Блогернинг смартфонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди

  •   DiMaX
  •  623
  •  17.06.2019 07:19

Блогернинг смартфонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан блогер Азизбек Ашурбаевнинг ҳуқуқлари бузилганлигига доир хабар эълон қилинган эди. Давлат солиқ қўмитаси ушбу ҳолат бўйича вазиятни ўрганди, дейилади қўмита сайтидаги хабарда.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда блогерларга солиқ солишмоқчи, бўйин товласа – смартфон ёки компьютерини тортиб олишади!

2019 йил 7 июнь куни А.Ашурбаевнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида реклама жойлаштириши билан боғлиқ назорат тадбирида Миробод тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари О.Зияев ва Ш.Ҳасанов ўз ваколатлари доирасидан четга чиққанликлари ва солиқ органларининг касб одоби қоидаларини бузганлиги аниқланди.

А.Ашурбаев томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун унинг шахсий уяли алоқа телефонини тортиб олмаган ҳолда, тушунтириш ишларини олиб бориш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан кифояланиш лозим эди.

Касбий фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун ушбу ходимлар лавозимидан озод этилди.

Келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси бундай низоларни ҳал қилиш механизмини жорий этиш масаласини қонуний ва ахлоқий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқишга киришди.

Давлат солиқ қўмитаси ўз фаолияти очиқлигини таъминлашдан манфаатдор бўлиб, бу йўлда журналистлар ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини билдиради, дейди Давлат солиқ қўмитаси раиси Б.Мусаев.

ЎҚИНГ: Интернетдаги ишкал: ТАТУ талабалари блогердан узр сўрашди (+суратлар)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.