iPhone сотишдаги энг кенг тарқалган алдовлар ва уларга алданмаслик йўллари

  •   DiMaX
  •  7755
  •  22.04.2017 15:41

iPhone сотишдаги энг кенг тарқалган алдовлар ва уларга алданмаслик йўллари

Apple техникалари ҳатто фойдаланилганидан кейин ҳам харид қилса бўлаверадиган маҳсулотлар сирасига киради. iPhone’ларга ҳамиша харидор топилади, чунки иккиламчи бозорда ҳам ўз нархини секинлик билан йўқотади.

Жумладан:

  • 2 йил аввал сотиб олинган iPhone ўзининг атиги 30% гача нархини йўқотади;
  • 1 йил олдин харид қилинган iPhone ўз нархининг 15% гача қисмини йўқотади;
  • 5 йил аввалги iPhone’ни ҳамиша эҳтиёт қисмлар сифатида сотиб юбориш имкони бўлади.

Бироқ иккиламчи бозорда савдо айланмаси катталиги ҳамиша фирибгарларни ҳам ўзига жалб этиб келади. Улар техника жиҳозларини ҳам, савдо усулларини ҳам яхши ўрганиб, тобора устамон бўлиб боришаётир.

DamProdam.ru эълонлар сайти экспертлари 6 ой ичидаги 2000 га яқин эълонларни таҳлил этиб чиқишди ва харидорни алдашнинг бир нечта оммалашган усуллари мавжудлигини аниқлашди. Қуйида шу алдов усулларини кўрсатамиз ҳамда уларга алданиб қолмаслик йўлларини тушунтирамиз.

1. Эски iPhone’ни желбрейк ёрдамида янги авлод модели сифатида тақдим этишади

Бу – мана шу ўтган қиш ойларида оммалашган, янги услуб. iPhone 5s (2013) ва iPhone 5 (2012) моделларини iPhone SE (2015) деб – икки карра қимматроққа сотишади. Бунинг учун iPhone прошивкасини бузишади, ундаги қурилма ҳақидаги маълумотларни янги iPhone SE деб ўзгартириб қўйишади.

Кейин эса унинг қисмларини янги iPhone SE корпусига жойлашади, у кўпинча «китайский» бўлади. Иккиламчи бозорда бунга алданиб харид қилувчилар ҳамиша топилади.

Бундай фирибгарлик қурбони бўлмаслик учун, савдо жараёнининг ўзидаёқ тизимнинг барча созламаларини тўлиқ дастлабки ҳолига қайтариш ҳамда модель рақамини яхшилаб текшириш лозим.

2. Ички қисмларининг 85 фоизи қалбаки бўлган iPhone сотишади

Одатда, бундай эҳтиёт қисмларини Хитойда, AliExpress сингари савдо майдонларида сотиб олишади. Ёки бўлмаса, сервис марказларидан харид қилишади – уларда собиқ мижозларнинг қурилмаларида яроқсиз чиққан қисмларни алмаштириб берилгач, қолиб кетган ўша брак қисмларни сотиб олишади.

Харидор нуқтаи назаридан, бундай қўлбола iPhone ўта хавфли – у тез бузилади. Яна қўлда йиғилган қурилманинг механик сифати ҳам фабрикада терилган ҳақиқий девайсдагидек бўлмайди. Ва энг ёмон тарафларидан бири – сервис марказларида таъмирлатиш жараёнида олдинги устанинг ишидаги нуқсон чиқиб қолса, унинг учун масъулиятни ҳеч ким бўйнига олмайди.

Бундай ҳолатга тушмаслик учун, ҳамиша харид олдидан қурилмани эринмасдан, керак бўлса – битишув жойларини, очиладиган жойларини лупа билан синчиклаб текшириш керак.

3. Блокланиб қолган iPhone’ни сотмоқчи бўлишади

Кўпинча шундай бўлади – таклиф этилаётган смартфон блокланган, уни очишни эса сотувчи билмайди. У буни кўпинча мана бу иккита вариантдан бири билан изоҳлайди:

  •  «Apple аккаунтимнинг паролини унутиб қўйдим»
  •  «Смартфонимни бузиб, блоклаб қўйишибди, энди нима қилишни билмаяпман»

Кўпинча бундай iPhone’лар аслида ўғирланган ва ҳақиқий эгаси уларни масофадан туриб блоклаган бўлади. Уларни энди, то ҳақиқий эгасининг паролини билмагунча блокдан чиқариб, қайта прошивкалаб, умуман, ҳеч нарсага ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бунақа ўғирланган смартфонларни фирибгарлар фақат эҳтиёт қисмлар сифатида сотишлари мумкин.

Бундайларга алданмаслик учун, ҳеч қачон блокланган iPhone харид қилманг!

4. Ишлатилган iPhone’ни янги, деб сотишга уринишади

Биласизки, iPhone’нинг ўзи ҳам, унинг қутиси ҳам заводдаёқ махсус плёнкага ўраб чиқарилади. Харидор маҳсулотнинг оригиналлигига ишонч ҳосил қилиш учун, бу ўрамни ўзи йиртиб очиши керак.

Ишлатилган iPhone’ни янги, деб сотиш учун фирибгарлар ўраш станокларида қурилманинг ўзини ҳам, қутисини ҳам ўраб олишади. Шунингдек, улар iPhone учун янги, худди оригиналидагидек қути буюртма қилиб олишлари ҳам мумкин. Бу, асосан, ҳақиқий қутиси йўқолган ҳолларда қилинади.

Шундай алдовларга учмаслик учун, ўрам плёнкасини синчиклаб текширинг, уни дўкондаги ишончлилари билан солиштириб кўринг.

Хуллас, iPhone харид қилаётиб алданиб қолмаслик учун, қуйидаги тавсияларга албатта амал қилинг:

  1. Ҳамиша ўрамни очиб ва ҳар қандай плёнкасини олиб ташлаб текширинг;
  2. Кўз олдингизда тизим созламаларини тўлиқ дастлабки ҳолатига қайтаришларини талаб этинг;
  3. Қурилмадаги, прошивкадаги ва қутидаги серия рақамларини ўзаро солиштиринг – улар бир хил бўлиши шарт;
  4. iPhone’нинг ўзида очилганлиги белгилари бор-йўқлигини текширинг, айниқса мурват (болт)ларини;
  5. Қурилма iCloud’га ва Apple аккаунтига боғланмаганлигига ишонч ҳосил қилинг;
  6. Жамланмани текширинг: қувватлаш қурилмаси, кабель ва қулоқчинлар оригинал бўлиши шарт.

Хуллас, iPhone’ни ўзимиздаги дўконлардан оласизми, ёки онлайн-дўконлардан буюртма берасизми – ҳамиша синчиклаб текшириб олиш зарар қилмайди.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!