iPhone 8 тақдимотининг янги санаси айтилди

  •   DiMaX
  •  1683
  •  24.08.2017 12:12

iPhone 8 тақдимотининг янги санаси айтилди

Бир қатор манбаларнинг таъкидлашича, Apple ўзининг учта янги смартфонини қачон намойиш этишини бир нечта уяли алоқа операторларига маълум қилган. Мазкур девайсларнинг тақдимот маросими аввал тахмин қилинганидек 17 эмас, балки 12 сентябрда бўлиб ўтади, деб ёзади Hi-Tech.Mail.Ru.

Инсайдерларнинг айтишларича, уяли алоқа операторлари бозорга бирйўла учта айфон чиқарилишига тайёргарлик кўришлари керак бўлади. Шу боис ҳам уларга бу телефонларнинг тақдимот санаси ҳақида хабар берилган.

Тўғри, ҳозирча Apple ҳеч кимга бу тадбир таклифномасини жўнатгани йўқ, аммо бунгача асосий тахмин сифатида, тақдимот 17 сентябрда бўлиб ўтиши айтилаётган эди. Энди янги хабарларга кўра, тадбир ундан салкам бир ҳафта аввал – 12 сентябрда ўтказилади. iPhone 7s ҳамда iPhone 8 учун олдиндан буюртма бериш ҳам ўша ҳафтанинг ўзида – 15 сентябрда бошланиши тахмин қилинаётир. Бозорга бу гаджетлар 22 сентябрдан етказиб берилади, дейишмоқда.

Шу билан бирга, iPhone 8 модели ишлаб чиқарилиши бироз чўзилиши ҳам мумкинлиги айтилмоқда. Айрим «сизиб чиққан» хабарларга кўра, Apple’нинг юбилей смартфони – iPhone 8 тақдимоти ҳали октябрь ёки ҳатто декабргача ҳам чўзилиши мумкин. Бошқа манбалар эса, узоқ кутилган бу моделнинг тақдимоти ҳам сентябрда бўлади, фақат бунда у чекланган миқдорда ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, Хитойдаги манбалар берган маълумотларга кўра, iPhone 8 модели хотира ҳажмига кўра 64 ГБ, 256 ГБ ва 512 ГБ версияларида ишлаб чиқарилади.

 Сентябрдаги тадбирда iPhone билан бирга Apple Watch’нинг янги – LTE тармоғини қўллаб-қувватловчи авлоди ҳам намойиш этилади. Яна Apple TV учун 4К технологиясини қўллаб-қувватлайдиган янгиланишлар ҳам шу тадбирда тақдим қилиниши мумкин.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!