Google Play’да Telegram X’нинг расмий аналоги пайдо бўлди

  •   DiMaX
  •  1591
  •  04.01.2018 17:34

Google Play’да Telegram X’нинг расмий аналоги пайдо бўлди

Ўзбекистонда кенг оммалашган Telegram мессенжери жамоаси 2017 йил якунида iOS-қурилмалар учун муқобил Telegram X иловасини тақдим этганидан хабарингиз бор. Бу клиентнинг оддий мессенжер иловасидан устун жиҳатлари ҳақида ҳам ёзганмиз.

ЎҚИНГ: Telegram X’нинг оддий Telegram’дан фарқи нималарда?

Бугун эса Android-девайслар учун иловалар каталоги – Google Play’га ҳам Telegram X клиентининг аналоги бўлган дастур жойланди. Telegram мессенжерининг мазкур муқобил иловаси ҳам Telegram Messenger LLP компанияси томонидан тақдим этилган бўлиб, Challegram деб аталади.

Стандарт Telegram иловасидан фарқли равишда, Challegram клиенти TDLib’га асосланади ва асосан 64 разрядли қурилмаларга мослаб оптималлаштирилган. Бу эса кўплаб жараёнларнинг бажарилишида оригинал иловадан кўра тезкорликни таъминлаб беради.

ЎҚИНГ: Telegram’нинг iOS ва Android-иловаси янгиланди, янги имкониятлар билан танишинг!

Ишлаш самарадорлигини ошириш билан бирга, дастурчилар Challegram интерфейси ва бошқарув унсурлари устида ҳам яхшигина тер тўкишган. Android учун чиқарилган Telegram иловасидан фарқли тарзда, Challegram бир нечта ранг схемаларини ҳамда хабарлар экранини ўзгартиришга имкон берувчи турли интерфейс мавзуларини қўллаб-қувватлайди.

Булардан ташқари, янги иловада исталган тур ва ҳажмдаги файлларни жўнатиш бўйича чеклов йўқлигини ҳам таъкидлаш ўринли. Шунингдек, унда шахсий маълумотлар хавфсизлиги янада кучайтирилган.

ЎҚИНГ: Эксклюзив: Германия полицияси Telegram’ни қандай бузиб кира олган?

Android операцион тизими бошқаруви остидаги гаджетлар эгалари Challegram иловасини мана бу ҳавола орқали Google Play’дан юклаб олишлари мумкин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!

DiMaX

Технологияларга қизиқувчи, бу борадаги янгиликларни имкон қадар кузатувчи ва маъқул топганларини бошқалар билан баҳам кўришни ёқтирувчи фрилансер.