ва тажрибаларда Zenbook UX305FA-ASM1 ноутбуки самарадорлик жиҳатидан “ўрта даражали” деб топилган.

Asus Zenbook UX305FA-ASM1 ультрабуки Intel Core M процессори билан таъминланган. Бу – Intel Core i3’дан кучли ва Core i5’дан бир оз кучсиз процессор.

Intel Core M процессори кўплаб ҳамёнбоп лэптопларда фойдаланилади. У баъзи бир ўрта даражали чипларга қараганда ноутбукнинг анча сифатли намойиши ва тезкор фаолиятига хизмат қилади.

Core-M процессори билан шунингдек, Lenovo Yoga 3 Pro ноутбуки ҳам таъминланган. Фаолият кўрсаткичи бўйича бу ультрабуклар  Dell XPS 13 Touch’дан, $1,299.99 долларга баҳоланган Acer Aspire S7-392-5410’дан, $899.99 доллар турадиган HP Spectre x360 ноутбуклардан бир оз орқада. Аммо, нархи улардан анча арзон.

Intel Core M-5Y10 процессорининг частота тезлиги 2,0 ГГц.ни ташкил этади. Шунингдек, ноутбук HD 5300 видеокартаси билан таъминланган. У ўйинларни узилишларсиз ўйнаш, бир пайтнинг ўзида бир нечта оғир дастурлардан муаммосиз фойдаланиш имкониятини беради.

Мисол учун, тажриба ўтказилганида ҳажми 250 МБ бўлган Photoshop CS6 дастурини Zenbook UX305FA 5 дақиқа 58 сонияда якунлади. Бу кўрсаткич Lenovo Yoga 3 Pro’lf 6,55 дақиқа, 12 дюймли Apple MacBook’да 6,24 дақиқа, Dell XPS 13’да 5,54 дақиқа, Apple MacBook Air’да 5,05 дақиқани ташкил этди. MacBook Pro’га эса бу ишни бажариш учун 4,17 дақиқа ва HP Spectre x360’га 4,25 дақиқа керак бўлди.

Гарчи, ўта юпқа ва совутиш тизимисиз ишлаб чиқарилган бўлса ҳам, UX305 процессорининг қизиш даражаси 35 даражадан кўтарилмайди.

Хотира ва операцион тизим ва дастурлар

Asus Zenbook UX305FA-ASM1 ноутбуки 8 ГБ тезкор хотирага эга. Asus Zenbook UX305FA-ASM1’да SATA’нинг 256 ГБ ахборот сиғимига эга бўлган қаттиқ диски ўрнатилган. Бу 128 ГБ хотира сиғимига эга Apple MacBook Air 13 ва MacBook Pro 13’дан икки маротаба кўп дегани.

Қурилма 64 битли Windows 8.1 операцион тизими бошқарувида ишлайди.

Asus бир қатор дастур ва иловаларни ҳам фойдаланувчиларига таклиф қилади. Шунингдек, ўзининг Asus WebStorage булутли хизматида 16 ГБ хотира майдони ҳам ажратади.

Камера

Asus мазкур ноутбукини 1.2MP сиғимли веб-камера билан жиҳозлаган. Унда видеони узатиш сифати яхши. Шунингдек, камера HD видео ёзиб, сурат ҳам олади.

Батарея

Asus Zenbook UX305FA-ASM1 лэптопи максималь даражада фойдаланган тақдирда, 10 соатга етадиган 3 бўлмали ва Li-Po туридаги аккумуляторга эга.

Фаолият кўрсатиш кўрсаткичи Apple MacBook Air’да 15,51 соатни, 12 дюймли Apple MacBook’да 14,10 соатни, Acer Aspire S7’да 8,22 соатни, Lenovo Yoga 3 Pro’да 8,19 соатни, Dell XPS 13 Touch’да 7,40 соатни ташкил этади.

Коммуникация

У орқали алоқанинг Ethernet маълумотларни тармоқли узатиш технологияси, симсиз алоқанинг LAN 802.11 a/g/n, Wi-Fi. Bluetooth v4.0 тармоғига уланиш мумкин. Ноутбукда 3 нафар USB 3.0 портлари, 1 дона HDMI порти, Digital Media Reader ҳамда VGA портлари мавжуд. USB Charger+ орқали смартфон ва планшетларни тезкор қувватлаш мумкин. Наушник учун порт орқали гаджетга қулоқчинларни улаш мумкин. Ноутбукда SD қўшимча хотира картасини ўқиш порти ҳам мавжуд.

Asus Zenbook UX305FA-ASM1’да Trusted Platform Module (TPM) деб номланган хавфсизликни таъминловчи тизим ўрнатилган. Шунингдек, LoJack ва Intel Anti-Theft технологиялари ноутбук ўғирланган тақдирда, уни топиш ва қидиришга ёрдам беради. Asus Zenbook UX305FA ультрабукларига 1 йиллик кафолат беради. Ҳатто бу кафолат ноутбук тушиб кетиши ёки электр сабаб олган шикастликларни ҳам тузатиб беришни қамраб олади. Кўпчилик ишлаб чиқарувчилар бундай кафолатга журъат қила олмайдилар.

Нарх-наво

Юқорида қайд этганимиздек, Asus Zenbook UX305FA-ASM1 халқаро бозорда $699 доллардан сотилмоқда. 2016 йилнинг 5 август ҳолатида эса «Малика» савдо марказида мазкур ноутбук 5,696,000 сўмдан сотилаётган экан.

 

Хулоса

Asus Zenbook UX305FA-ASM1 ўта юпқа ва енгил, ихчам ва муҳими металл корпусга эга жилодор ноутбук. Совутиш тизимидан холи Intel Core M процессори шовқин солиб, фойдаланувчининг бошини оғритмайди.

Full HD сиғимли дисплей, қулай ва оралари кенг клавиатруа, тезкор ва кенг тапчад, узоққа чидайдиган аккумулятори, 8 ГБ тезкор хотира ва ҳозирча кучли процессори билан Asus Zenbook UX305FA-ASM1 яхши ультрабуклар қаторидан жой олади.

У ҳужжатлар билан ишлаш, ўйин ўйнаш ва  ўта оғир бўлмаган дастур-иловалардан фойдаланишда фойдаланувчининг талабларини қондиради.

Хитойнинг ASUSTeK Computer Inc. компаниясига 1989 йилда асос солинган. Айни пайтда компания компьютер, ноутбук, нетбук, мобиль қурилмалари, тармоқ ускуналари ишлаб чиқаришда жаҳонда етакчи муассасалардан бири. Юнон мифологиясига кўра, “ASUS” афсонавий қанотли от номидир.

Доимгидек, танловни сизнинг ихтиёрингизда қолдирамиз. Бизнинг Facebook’даги саҳифамизга аъзо бўлиш орқали технологик тавсиф ва янгиликларни кузатишда давом этинг ва муфассал материалларни дўстларингиз билан улашинг.

Хулоса

Asus Zenbook UX305FA-ASM1

9.3балл

Asus Zenbook UX305FA-ASM1 ўта юпқа ва енгил, ихчам ва муҳими металл корпусга эга жилодор ноутбук. Full HD сиғимли дисплей, қулай ва оралари кенг клавиатруа, тезкор ва кенг тапчад, узоққа чидайдиган аккумулятори, 8 ГБ тезкор хотира ва ҳозирча кучли процессори билан у яхши ультрабуклар қаторидан жой олади.

Дисплей

Процессор

Оператив хотира

Дизайн

Қаердан сотиб олиш мумкин?

 Афзаллиги

  • Юпқа
  • енгил ва ихчам дизайн
  • Металл корпус
  • Ўрта даражали яхши процессор
  • Сифатли дисплей
  • Кучли аккумулятор

 Камчилиги

  • Аудио динамиклар бир оз кучсиз
  • CD/DVD дрйвери мавжуд эмас
  • Экраннинг сенсор эмаслиги