Жаҳон банки эксперти: «Марказий Осиёда интернет қиммат ва сифатсиз!»

  •   DiMaX
  •  354
  •  22.06.2021 14:03

Жаҳон банки эксперти: «Марказий Осиёда интернет қиммат ва сифатсиз!»

Марказий Осиё аҳолисининг деярли ярми сифатли интернетга кириш имконига эга эмас. Минтақадаги бешта мамлакатдан учтасида интернетнинг тарқалиш даражаси глобал ўртача кўрсаткичдан паст, дея хабар беради Kun.uz нашри.

ЎҚИНГ: Ўзбекистонда 2G, 3G, 4G ва 5G технологиялари: Тезкор интернетга улаш қандай кетяпти?

Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук минтақадаги интернет сифати билан боғлиқ вазият, унинг иқтисодий таъсири ва бу соҳани ислоҳ қилиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.

Жорий йилнинг 9 апрель куни қозоғистонликлар мамлакатнинг таниқли шахматчиларидан бири, Қозоғистон ва жаҳон чемпиони Динара Садуакасова интернет алоқаси сустлиги сабабли онлайн турнирдаги иштирокини тўхтатишга мажбур бўлгани ҳақидаги хабардан қаттиқ ранжишди. Динара видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирди, унда у ўйин давомида ўзи ҳақида эмас, балки интернет алоқаси ҳақида кўпроқ ташвишланишга мажбур бўлгани ҳақида шикоят қилди.

Шахмат ҳаётий муҳим масала бўлмаслиги мумкин, аммо ҳақиқат шуки, Марказий Осиёда яшовчи ўн миллионлаб кишилар интернетга уланиш ёмонлиги туфайли кўплаб бошқа муҳим имкониятларни, шу жумладан, иш, таълим, ҳамкорлик, инновация ва фуқаролик истиқболларини қўлдан бой беришмоқда.

Эффектив рақамли уланиш қулай, арзон, инклюзив, тегишли фойдаланувчилар учун ишончли ва ваколатли бўлиши керак.

Замонавий дунёда интернетга кириш энди шунчаки зарурият эмас, балки инсон ҳуқуқидир.

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, замонавий ва ишончли коммуникация инфратузилмасига эга мамлакатлар пандемиянинг иқтисодий таъсирини тенг ярмига қисқартириши мумкин. Бундан ташқари, интернет сифатининг атиги 10 фоизга яхшиланиши камида бир фоиз иқтисодий ўсишни таъминлайди.

Афсуски, рақамли тараққиётдан минтақа мамлакатлари иқтисодиёти ва аҳолиси баҳраманд бўлиши учун интернетга уланиш сифатини ошириш бўйича ҳали кўп ишлар қилиниши керак.

Марказий Осиё аҳолисининг деярли ярми, асосан, қишлоқ ва чекка жойларда, сифатли интернетга кириш имконига эга эмас.

Минтақадаги бешта мамлакатдан учтасида интернетнинг тарқалиш даражаси глобал ўртача кўрсаткичдан паст.

Марказий Осиёда интернетга уланиш қиммат ва сифатсиз. Фойдаланувчилар сони бўйича минтақанинг етакчиси бўлган Қозоғистонда ҳам уланишнинг сифати бўйича етарлича муаммолар бор. Буни юқоридаги Динара Садуакасова билан боғлиқ ҳолат ҳам исботлайди.

Масалан, минтақадаги барча мамлакатлар 5 гигабайтлик видеолар ёки YouTube’да уч соатлик маърузаларни Full HD форматида (1080п) юклаб олиш тезлиги бўйича глобал рейтингларнинг сўнгги поғоналарида жойлашган.

Аммо ҳукуматлар керак бўлганда тезда ҳаракат қилишлари мумкинлигини кўрсатди. Масалан, Ўзбекистонда оптик толали линияларнинг узунлиги 2019 йилда 36 минг 600 км.ни ташкил қилган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда 68 минг 600 км.гача, яъни деярли икки бараварга оширилди, шунингдек, мобил таянч станцияларини қуриш ва ишга туширишга рухсат бериш тартиби соддалаштирилди.

Шунга қарамай, Марказий Осиё ҳукуматлари минтақадаги рақамли алоқаларни ривожлантиришга доир асосий муаммоларни ҳал қилишлари керак.

ЎҚИНГ: Apple ва Netflix айнан Ўзбекистонни танлади. Нега Қозоғистонни эмас?

Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, кенг тармоқли интернетга эга бўлмаган Марказий Осиё аҳолисининг ярмини 2030 йилга қадар сифатли тармоққа улаш учун ушбу соҳага камида 6 миллиард доллар миқдорида сармоя киритилиши керак.

Бунинг учун кучли сиёсий ирода ва мисли кўрилмаган кўп манфаатли саъй-ҳаракатлар, хусусан, инфратузилмани ривожлантиришга катта миқдордаги хусусий сармояларни жалб қилиш, рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича ҳукуматнинг ҳаракатлари ва ушбу соҳадаги сиёсатни ислоҳ қилиш керак бўлади.

Бу муаммони қандай ҳал қилиш мумкин?

Биринчидан, Марказий Осиё давлатлари очиқ ва рақобатдош телекоммуникация бозорини ривожлантиришлари керак. Ушбу вазифани институционал ва меъёрий-ҳуқуқий базани модернизация қилиш ва уни энг яхши жаҳон тажрибасига мувофиқлаштириш орқали ҳал қилиш мумкин.

Шу нуқтайи назардан, улгуржи ва чакана интернет хизматларидан (шу жумладан халқаро телекоммуникация тармоқларига кириш) фойдаланиш бўйича чекловларни олиб ташлаш ва соҳанинг ривожланишига халақит берадиган амалдаги лицензиялаш тартиб-таомилларини осонлаштириш жуда муҳимдир.

Иккинчидан, хусусий сектор катта роль ўйнайдиган модель фойдасига телекоммуникация соҳасидаги давлат устунлигидан воз кечиш керак. Минтақа инфратузилма эҳтиёжларини қондириш учун хусусий сармояларни жалб қилиши керак, айниқса қишлоқ ва чекка ҳудудларда.

Бозорнинг барча иштирокчилари учун тенг шароитларни таъминлаш ва рақобатбардошликни ошириш зарур.

Учинчидан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари рақамли экотизимни ривожлантиришлари зарур, яъни рақамли қурилмалардан фойдаланиш имкониятини оширишга, маҳаллий онлайн контент сифатига ва аҳолининг рақамли кўникмаларини ривожлантиришга маблағ сарфлаши керак. Рақамли дунё тақдим этаётган барча имтиёзлардан фойдаланиш учун минтақа давлатлари масофадан туриб ишлашни ташкил қилишда барча шароитларни яратиши, киберхавфсизликни кучайтириши ва ҳам фуқаролар, ҳам корхоналар учун маълумотларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаши зарур.

Жаҳон банки Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларини ушбу йўналишда, шу жумладан, Рақамли Марказий ва Жанубий Осиё (Digital CASA) дастури орқали қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

Бу дастур минтақани ишончли ва арзон интернет хизматлари билан таъминлаш, кичик ва ўрта бизнес, якка тартибдаги ишчиларни минтақавий ва глобал иқтисодиёт билан боғлаш, кўпроқ янги ва малакали иш ўринларини яратиш, давлат ва хусусий хизматларда инновацияларни ривожлантиришга ёрдам беради.

Марказий Осиё мамлакатлари ўз фуқаролари учун инклюзив ва самарали рақамли телекоммуникацияга эришиш учун яхши имкониятга эга. Бу бутун минтақа учун зарур бўлган иқтисодиётни тиклаш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодий ривожланиш йўлидаги ўсиш жараёнини тезлаштиради.

ЎҚИНГ: Speedtest: Ўзбекистон яна тўрт поғонага кўтарилди, мобил интернет тезлиги 64,8 фоизга ошди!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!