Ўзбекистон Глобал инновацион индекси бўйича илғор 50 давлат қаторига киришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон Глобал инновацион индекси бўйича илғор 50 давлат қаторига киришни режалаштирмоқда

7 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда «Буюк Келажак» Халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Унга кўра қонун ва меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш ва такомиллаштириш, жумладан, 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш стратегиясини амалга ошириш бўйича «Буюк Келажак» экспертларининг халқаро тажрибасидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлиб, юртимизни Глобал инновацион индекси бўйича илғор 50 давлатлар қаторига киришини таъминлаш бош мақсад қилиб белгиланган. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

Меморандумда етакчи олий таълим муассасаларида  Forsayt марказларини тузиш орқали инновацион фаолият ривожланишини прогнозлаштириш, шунингдек инновациялар, технологиялар трансфери, интеллектуал мулк объектларини бошқариш бўйича илмий семинарлар, маҳорат дарслари, хакатонлар, бизнес-тренинглар ташкил этиш назарда тутилган.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, «Буюк Келажак» экспертлар кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда халқимиз фаровонлигини ошириш ва барқарор иқтисодий ривожланишга эришиш йўлида амалий билимлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқишда Ўзбекистоннинг интеллектуал имкониятларидан самарали фойдаланиш ниятида тузилган.

ЎҚИНГ: Инновацион ривожланиш вазирлигида янги тайинловлар

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!