Huawei’нинг шашти баланд: у «сунъий онг»ли, ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқди!

  •   DiMaX
  •  316
  •  12.04.2019 17:05

Huawei’нинг шашти баланд: у «сунъий онг»ли, ҳайдовчисиз автомобиль ишлаб чиқди!

Бултур хитойлик техногигантнинг Mate 10 Pro смартфони Porsche автомобилини «онгли» равишда ҳайдагани акс этган «жонли» видеони эълон қилгандик. Кейинчалик бу компания автомобиллар учун процессор яратиб, яна «булутли» сервислар устида ҳам ишлаётганини айтганди.

ЎҚИНГ: Huawei смартфонлар, ҳайдовчисиз автомобиллар ва бошқа қурилмалар учун «сунъий онг»ли янги авлод процессорларини тақдим этди

Жорий йилнинг 16–25 апрель кунлари Shanghai Auto 2019 кўргазмаси бўлиб ўтади. Мазкур тадбирда хитойлик техногигант – Huawei томонидан ишлаб чиқилган илк автомобиль намойиш этилади.

Yicai Global нашри хабарига кўра, Huawei ушбу автомобилини Dongfeng Motor давлат автоконцерни билан ҳамкорликда ишлаб чиққан. Унинг йиғувчи заводлари Ухане шаҳрида жойлашган.

Huawei ҳамда Dongfeng Motor ушбу лойиҳага жами 3 миллиард юан миқдорида маблағ йўналтиришган – бу тахминан 450 миллион АҚШ долларига тенг. Мазкур лойиҳага автомобилни ишлаб чиқишдан ташқари, унинг ҳайдовчисиз автоном ҳаракатланишини таъминловчи платформа яратиш ҳам киради. «Булутли» инфратузилма, «сунъий онг» ҳамда илғор тармоқлар ёрдамида бу машина йўналиш ҳақида, логистика ва йўл ҳаракати ҳолати хусусида маълумотлар олиб боради. Автомобиль маълумотларни «булутли» сервисда сақлайди ва онлайн тарзда қайта ишлайди. Маълумотларни алмашиш 5G тармоғи орқали амалга оширилади – бу технологияни ривожлантиришда Huawei ҳам фаол қатнашмоқда.

Афсуски, Huawei автомобилининг техник хусусиятлари ҳақида ҳозирча ҳеч нима маълум эмас.

ЎҚИНГ: CES 2019: Афсонавий смартфонсоз энди автомобиллар учун операцион тизим тақдим этади! (+видео)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.