Биометрик паспорт ўрнига олинадиган ID-карта ҳақида батафсил маълумот

  •   DiMaX
  •  22427
  •  09.10.2020 16:41

Биометрик паспорт ўрнига олинадиган ID-карта ҳақида батафсил маълумот

Шу йилнинг 6 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 129-сонли «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини расмийлаштириш ва бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган. Биз эса бу ўзгаришнинг бўлиши ҳақида ҳали 2018 йилдаёқ хабар берган эдик.

ЎҚИНГ: Биометрик паспортлар ўрнига энди ID-карталар оламиз (+видео)

ID-карта ҳақида Сирдарё вилоят ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси батафсил маълумот берган.

ID-картанинг олд томони

Қанча муддатда берилади?

ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан фуқароларга қуйидаги муддатларга берилади:

  • янги туғилган болага бир ёшгача – икки йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
  • бир ёшдан 16 ёшгача – 5 йил муддатга (ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра);
  • 16 ёшдан – 10 йил муддатга.

Қатъий ҳисобга олинадиган ҳужжат ҳисобланувчи ID-карта белгиланган намуна бўйича лотин алифбосидаги ўзбек тилида, Қорақалпоғистон Республикаси учун эса ID-карта олиш учун мурожаат қилган фуқаронинг хоҳишига кўра, лотин алифбосидаги қорақалпоқ ёки ўзбек тилларида персоналлаштирилади.

ID-карта бланкасига қандай маълумотлар киритилади?

а) ҳужжатнинг номи;

б) ID-карта рақами;

в) ID-карта эгасининг:

  • фамилияси, исми, отасининг исми;
  • туғилган санаси;
  • фуқаролиги;
  • туғилган жойи;
  • жинси;
  • жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

г) ID-картанинг:

  • берилган санаси;
  • ким томонидан берилгани;
  • амал қилиш муддати тугайдиган сана;

д) ID-карта эгасининг рақамли сурати.

ID-картада унинг эгасининг имзоси бўлиши шарт (16 ёшга етганидан кейин).

Вазирлик ва идораларнинг автоматлаштирилган тизимлари орқали ID-карта эгасининг розилиги билан давлат хизматларини кўрсатишда ID-картага киритилган маълумотлардан фойдаланишга рухсат этилади.

ID-картанинг орқа томони

Миллат кўрсатилмайди

ID-карта бланкасида фуқаро миллати ҳақидаги ёзув бўлмайди.

Амалдаги биометрик паспортдан фарқли равишда 2021 йил 1 сентябрдан жорий этиладиган ID-карталарнинг юза қисмида фуқаронинг миллати кўрсатилмайди. Бу халқаро талабга кўра, миллатчиликка қарши қўлланган ёндашув ҳисобланади.Ушбу маълумот ID-карта чипида сақланади. Мазкур ID-карта халқаро талабларга мослаб ишлаб чиқилди.

Чипга ID-карта эгасининг қуйидаги маълумотлари киритилади:

  • биографик маълумотлари;
  • миллати;
  • рақамли сурати;
  • қўл бармоқларининг излари – 16 ёшга етганидан кейин;
  • электрон рақамли имзо калитининг сертификати – 16 ёшга етганидан кейин.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ чипга бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин. Электрон рақамли имзо калитининг сертификати ID-картанинг амал қилиш муддати давомида ҳақиқий ҳисобланади.

ID-картани қачон олиш мумкин?

ID-картани расмийлаштириш ва бериш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

  • ота-оналар, васийларнинг (ҳомийларнинг) ихтиёрига кўра – бола туғилгандан бошлаб 16 ёшга тўлгунига қадар;
  • фуқаро 16 ёшга тўлганда;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганда ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида тан олинганда;
  • ID-картанинг амал қилиш муддати тугаганда;
  • фуқаронинг фамилияси, исми, отасининг исми, миллати, туғилган санаси, жинси ўзгарганда;
  • ID-картага ёки чипга киритилган маълумотларда ноаниқликлар, хатолар ва техник нуқсонлар мавжудлиги аниқланганда;
  • ID-карта ёки чип яроқсиз ҳолга келганда;
  • ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида;
  • ID-карта йўқотиб қўйилганда.

ID-карта эгасининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, жинси ўзгарганлиги ёки ID-картага киритилган маълумотларда ноаниқликлар мавжудлиги аниқланганлиги муносабати билан алмаштирилаётганда фуқаро томонидан маълумотларни йиғиш пунктига ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилади ва ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида кўриб чиқилади.

ID-карта йўқолса-чи?

Фуқаро ID-картани йўқотган тақдирда янги ID-карта белгиланган тартибда ID-карта йўқолганлиги ҳақида ариза келиб тушган кундан бошлаб беш иш кунида берилади.

ID-картаси бўлмаган фуқаро 16 ёшга тўлганда бир ойдан кечикмасдан маълумотларни йиғиш пунктига ID-картани олиш учун мурожаат этиши шарт. Фуқаро ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига қуйидагиларни тақдим этади:

  • белгиланган шаклдаги ариза-анкета;
  • илгари берилган паспорт ёки ID-карта;
  • туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома (ID-карта биринчи маротаба расмийлаштирилаётганда);
  • ваколатли органнинг қарори (ID-карта ашёвий далил сифатида олиб қўйилганида);
  • давлат божини тўланганлиги ҳақида квитанция (электрон тўлов тизимлари орқали тўланганда квитанция мажбурий эмас).

ID-карта маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар тўлиқ қабул қилиб олингандан сўнг бир иш куни мобайнида берилади.

Ногиронларга қандай имтиёзлар бор?

Ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар, соғлиғининг ҳолатига кўра мустақил ҳаракатланиш имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахслар ID-карта олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига шахсан ўзлари ёки қонуний вакиллари орқали (оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда) мурожаат этганда ID-карта маълумотларни йиғиш пунктининг масъул ходими томонидан ўн беш кун муддатда ушбу шахсларни яшаш манзилига борган ҳолда расмийлаштирилади ва берилади. Бунда кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмайди.

Янги тартибга кўра, ID-карта 2021 йил 1 январдан 2022 йил 31 декабргача ихтиёрийлик асосида (16 ёшга тўлганда ёки қонунчиликда кўрсатилган бошқа сабабларга кўра) берилади.

Иккинчи босқич – 2023 йил 1 январдан 2029 йил 31 декабргача мажбурий тартибда алмаштирилади. 2011 йилги намунадаги биометрик паспортлар 2030 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

ID-картани расмийлаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 89 фоизи, яъни 198 минг 470 сўм миқдорида давлат божи ундирилади.

ЎҚИНГ: ID-карталарнинг тўлов миқдори ва тайёрланиш муддати маълум бўлди (видео)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!