Интернетдаги «чегарадан чиққан» изоҳлар учун ОАВ ва блогерларни нималар кутмоқда?

  •   DiMaX
  •  250
  •  23.04.2021 11:29

Интернетдаги «чегарадан чиққан» изоҳлар учун ОАВ ва блогерларни нималар кутмоқда?

2021 йил 31 март куни имзоланган қонун билан, «Aхборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Эндиликда веб-сайт эгаси, журналист ва блогерлар нафақат ўзлари эълон қилган ахборот, балки фойдаланувчилар томонидан ёзиб қолдириладиган изоҳлар учун ҳам жавобгар бўлади.

ЎҚИНГ: Президентни ижтимоий тармоқларда ҳақоратлаган жиззахликка жиноий иш очилди

Kun.uz қонунчиликка бу ўзгартириш нима мақсадда киритилгани, унинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Адлия ва АКТ вазирликлари масъулларидан изоҳ олиб, эълон қилди.

Шуҳрат Аҳмадов

Шуҳрат Аҳмадов,

АОКА Ахборот сиёсати бошқармаси бошлиғи:

— Аввало, мазкур қонун лойиҳаси АОКА томонидан ишлаб чиқилмаганини таъкидлаб ўтмоқчиман. Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, интернет тармоғидаги ахборот ресурсидан қуйидаги мақсадларда фойдаланиш тақиқланади:

  • Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват этиш;
  • оммавий тартибсизликларга, фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга, шунингдек, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митингларда, кўча юришларида ва намойишларда иштирок этишга даъват қилиш, шунингдек, мазкур ноқонуний ҳаракатларни мувофиқлаштириш;
  • жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборот тарқатиш;
  • уруш, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш;
  • давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор этиш;
  • миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатувчи, шунингдек, фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига ёки ишчанлик обрўйига путур етказувчи, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўювчи ахборотни тарқатиш;
  • жамиятга, давлатга, давлат рамзларига ҳурматсизликни намоён этувчи, шу жумладан, беодоблик билан ифодаланган ахборотни тарқатиш;
  • гиёҳвандлик воситаларини, психотроп моддаларни ва прекурсорларни тарғиб қилиш;
  • порнографияни, зўравонликни ва шафқатсизликни тарғиб қилиш, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга даъват этиш;
  • фуқароларни, шу жумладан, вояга етмаган шахсларни уларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига ёхуд ўзга шахсларнинг ҳаётига ва (ёки) соғлиғига таҳдид солувчи ғайриҳуқуқий ҳаракатларни содир этишга ундашга ёки бошқа тарзда жалб қилишга қаратилган ахборотни тарқатиш.

Веб-сайтнинг эгаси ва блогер қонунга мувофиқ жиноий ва бошқа жавобгарликка сабаб бўладиган ўзга ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўймаслиги, ахборот ресурсига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириши, башарти жойлаштирилган ахборотнинг нотўғрилиги аниқланган тақдирда, уни дарҳол ўчириб ташлаш чораларини кўриши шарт.

Дейлик, сайтда чиққан, YouTube ва Telegram каналларида эълон қилинган, бошқа ижтимоий тармоқларда тарқатилган материалларга қолдирилган қонунга зид изоҳларни сайт эгаси ёки блогер кўриб қолган вақтда шу заҳоти ўчириб ташлаши керак.

ЎҚИНГ: Тошкентда метро бекати таблосига хакерлар ножўя гап ёзиб қўйишди

Янги қонун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сон қарори билан тасдиқланган веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартибини инкор этмайди.

Юқорида янги қонун билан тақиқланган мақсадларга хизмат қилувчи изоҳлар дарҳол ўчирилиши керак, деб айтдим. Дейлик, изоҳларнинг қонунга зид эканини ҳамма ҳам англай олмаслиги, бунинг учун ҳуқуқий билими етмаслиги мумкин, шу боис, айрим изоҳларни ўчирмай ўтказиб юбориши табиий. Бундай пайтда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг Оммавий коммуникациялар масалалари бўйича маркази 24 соат ичида веб-сайт эгаси ёки блогерга фалон материалда ёки фалон платформадаги хабар ёки видеода қонунга зид ҳолат аниқланди, шуни ўчиринг, деган мазмунда хабарнома юборади.

Хабарнома Марказнинг расмий ахборот ресурслари (электрон почта, ижтимоий тармоқлар ёки мессенжерлардаги расмий саҳифа) орқали электрон шаклда юборилади. Унда Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот жойлаштирилган ахборот ресурсининг номи, ахборот жойлаштирилган сана кўрсатилади; тақиқланган ахборотга ҳавола ва унинг экрандаги тасвири нусхаси илова қилинади. Шунингдек, қўшимча равишда ушбу ахборотни тарқатиш учун қонунчиликда белгиланган жавобгарлик тўғрисида маълумотлар келтирилиши мумкин.

Тўғри, катта ахборот ресурслари кунига юзлаб материаллар эълон қилади, уни интернетдаги бир қанча платформаларга тарқатади, у ерда ёзиб қолдирилаётган изоҳларни кузатиб бориш қийин, буни тушунамиз. Бироқ қонун билан ОАВ ва блогерларга имкон қадар ана шундай изоҳларни кўриб чора кўриш бўйича мажбурият юкланмоқда. Буни унутмаслик керак.

Борди-ю ОАВ эгаси ёки блогер қонунга зид изоҳни кўрмай қолди. Ёхуд қайсидир изоҳ қонунга зид эканини англолмади. Бундай вазиятда Мониторинг марказидан хабарнома борганидан сўнг ўша изоҳ ўчириб ташланса, бу ҳеч қандай оқибатни келтириб чиқармайди. Бироқ АОКА Мониторинг маркази қайсидир материал ёки изоҳ қонунга зид эканини исботлаб бериб, уни ўчириш ҳақида огоҳлантиргандан кейин бу талабни бажариш мажбурий ҳисобланади.

Таҳририят АОКА Мониторинг маркази томонидан юборилган хабарномада 24 соат ичида ўчирилиши талаб этилган материал ёки изоҳ қонунга зид эмас, деб ҳисобласа, масаланинг ечими судга бориб тақалади. Таҳририят ёки блогер судда чиндан ҳам ўчирилиши сўралган мақола ёки изоҳ қонунга зид эмаслигини исботлаб беришса, муаммо йўқ, бунда хабарнома кучини йўқотади. Мониторинг марказидаям роботлар эмас, одамлар ишлашади, табиийки, хабарнома хато юборилган ёки англашилмовчилик бўлган бўлиши ҳам мумкин. Инсон омилига боғлиқ ҳар қандай жараёнга хос ҳолат бу.

Бизнинг мақсадимиз ҳам, қонун ташаббускорларининг мақсади ҳам ҳамма нарсани бошма-бош ўчириш эмас, аксинча, яхши контент қолсин, кўпроқ қонунга хилоф контентларни ўчириш масаласи аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган.

Шу ўринда таъкидлаб кетишим керакки, бу қонуннинг қабул қилиниши интернет фойдаланувчиларининг Ўзбекистон конституциясида белгилаб қўйилган фикрини мустақил баён қилиш ҳуқуқини, сўз эркинлигини чекламайди. Аксинча, қонунга хилоф ахборотларнигина ўчиришни тақозо қилади.

Шерзод Аҳмадов

Шерзод Аҳмадов,

АКТ вазирлиги ахборот хизмати раҳбари:

— «Aхборотлаштириш тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар билан мен ҳам танишиб чиқдим. Бу тўлалигича контент масаласи билан боғлиқ. Шу сабабли ушбу қонуннинг вазирлигимизга умуман алоқаси йўқ. Қонунда кўрсатилган талаб ва мажбуриятлар ижросини назорат қилиш билан бошқа ташкилотлар шуғулланади.

Севара Ўринбоева

Севара Ўринбоева,

Адлия вазирининг матбуот котиби:

— «Aхборотлаштириш тўғрисида» ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонунни ишлаб чиқишдан бир қанча мақсадлар кўзланган.

Биринчидан, сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқлар орқали оммавий тартибсизликларга, шунингдек, белгиланган тартибни бузган ҳолда ўтказиладиган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишларда иштирок этишга даъват этувчи постлар ҳамда эълонлар кўп учрамоқда. Бу эса кўпчилик фуқароларнинг норозилигига, шу билан бирга жамоат жойларида турли безорилик ҳаракатлари содир этилишига сабаб бўлмоқда. Худди шу каби ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш учун айнан ушбу қонун ишлаб чиқилди.

Иккинчидан, охирги вақтларда ижтимоий тармоқларда жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотларни ҳам кўп учратишимиз мумкин. Афсуски, ўзининг веб-сайт саҳифасини юритувчи айрим шахслар обуначилар сонини ошириш мақсадида ёлғон ахборотларни ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган интернет жаҳон ахборотига жойлаштирмоқда. Бунинг натижасида эса, кўплаб фуқаролар орасида нотўғри фикрлар, ўзаро тортишувлар ва бошқа салбий ҳолатлар учрамоқда. Айнан шундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ушбу қонунни қабул қилишга зарурат мавжуд эди.

Ҳукуматнинг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сонли қарори билан веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби тасдиқланганди. Лекин ушбу қарорда интернет тармоғида тарқатилиши чекланган ахборот турларининг рўйхати мавжуд бўлмаган. Бундай ахборотларнинг рўйхати эса «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 121-моддасида белгиланган. 2021 йил 31 март куни қабул қилинган қонун билан эса қонунчиликда тарқатилиши тақиқланган ахборотлар рўйхати кенгайтирилган ҳолда аниқлаштирилди.

ЎҚИНГ: Фаррош, қоровул, чой тарқатувчи... Ўзбекистонда кимлар IT-мутахассисдан ИККИ КАРРА КЎП маош олади?

Жаҳон тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, ахборот тизимларига тақиқланган ахборот жойлаштирилгани ёки жойлаштирилмаганини мониторинг қилиш тартиби фақат Ўзбекистон Республикасида эмас, кўпчилик давлатларда мавжуд. Хусусан, Россия Федерациясида ушбу вазифани Роскомнадзор давлат ташкилоти амалга оширади. Мониторингни амалга ошириш тартиби эса Россия Федерациясининг «Ахборот, ахборот технологиялари ва ахборот ҳимояси тўғрисида»ги қонунида белгиланган.

Мазкур қонун қабул қилиниши билан ҳукуматнинг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сонли қарорига ҳеч қандай ўзгартириш киритилмади. Яъни ҳукумат қарорида белгиланган веб-сайт, веб-сайт ва (ёки) мессенжер саҳифаси эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаш тўғрисида хабарнома юбориш тартиби ҳеч қандай ўзгаришсиз тўлиқ амал қилади.

Веб-сайтдан ва (ёки) веб-сайтлардан ва (ёки) саҳифаларидан фойдаланиш чекланиши мумкин бўлган ахборот сегментлари доираси эса «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 121-моддасига мувофиқ аниқланади.

Ахборот ресурслари эгаси, шунингдек, блогерга Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборотларни олиб ташлаш тўғрисида хабарномани юбориш Ҳукуматнинг 2020 йил 23 декабрдаги 807-сонли қарорида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Унга кўра, ахборот ресурси эгаси, шунингдек, блогер хабарномани олган вақтдан бошлаб (эътибор бериш керакки, хабарномани олган вақтдан бошлаб) 24 соатдан кечиктирмасдан қонунчилик билан тарқатилиши тақиқланган ахборотни олиб ташлаши, бу тўғрида тегишли равишда хабардор қилиши лозим.

Хабарнома унинг жўнатилгани ва қабул қилиб олингани фактларини қайд этиш имконини берувчи махсус автоматлаштирилган тизимдан фойдаланган ҳолда электрон шаклда юборилади.

Ушбу жараённи икки хил ҳолатда тушунтириб ўтамиз.

Биринчи ҳолат. Мисол учун «М» исмли блогернинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига кимдир қонунга зид ахборот (оммавий тартибсизликка, митинглар, кўча юришлари, терроризм ёки миллий адоват, жиноятчиликка даъват, ҳақорат ва б.) қолдирди. Бу ҳолда «М» исмли блогер ушбу ахборотни кўрадиган бўлса, ўзи ўчириши керак бўлади.

Иккинчи ҳолат. «М» исмли блогер қолдирган постда билдирилган ахборотлар жуда кўп бўлса, буни блогер доимий назоратига ололмайди. Шу сабабли кўрмай қолган ахборот учун «М» исмли блогер жавоб бермайди. Ушбу ҳолда ахборотни АОКАнинг Мониторинг маркази аниқласа, унда блогерга электрон равишда хабарнома юборади.

«М» исмли блогер хабарномани олгандан кейин (тақиқланган ахборот қолдирилгандан кейин эмас) 24 соат ичида ўша комментарийни ўчириши ва АОКАнинг Мониторинг марказини хабардор қилиши лозим.

Энг муҳими, ҳукуматнинг 807-сонли қарорига кўра, агар «М» исмли блогер тақиқланган ахборотни ўчирмаса, унга ўчириш мажбурияти фақат суд томонидан белгиланади. Бу дегани охирги сўзни суд айтади.

Бу қонуннинг қабул қилиниши интернет фойдаланувчиларининг ҳуқуқини, сўз эркинлигини чеклаши ҳақида хавотирлар ўринсиз. Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгадир. Шунга кўра, ҳеч ким ёки ҳеч бир давлат органи фуқароларнинг сўз эркинлигини чеклашга ҳақли эмас. Ушбу қонун бўйича айтадиган бўлсак, қонунда фуқароларнинг сўз эркинлигини чеклашга қаратилган ҳеч қандай норма мавжуд эмас. Қонундаги барча нормалар давлат ва жамият тузилиши, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқларини инобатга олган ҳолда киритилган.

Умуман олиб қараганда, интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланаётган барча фойдаланувчи, шу жумладан, блогерлар ҳам қонунга зид материалларни ва ахборотларни эълон қилишдан эҳтиёт бўлишлари лозим. Чунки сўз эркинлиги дегани – бу қонун нормаларига зид исталган фикрни айта олиш, жамоат тартибини бузиш, ёт ғояларга даъват қилиш ёки ёлғон ахборот тарқатиш керак, дегани эмаслигини яхши англашимиз ва тушунишимиз керак.

ЎҚИНГ: Интернетда қандай қилиб тўғри ва хавфсиз сўкиниш мумкин? Роскомнадзор буни мисоли билан кўрсатиб берди!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.