Galaxy S10 Lite намойиш қилинди: SD855 чип, учталик камера ва антиқа дизайнли салкам флагман

Galaxy S10 Lite намойиш қилинди: SD855 чип, учталик камера ва антиқа дизайнли салкам флагман

Samsung’нинг ярзонлаштирилган флагмани –  Galaxy S10 Lite модели ҳақида турли хабарлар чиқса-да, компаниянинг ўзи жим эди. Шу ва Galaxy Note 10 Lite моделлари CES 2020 кўргазмасида тақдим этилиши кутилаётганди, аммо...

Кутилмаганда кеча – 3 январь куни жанубий кореялик техногигант ушбу икки смартфонини расман намойиш этди. Гарчи булар флагманларнинг “енгиллаштирилган” версиялари бўлиши кўзда тутилган эса-да, айрим хусусиятларига кўра улар Galaxy S10 ва Galaxy Note 10 моделларидан устунликка ҳам эга. 

Galaxy Note 10 Lite ҳақида сал кейинроқ алоҳида мааълумот берамиз, ҳозирча эса Galaxy S10 Lite билан танишамиз...Экраннинг юқори томон марказида худди Galaxy Note10'лардаги каби айлана тирқишли олд камера жойланган.

Бироқ орқа камералар дизайни бутунлай янгича услубда ишланган: учта камера тўртбурчак блок ичига жойланган, линзалар блокнинг чап томонида, LED чироғи эса ўнг томонига қўйилган. Буни идеал ечим деб бўлмайди, бироқ ёмон ҳам эмас.

Қурилмага 7 нанометрли Snapdragon 855 чипи ўрнатилган бўлиб, саккиз ядроли асосий процессорнинг кластерлари 2.8GHz, 2.4GHz ва 1.7GHz частоталарда ишлайди. Бу платформага 6ГБ ёки 8ГБ лик тезкор, 128ГБ лик доимий хотира сиғими шерик қилинган. microSD карта уяси ҳам мавжуд бўлиб, 1ТБ гача бўлган сиғим қўллаб-қувватланади.

Янги модель ҳажми 75,6×162,5×8,1 мм бўлса, вазни 186 граммни ташкил қилади.

Камераларга тўхталадиган бўлсак, уч камерали модул таркибидаги асосий линза 48 мегапикселли бўлиб, f/2.0 апертурага эга. 123 даража кўриш майдонига эга 12МП ультра-кенг бурчакли линза эса f/2.2 апертуралидир. Трионинг энг сўнгги вакили эса 5 мегапикселли макро камерадир. Айлана тирқишли олд камера эса 32 мегапиксел резолюция ва f/2.2 диафрагмага эга қилиб жиҳозланган.

Samsung ушбу смартфонда мисли кўрилмаган Super Steady OIS технологиясидан фойдаланган ва бу ҳозирги флагманларникидан яхшироқ.

S10 Lite'га, шунингдек, 6.7 дюймли Full HD+ (2400х1800 пиксел) тиниқликдаги Super AMOLED панель қўйилган бўлиб, унинг форма-фактори 20:9 га тенг. Бармоқ изи сканери экран остига жойланган.Бутун қурилмага қувват бериб турувчи 4 500 мА/соат сиғимли аккумулятор эса 25 ваттли тезкор қувватланиш имкониятига эга. Бу гаджет 95 дақиқада тўлиқ қувват олади, деганидир.

Янги смартфон Prism White, Prism Black ёки Prism Blue рангларида сотувда бўлади. Савдолар биринчи чорак охирига қадар бошланади, девайс нархи 649 еврони ташкил қилади.

Қурилманинг барча жиҳатларини инобатга олиб, "S10/S10+ лар “Lite“ми ёки S10 Lite “Lite“ми?“ деб иккиланиб қоласан киши.

ЎҚИНГ: Ҳа, навбатдаги Galaxy'лар ҳақида адашмаган эканмиз!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!