Ниҳоят, смартфонлар IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш тартибида ўзгариш бўлди!

  •   DiMaX
  •  5210
  •  23.09.2020 09:05

Ниҳоят, смартфонлар IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш тартибида ўзгариш бўлди!

Ўзбекистонда жисмоний шахслар томонидан мобил қурилмаларни учинчи шахсларнинг шахсий маълумотларидан (паспорт маълумотлари ва телефон рақамидан) фойдаланиш орқали рўйхатдан ўтказиш ҳолатларини олдини олиш мақсадида тизим оператори томонидан мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказиш жараёнига ўзгартириш киритилди. Бу ҳақда UZIMEI хабарига таяниб Qalampir.uz ёзмоқда.

ЎҚИНГ: Смартфонларни UZIMEI тизимида ноқонуний рўйхатдан ўтказиб келган жиноий гуруҳ фош этилди!

Ушбу тартибга кўра, қурилманинг IMEI-кодини/кодларини рўйхатдан ўтказишда жисмоний шахслар томонидан фойдаланиладиган абонент рақами маҳаллий мобил операторларидан ариза берувчи номига расмийлаштирилган бўлиши керак.

Ўзбекистонга коронавирус кириб келиши ортидан карантин чекловлари ўрнатилиб, хориждан келаётган фуқаролар 14 кунлик карантинга олинадиган тартиб ўрнатилди. Аммо карантин муддатини ўтаб чиққан фуқароларда хориждан олиб келган телефон аппаратларини IMEI-кодини рўйхатдан ўтказишда муаммолар юзага кела бошлади. Эмишки, уларнинг паспортига бошқа телефон қурилмаси рўйхатдан ўтказилган. Ваҳоланки, улар хориждан келибоқ карантинга олинган.

Фуқароларнинг бу борадаги ойлар давомида билдирган арз-додларига сентярбрь ойининг бошидагина эътибор берила бошлади. Бирдан барча масъул ташкилотлар «уйғониб», ҳолат бўйича суриштирув бошлади. Шулардан бири Давлат божхона қўмитаси бир ҳафтада ёпиб қўйилган чегарадан ўтиб, фуқароларнинг паспортини суратга олиб, ўз фойдасига ишлатаётган жиноий гуруҳни аниқлади. Яна бири Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошлаган суриштирув эса, мана 20 кундирки ё якунланмади, ё якунланди-ю натижаси эълон қилинмади ёки бошланганича қолиб кетди. Буёғи энди вазирликка аён.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2 июль 2019 йил «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонунининг, 33-моддасига мувофиқ шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади. Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жазо Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 46-2-моддаси ва Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексининг 141-2-моддаси билан белгиланиб қўилган.

ЎҚИНГ: ИИВ: «Сизда IMEI-кодлари билан боғлиқ муаммолар юзага келса...»

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!