Mi8 SE Antutu'да илк бор синовдан ўтди

Mi8 SE Antutu'да илк бор синовдан ўтди

Xiaomi компанияси яқиндагина Mi смартфонлари туркумига мансуб "ақлли телефон"ларини тақдим этди. Mi8 ҳамда Mi8 Plus моделларида Qualcom компаниясининг энг кучли Snapdragon 845 процессори ўрнатилганини ҳисобга олсак, самарадор платформа масаласида уларда муаммо йўқ.

Mi8 SE эса яп-янги ва флагманлардан бир қадам орқада бўлган, ҳамма учун қизиқ ҳисобланган Qualcom Snapdragon 710 чипига эга бўлган. Бу чипсет шунга қадар ҳали бирор девайсда татбиқ қилинмаган эди.

Куни кеча Xiaomi Mi 8 SE смартфони девайсларнинг платформа самарадорлигини имтиҳондан ўтказишга мўлжалланган таниқли Antutu бэнчмаркида синовдан ўтказилди. Айтиш жоизки, Mi8 SE бу тестда 167 249 балл тўплади.

Бу натижа шу кунга қадар ўрта нархли смартфонларга ўрнатилиб келинган ва кўпчиликка манзур бўлган Snapdragon 660 процессорининг натижасидан юқори. Шу билан бирга, бу чипсет ўтган йили энг илғор деб топилган Snapdragon 835 чипидан бир оз орқада. Мисол учун, ўтган йилги флагман бўлмиш Mi 6 ушбу имтиҳонларда 170 минг баллдан зиёд тўплаган эди. Ундан олдинги Snapdragon 821 чипига эга Mi 5S флагмани эса бундай синовларда 164 минг балл тўплаган.

Ўқинг: Mi 8 SE -- арзон флагманнинг юртимизда кутилаётган нархи

Шу жиҳатдан олиб қаралса, Mi8 SE моделининг тезкор ва самарали ишлаши кўпчиликни манзур қилади. Snapdragon 710 процессори "сунъий ақл" технологиясини қўллаб-қувватлайди. Шу сабабли айрим жиҳатларига кўра аввалги илғор чипларни ҳам доғда қолдиради.

Xiaomi Mi 8 SE 5.88 дюймли, FHD+ сиғимли ҳамда AMOLED матрицали экран билан таъминланган. Экраннинг томонлари нисбати 18:9 стандартли.

График-тасвирларни қайта ишлаш учун Adreno 616 видео картаси масъул бўлган. Смартфон тезкор хотираси 4 ёки 6 гигабайтли, доимий хотира сиғими эса 64 гигабайтли. Доимий хотирани қўшимча хотира картаси ёрдамида кенгайтириш мумкин.

Xiaomi Mi 8 SE "қувват тоши"нинг электр токи сиғими 3,120 мА соат ҳамда уни USB Type-C орқали тезкор ёки симсиз ҳам қувватлаш мумкин.

Камера масаласида ҳам имкониятлар ёмон эмас. Бош камерада 12 + 5 мегапикселли сенсорлар мавжуд. Камера тўрт ўқли оптик барқарорлаштиришни ҳамда қўш пикселли фазали автофокусни, 2 карралик яқинлаштириб сурат олиш функциясини, портрет режимини қўллаб-қувватлайди. Селфи ишқибозлари учун яхши хабар: смартфон 20 мегапикселли " сунъий ақл"га эга олд камерага эга бўлган.

Xiaomi Mi 8 SE баҳоси 280 АҚШ долларидан бошланади. Унинг юқори талқини (6 ГБ) 312 АҚШ долларидан сотилади. Гаджетни Хитойда 5 июндан бошлаб харид қилиш мумкин бўлди.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!