Nokia’нинг яна бир смартфони бенчмаркда «қўлга тушди»

  •   DiMaX
  •  1293
  •  27.01.2018 16:03

Nokia’нинг яна бир смартфони бенчмаркда «қўлга тушди»

Mobile World Congress 2018 кўргазмасига бир ой қолганида, турли смартфонсозларнинг номаълум моделлари хусусида янги маълумотлар чиқишда давом этмоқда. Жумладан, телефонсозликда бир пайтлари «қирол» бўлган афсонавий бренд ҳам бундан мустасно эмас.

ЎҚИНГ: Беш камерали илк смартфон – Nokia X яна бир хусусияти билан дунёда тенгсиз

Бугун Geekbench маълумотлар базасида Nokia 7 Plus телефонининг маълумотлари аниқланди. Афтидан, у 2017 йил октябрда тақдим этилган Nokia 7 смартфонининг яхшиланган версияси бўлса керак.

Айтиш керакки, Nokia 7 ўрта нарх тоифасига мансуб бўлиб, саккиз ядроли Qualcomm Snapdragon 630 процессори базасида ишлайди. Мазкур чип 2,2 ГГц.гача такт частотасида ишловчи саккизта ARM Cortex-A53 ядросини, Adreno 508 график контроллери ва X12 LTE мобил модемини ўз ичига олади.

ЎҚИНГ: ZEISS камерали Nokia 7 тақдим этилди: ажойиб дизайн қулай нархда! (+видео)

Nokia 7 Plus модификацияси эса, Geekbench тести натижаларига кўра, ундан бақувватроқ Snapdragon 660 процессорига эга. У саккизта Kryo 260 ядросига эга – улар 2,2 ГГц.гача такт частотасида ишлайди. Чип таркибидаги мобил модем ўша-ўша – X12 LTE бўлса-да, график тезлатгичи Adreno 512 русумли.

Ҳар иккала моделдаги смартфонда ҳам тезкор хотира бир хил – 4 гигабайтли. Афтидан, «плюсли» талқин ҳам дастлабки Nokia 7 смартфонидаги каби 5,2 дюймли, 1920×1080 пикселли (Full HD) дисплейга, 5 ва 16 мегапикселли камераларга эга бўлса керак.

Кўриб турганингиздек, янги смартфон Android 8.0 Oreo талқини бошқаруви остида ишлайди. Оригинал Nokia 7 модели эса дастлаб Android 7.1.1 Nougat платформаси билан чиқарилган.

Nokia 7 Plus смартфони 26 февралдан 1 мартгача Барселонада бўлиб ўтадиган MWC 2018 тадбири доирасида тақдим этилиши мумкин.

ЎҚИНГ: Nokia’нинг 15 та афсонавий мобиль телефонлари

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!