Galaxy Z Flip кутилганидан арзон нархда тақдим этилди! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1658
  •  12.02.2020 11:08

Galaxy Z Flip кутилганидан арзон нархда тақдим этилди! (+видео)

Samsung кеча – 11 февраль куни (бизнинг вақтга кўра – 12 февралга ўтар тунда) Galaxy Unpacked 2020 тадбирини ўтказди. Маросим компаниянинг янги букламафони – Galaxy Z Flip тақдимоти билан бошланди.

ЎҚИНГ: Энг оммабоп 10 смартфон (6-ҳафта)

Ўтган йилги Galaxy Fold моделидан фарқли равишда, Galaxy Z Flip белидан букланувчи «раскладушка» форм-факторида ишланган. Ёпилган ҳолатида у қизларнинг пардоз анжомларини эслатади; шу боисдан унинг айнан аёллар орасида кенгроқ оммалашувини кутиш мумкин. Корпуси ҳам кўзгусимон қилиб ишланган, аммо унда бармоқ излари қолса керак.

Смартфон корпуси ўлчамлари букланган ҳолатида 73,6х87,4х17,3 миллиметрга, ёйилган шаклида эса – 73,6х167,3х7,2 миллиметрга тенг, вазни 183 граммни ташкил этади. Намойишда компания ушбу инновацион смартфонни «Galaxy Z туркумининг илк вакили» дея таништирганига қараганда, ҳали унинг давомчилари ҳам бўлади.

Galaxy Z Flip бош камераси қўшалоқ – 12 мегапикселлик асосий модул (апертураси f/1.8) + яна 12 мегапикселлик кенг бурчакли (123 даражада) объектив билан бирлашган иккинчи сенсор (f/2.2 диафрагмали). Смартфон корпусида, камерадан ташқари, 1,06 дюймлик митти дисплей ҳам бор – у билдиришномаларни акс эттиришга мўлжалланган.

Букламафоннинг асосий экрани эса 6,7 дюймлик Infinity-O дисплей бўлиб, томонлари ўзаро 22:9 нисбатда. Эътиборлиси – ушбу қайишқоқ экран энди пластикдан эмас, балки махсус шишадан ишланган қопламага эга! Samsung вакили тақдимотда у ҳақда: «Сиз шишани эмас, балки физика қонунларини буклайсиз», дея дадил гапирган.

Шунингдек, янги букламафонда шарнир ҳам яхшиланган: унда конструкцияни чанг ва кирдан ҳимояловчи махсус нейлон толалари қўлланган. Шу сабабли ҳам смартфон Galaxy Fold каби ғичирламайди.

Galaxy Z Flip корпусини турли бурчаклар остида букиб фойдаланиш мумкин. Масалан, 90 даражали бурчак остида (Flex Mode режимида) столга қўйиб, асосий ёки селфи-камера орқали суратга ёхуд видеога туширса бўлади. Шу ҳолида экраннинг ярмида YouTube томоша қилиш, иккинчи ярмида изоҳлар ёзиш қулай.

Samsung бу қурилмасини Snapdragon 855+ процессори, 8 гигабайтлик тезкор ва 256 гигабайтлик ички хотира билан таъминлаган. Аккумуляторининг ток сиғими 3300 мА/соатлик бўлиб, 15 ваттлик тезкор ҳамда 9 ваттлик симсиз қувватлана олади. Бундан ташқари, у бошқа девайсларга симсиз қувват узата олади!

ЎҚИНГ: Galaxy S20 ва iPhone 9 аллақачон сотувда, совғасига – Galaxy Buds+ ва AirPods!

Galaxy Z Flip’нинг бизга маъқул бўлмайдиган жиҳатларига келсак: биттагина SIM-карта билан ишлайди; қулоқчин учун 3,5 миллиметрлик аудиотирқиш йўқ, қўшимча хотира картаси қўйиб бўлмайди. Бироқ унда Bluetooth 5.0 интерфейси, NFC модули, One UI 2.0 график қобиғи остидаги Android 10 операцион тизими мавжуд. Бармоқ изи сканери корпуснинг ён томонидан ўрин олган.

Қуйида Galaxy Z Flip’нинг расмий видеосини томоша қиламиз:

Samsung ушбу инновацион гаджетини 14 февралданоқ қора ва бинафшаранг корпусларда сотувга чиқаряпти, кейинроқ унинг тилларанг корпуслиси ҳам чиқишини айтган. Нархига келсак, у олдинги миш-мишларда айтилганидан арзонроқ – 1380 АҚШ долларига баҳоланган.

Компания унинг Thom Browne Edition версиясини ҳам чиқаряпти, унинг нархи аниқ айтилмаган бўлса-да, 2500 доллар бўлиши тахмин қилинган.

ЎҚИНГ: Бу смартфондан олсангиз, смарт-соат, симсиз қулоқчин ва ғилоф ҳам қўшиб беришади! (+видео)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!