Бировнинг изоҳига блогер жавобгарми? Низом муҳокамасида қатнашинг!

  •   DiMaX
  •  710
  •  26.10.2019 13:46

Бировнинг изоҳига блогер жавобгарми? Низом муҳокамасида қатнашинг!

Ўзбекистонда блогерлар ўз постларига қолдирилаётган изоҳлар учун ҳам жавоб беришини кўзда тутувчи тизим ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Қонунга хилоф комментлар ҳақида хабарнома юбориш тўғрисидаги Низом лойиҳаси эълон қилинди, деб ёзади ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худайбердиев.

ЎҚИНГ: Блогернинг смартфонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди

«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонунининг 12-1-моддасига мувофиқ, веб-сайт ёки веб-сайт саҳифасининг эгаси, шу жумладан блогер ўз веб-ресурсларидан жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ҳаракатларни содир этиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўймаслиги, шундай ҳолатлар содир бўлганда қонунга зид ахборотларни дарҳол ўчириб ташлаши шартлиги белгиланган.

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ахборот маконида шахс ва жамият манфаатларини ҳимоя қилиш, интернет ОАВ вакиллари ва блогерлар веб-саҳифаларига қонунга зид шарҳлар ёзилганда уларни аниқлаш ва зудлик билан ўчириб юборишни тизимли равишда ташкил қилиш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди ва https://regulation.gov.uz/document/9308 манзилида муҳокамага қўйилди.

ЎҚИНГ: Тошкент шаҳар ИИББ машҳурликка интилган «блогер»лар фаолиятига чек қўйди

Эндиликда, веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогерга Ўзбекистон қонунчилиги талабларини бузувчи, шунингдек қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликни келтириб чиқарувчи умумфойдаланишдаги ахборот (мақола, материаллар, ахборотлар, маълумотлар, Интернет тармоғи фойдаланувчилари изоҳлари ва бошқалар)ларни дарҳол ўчириб юбориш учун Агентлик томонидан хабарнома юборилади.

Веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер хабарнома олинган пайтдан бошлаб 24 соатдан кечиктирмасдан Ўзбекистон қонунчилигига зид бўлган ахборотни зудлик билан ўчириб ташлаши, шунингдек бу тўғрида Агентликни хабардор қилиши лозим бўлади.

Агар ахборот ўчирилмаса, у ҳолда Агентлик веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шу жумладан блогер билан низоларни ҳал қилиш учун судга даъво киритиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 4 ноябрга қадар муҳокама қилинади – марҳамат, шунгача кириб, ўз фикрингизни билдиришингиз мумкин.

ЎҚИНГ: РАСМАН: Ўзбекистонда экстремистик ва террористик профиль, канал ва саҳифалар рўйхати эълон қилинди!

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!