iOS ва Android зиддияти: боши берк кўча

  •   DiMaX
  •  2527
  •  23.05.2017 16:50

iOS ва Android зиддияти: боши берк кўча

Мобил операцион тизимларни ўзаро солиштириш энди айтарли қизиқ бўлмай қолди, дейилади 4pda.ru нашридаги мақолада. Apple ва Google бу борада пойгалашиб, ўз операцион тизимларини қулай, кўпфункцияли ва… ўзаро ўхшаш қилиб қўйишди.

Улар энди ўз эътиборларини кўпроқ бошқа лойиҳаларга қаратишмоқда. Пойганинг бошқа иштирокчилари – Microsoft, BlackBerry ва Canonical кабилар эса анча орқада қолиб кетишган.

Энди iOS ёки Android’нинг янги версияларида қилинадиган ишлар ҳам катта бир ўзгаришлар бўлмайди, улар керакли юксакликка етиб, ёки бошқачароқ айтганда – боши берк кўчага кириб бўлди.

Хўш, энг оммабоп мобил операцион тизимлар қандай қилиб бу даражага келиб қолди ва келажакда уларни инқилобий ўзгаришлар кутадими – мақолада шулар хусусида фикр юритилади.

Дастлабки код

Гапни бу икки тизимнинг ибтидосидан бошласак. Уларнинг асосий фарқи маълум: Google’дан фарқли равишда, Apple ўз мобил операцион тизимининг дастлабки кодини тўлиғича ўз назоратига олган ва чет ишлаб чиқувчилар учун фақат айрим унсурларгагина киришга рухсат берган. Бунда Стив Жобс бир неча бор Android’ни очиқлиги ва ундан келиб чиқадиган ҳаддан зиёд мураккаблиги сабабли танқид ҳам қилган. Бироқ тарих шуни кўрсатдики, ҳар қандай ёндашувнинг натижаси яхши ҳам, ёмон ҳам бўлиб кетиши мумкин экан.

iOS илк бора 2007 йилнинг 9 январида – компаниянинг биринчи смартфони билан биргаликда – iPhone OS 1 номи билан чиққан, ўшанда у «Mac OS’нинг мобил версияси» сифатида тақдим этилган эди. Apple’нинг «десктоп» операцион тизими сингари, iOS ҳам иккита асосий таркибий қисмга таянган ҳолда қурилган. Булар – Apple ва NeXT томонидан ишлаб чиқилган XNU ядроси ва Darwin тизимидир. Darwin тизими шаклан Unix’нинг SUSv3 спецификациясига мувофиқ келади, аммо унинг айнан ўзи эмас (барибир «X is Not Unix»). Шуниси ҳам борки, iOS ҳамда macOS’дан фарқли равишда, XNU ва Darwin – очиқ дастлабки кодга эга тизимлардир. Apple эса уларга таянган ҳолда ёпиқ дастлабки кодга эга тизимлар яратган.

iPhone OS 1 иш столи

iOS’нинг ёпиқлиги Apple’га нафақат ўзининг, балки чет ишлаб чиқувчиларнинг ҳам софтини назорат қилиб бориш имконини беради. Масалан, iOS SDK ҳамда Xcode ишланмалар муҳитининг бепул эканлигига қарамасдан, ҳар бир дастурчи Apple-қурилмаларининг эмуляторини қўллаш ва ўз иловасини App Store’га жойлаш имконияти учун йилига 99 АҚШ доллари миқдорида тўлов қилиши шарт. SDK эркин фойдаланишга қўйилган 2008 йилнинг март ойигача ҳам, чет ишлаб чиқувчилар барибир iPhone OS учун илова ярата олмас эдилар. Иловалар дўкони фақат мобил операцион тизимнинг иккинчи версиясидагина пайдо бўлди. Apple’га оид бўлмаган бирор нарсанинг ўз тизимига кириб келишини хушламайдиган Стив Жобс, бу қадамга зўрға рози бўлган.

Android’нинг мобил бозорга кириб келиш йўли эса янада машаққатли кечган. Google томонидан 2005 йили сотиб олинган Android Inc. дастлаб GPS тизимига эга тугмачали телефонлар учун операцион тизим ишлаб чиқариш устида ишлаётганди. Бироқ iPhone тақдимоти Энди Рубин раҳбарлигидаги бу жамоанинг барча режаларини чиппакка чиқарди. Тизимни шошилинч тарзда тўлиғича қайта ишлашга тўғри келди. Бироқ 2008 йилнинг сентябрига келибгина HTC Dream (яна бир номи – T-Mobile G1) смартфони билан бирга Android’нинг илк тўлақонли версияси тақдим этилди. Яққол кўриниб турган хатоликларни тузатиш ва тизимни яхшилаш ишларига бутун бошли бир йил керак бўлди – 2009 йилнинг охирларидагина тизим iOS билан чинакамига рақобатлаша олиш имкониятига эга бўлди. Бунда Google’ни қўллаб-қувватлаган ҳамда ўша йили «яшил роботчали» девайслар чиқара бошлаган Motorola ва Samsung катта роль ўйнади.

Android’нинг илк тўлақонли версияси иш столи

Android асосида Linux ядроси ҳамда очиқ дастурий таъминот фалсафаси ётади. Бу шуни англатадики, истаган киши Google Android’ни олиб, унинг асосида ўзининг фантазиясига кўра ўз мобил операцион тизимини яратиши мумкин; бунда у Google’га бир марталик 25 АҚШ доллари миқдорида тўловни амалга оширса бас. Шу сабабли ҳам Android базасида бошқларнинг кўп сонли прошивкалари ва ҳатто «ўз операцион тизимлари» юзага келди. Улар орасидан, масалан, энг машҳури Cyanogen OS (ҳозирда Lineage OS) бўлиб, у CyanogenMod прошивкасидан «ўсиб чиққан». Android эндигина бозорда пайдо бўлганида эса, унинг «тортиб кетиши»га ишонганлар кам эди. Ҳатто HTC ҳам ўзининг ўша машҳур смартфонини Google унга ҳақ тўлагани учунгина чиқарганди.

HTC Dream – Android тизимидаги илк оммавий ишлаб чиқарилган қурилма

Apple эса, аксинча, муваффақиятли инқилобчи номини қозониб улгурган эди. Ахир, Стив Жобс ўзининг кўплаб инновацион ишланмалари билан танилиб бўлганди-да: илк оммавий ишлаб чиқарилган шахсий компьютер – Macintosh, биринчи моноблок – iMac, мусиқа индустриясини титратиб юборган ва бошқа қўшни соҳаларга ҳам «тегиб кетган» iPod+iTunes тандеми… Миллионлаб фойдаланувчиларнинг «Apple телефони» сотиб олишни исташлари учун шуларнинг ўзи ҳам етарли эди. Стив Жобс, ихлосмандларнинг ишончларини йўққа чиқаришга ҳаққи йўқлигини яхши тушунарди, шунинг учун ҳам унинг мобил операцион тизими бошланишиданоқ қойилмақом, идеал бўлиши шарт эди. SDK’ни чиқармаслик истаги ва бошланғич коднинг ёпиқлиги мана шундан келиб чиққан.

Унда нега улар ўзаро ўхшаш?

Бошиданоқ турлича ибтидога, дастурий таъминот нуқтаи назаридан турлича ёндашувларга эга бўлишига қарамасдан, бугунги кунда iOS ва Android бир-бирига жуда ўхшаш бўлиб қолган. Хўш, нега бундай бўлди?

Аслида ҳаммаси жуда оддий. Технологиялар ақлдан оздирар даражадаги тезкорлик билан ривожланаётган, фойдаланувчиларнинг эҳтиёжлари эса салкам геометрик прогресс тарзида ўсиб бораётган бу оламда, бугунги ютуқлар эртагаёқ тарихга айланиб улгурмоқда. Ишлаб чиқарувчи шу пайтгача нималар яратгани, қанақа муваффақиятга эришгани эмас, балки энди нима қилмоқчи экани, қайси йўналишда ҳаракатланаётгани, эволюция ёки революция йўлини режалаштираётгани муҳимдир. Биринчи iPad чиққанидан буён ўтган олти ярим йил мобайнида Apple бирорта мутлақо янги нарса яратмади, жумладан, дастурий таъминот борасида ҳам. Бугунги кунда гувоҳ бўлаётганимиз – оддийгина эволюциядир.

Агарда ниҳояси йўқ баҳсларни бир чеккага суриб туриб, чуқурроқ қаралса ва ҳар қандай операцион тизим бажарадиган асосий вазифаларни англаб етсак, iOS ва Android’нинг ўта ўхшашлиги маълум бўлади. Асосий вазифалар эса учта: қурилманинг тўғри ишлашини таъминлаш, фойдаланувчининг эҳтиёжларини қондириш ва буларнинг барчасини қулай бажариш имкониятини таъминлаш. Бу учаласини одатда қисқача қилиб учта атама билан ифодалаймиз: оптимизация, функционаллик ва интерфейс.

Оптимизация. Ишлаб чиқувчи ўзининг девайсини қай тариқа оптималлаштириши биз – фойдаланувчилар учун муҳим эмас. Бизга муҳими – ҳаммаси яхши ишласин, агар «учиб» ишласа – янада яхши. Google ва Apple бугун бу вазифани бир хил даражада уддалашмоқда – қойилмақом эмас! Аммо улардан шундан ортиғини талаб қилиш ҳам, афтидан, ҳозирча бефойда. Таъкидлаш керакки, қидирув гиганти олдида бу борада янада жиддийроқ вазифа бор: у нафақат илғор қурилмаларда, балки ҳамёнбоп вариантларда ҳам операцион тизимнинг яхши ишлашини таъминлаши керак.

Google Android One – ривожланаётган бозорларда ҳамёнбоп моделлар учун яхши ечим

Барчага яхши маълумки, ҳар қандай операцион тизимдаги гаджет бир-иккита йирик янгиланишдан кейиноқ оғирлаша бошлайди, сўнгроқ эса уларнинг қўллаб-қувватланиши умуман тўхтатилади. Лекин Android оламида кўплаб чет прошивкалар мавжуд; улардан айримлари тўрт-беш йиллик девайслардан ҳам қулай фойдаланиш имконини беради. Булар қуруқ гап эмас, масалан, шу мақола муаллифи ишлатаётган Samsung Galaxy Note 2 смартфонида Android 7.1 версияси ўрнатилган бўлиб, меъёрида ишлаётгани таъкидланган. Ўша йили чиқарилган iPhone 5 эса расман iOS’нинг энг охирги версиясигача янгиланади, бироқ амалда ишлаши бўйича у Galaxy Note 2’дан орқада.

Функционаллик. Фойдаланувчининг эҳтиёжларини қондириш бўйича ҳам iOS ва Android тизимлари деярли бир хил даражада. Ҳар иккалови ҳам симли ва симсиз алоқанинг барча долзарб турларини қўллаб-қувватлайди ва, шундан келиб чиққан ҳолда, уларнинг барча афзалликларидан имкон қадар тўлиқ фойдаланади. Фақат биттагина истисно бор: iOS тизимида NFC’дан фойдаланишга сунъий чеклов қўйилган, шунингдек, у OTG’ни қўллаб-қувватламайди. Дастурий таъминот масаласига келсак, бу икки тизимдан биттасида амалга ошириш имкони мавжуд бўлган ҳар қандай ишни иккинчисида ҳам қилиб бўлади. App Store ва Google Play’да барча топшириқларнинг ечимлари учун тенг даражада иловалар мавжуд.

App Store ва Google Play’нинг бош саҳифаларидан парчалар

Интерфейс. Бу томонидан Apple бир неча йил мобайнида бошқа мобил операцион тизимлардан (жумладан, Google’никидан ҳам) анчагина илгарилаб кетган эди. «Олмали» операцион тизим нафақат ҳақиқатан ҳам чиройли, балки функционаллиги жиҳатидан ҳам зўр эди. Айнан интерфейсининг қулайлиги фойдаланувчиларга қурилма билан ишлашнинг барча нозикликларини ўзлаштиришда ёрдам берарди. Бироқ «ясси» дизайнли iOS 7 ҳамда бир йилдан сўнг «material design»га эга Android 5.0 чиққанидан сўнг, орадаги фарқ йўқ даражада қисқарди. Бунда гап фақатгина ташқи кўринишга тегишли эмас – Android’нинг айрим чет прошивкаларини ҳисобга олмаганда, бу икки тизим қиёфаси ўхшамайди. Гап фойдаланувчи ва тизимнинг ўзаро муносабатлари, таъсирлари, ҳаракатлари тамойилларида.

iOS 10 ҳамда Android 7.1 созламалар ойналари

Ҳар иккала тизим бугунги кунда минимал ички тармоқланишга эга бўлган деярли бир хил таркибда. Асосий экран ва блокировка экранидаги билдиришномалар марказлари ўзаро ўхшаб кетади, асосий функцияларни бошқарув марказлари жуда ўхшаш, овозли ёрдамчилар ва бошқалар ҳам шундай. Фойдаланувчи ҳар иккала тизимни ҳам ягона мантиқий усул – тегиниш (тап) ва силаш (свайп) урдамида бошқаради ва бунда контент билан «юзма-юз» мулоқотга киришади.

Шунга қарамасдан, Apple тизими фойдаланувчига интерфейс созламалари бўйича камроқ эркинлик беради. Масалан, iPad’нинг тезкор созламаларида интернет узатмасини ёқиш/ўчириш имконияти йўқлиги одамнинг жиғига тегади. Android-девайсларда эса бунақа мураккаблик аллақачон бартараф этилган.

Хўш, энди-чи?

Барча мукаммалликларига қарамасдан, Apple барибир ўз фойдаланувчиларининг содиқлигига таянади; улар эса бошқа ҳар қандай смартфонсознинг содиқ ихлосмандларидан кўпроқ. Бунга ҳайратланмаса ҳам бўлади, ахир, iOS аввалдан кўпфункциялилик билан қулайликнинг уйғунлигини таклиф этиб келган. Қурилмани тегишли йўриқномасига кўра бир мартагина созлайсиз ва кейин у ҳақда умуман ўйламай қўяверасиз. Ҳаммаси худди ишлаб чиқувчилар белгилаб берган тарзда ишлайверади. Бир қарашда, дастурчилар ҳамма нарсани билишади, аммо калтакнинг иккита учи борлигини ҳам эсдан чиқармаслик даркор.

iOS’нинг ҳар бир йирик янгиланмаси янги функцияларни тақдим этади, улар жудаям керакли, фойдали бўлиши ёки аксинча, ҳатто ноқулайлик келтириши ҳам мумкин. Дейлик, iPad’нинг менюсида ўнгдан чапга силаш орқали чақириладиган Slide Over – фойдали нарса, аммо электрон китоблар мутолаасида у халақит беради. Ахир, электрон китобларда кейинги саҳифага ўтиш учун ҳам ўнгдан чапга силаб «варақланади»-да! Аксига олиб, мутолаа иловасида Slide Over функциясини ўчириб қўйиш имконияти ҳам йўқ. Умуман, уни на ўчириб қўйиб ва на созлаб бўлади.

Бу шунчаки биттагина мисол; афсуски, iOS’нинг 9 ва 10-версияларида бу каби ўзаро зид келувчи ва қутулиш имкони ҳам қолдирилмаган ечимлар талайгина. Шунинг учун ҳам, балки, iOS 11 версиясида бизни нималар кутаётганини билмай қўяқолганимиз маъқулдир? Умуман олганда, мазкур янгиланишдан биз нималар кутишимизни ҳатто айтиш ҳам қийин. Эҳтимол, Home тугмасининг функциялари анчагина кенгайишидир?

iOS’нинг сўнгги версияларидаги ноқулайликларга мисоллар: плеернинг алоҳида менюга чиқарилган тезкор бошқаруви ҳамда ўчириб қўйилмайдиган Slide Over

Google томонидан ишга туширилган Android O бета-версияси туфайли, биз бу тизимдаги кутилаётган янгиликларнинг аксариятидан бохабар бўлишимиз мумкин. Унга киритиладиган ўзгаришлар йирик бир янгиланиш қилишга арзийди: қурилма ишлашининг ва аккумулятор сарфининг оптималлаштирилиши, янги кодеклар, интерфейсдаги ўзгаришлар… Ҳаммаси зўр, аммо… зерикарли.

Android O’га киритилган янгиликлардан бири – «Картинка ичида картинка» режимини қўллаб-қувватлашидир

Эволюция ҳар иккала мобил операцион тизимга шон-шуҳрат келтирди ва уларни боши берк кўчага киритиб қўйди.  Фойдаланувчилар «темир+софт» бирлашмаси таклиф этиши мумкин бўлган ҳамма нарсага аллақачон ўз қурилмаларида эга бўлиб бўлишган. Шу боис ҳам уларни мобил операцион тизимларнинг навбатдаги янгиланишлари айтарли қизиқтирмай қўйган. Ҳар ҳолда, навбатдаги инқилобий технологиягача шундай бўлади.

Ҳозирча эса фойдаланувчи учун қайси тизимни танлашнинг айтарли фарқи йўқ. Агарда брендга содиқлик омилини инобатга олмасак, токи битта платформада харид қилинган дастурларни иккинчи платформага кўчириб ўтказиш имкони туғилмагунича, фойдаланувчиларнинг асосий операцион тизимни танлашларида у ёки бу иловалар дўконида сотиб олинган дастурлар асосий ўрин тураверади.

Хулоса

Хулласи калом, iOS ва Android орасидаги олишувда… дўстлик ғалаба қозонди. Мобил софтнинг бу икки гиганти беш йиллик ўзаро рақобатдан чарчашган, энди улар ўзаро елкадош бўлиб, олға интилишлари мумкин. Фойдаланувчиларнинг сони жуда катта бўлишига қарамасдан, инқилобий ўзгаришлар даври ўтди.

Эҳтимол, шуни англаб етгани учундир, Google энди жуда қизиқарли, аммо жуда-жуда сирли Fuchsia лойиҳаси устида ишлашга зўр бермоқда. Келажакда бу лойиҳа биратўла Android ва Chrome OS’ларнинг ўрнини босиб, том маънодаги универсал биринчи операцион тизимга айланиши кутилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!