Қувват олишда ким тезкор: Samsung, iPhone, Huawei, OPPO ёки Vivo?

Қувват олишда ким тезкор: Samsung, iPhone, Huawei, OPPO ёки Vivo?

Замонавий гаджетлардаги тезкор қувватлаш технологияси фойдаланувчи учун катта қулайлик. Шу сабабли ҳам, аксарият ишлаб чиқарувчилар қиммат ва ўрта нархли смартфон моделларига тез қувват олиш функциясини жорий қилишмоқда. Мисол учун, Хитойнинг Meizu компанияси жорий йил якунига қадар ўзининг Super mCharge технологиясига эга илк смартфонини намойиш қилади. Бу технология билан таъминланган смартфон 20 дақиқа ичида тўлиқ қувват олиш имконига эга. Ҳозирча, илғор флагманлар учун ҳам бу қобилият шунчаки орзу.

Samsung, Huawei, OPPO, Vivo каби смартфон брендларига тезкор қувват олиш технологияси ўрнатилган бир пайтда, замонавий iPhone телефонларида бу жиҳатнинг йўқлиги кўпчилик учун ҳайратланарли.

Қуйидаги тестда 4 та бренднинг бош моделлари, яъни Samsung Galaxy C9 Pro, Huawei Mate 9, OPPO R9 Plus ҳамда Vivo X9 Plus танлаб олинди. Уларнинг барчасида аккумулятор сиғими 4000 мА соат. Улар билан бирга, iPhone 7 Plus’даги анъанавий қувватлаш тизимини ҳам синаб кўришга қарор қилдик. Унинг батарея сиғими 2910 мА соат.

Шундай қилиб, биз синовни бошлашдан аввал телефон аккумуляторларини тўлиқ қувватсизлантирдик. Қувват олишни бошлаганидан 5 дақиқа ўтиб, OPPO R9S Plus заряди 8%га етди. Бу вақт ичида Huawei Mate 9 — 10%, Samsung Galaxy C9 Pro — 7%, Vivo X9 Plus — 9%, ва Apple iPhone 7 Plus — бор йўғи 4% қувват тўплай олди. 30 дақиқа ўтгандан сўнг эса, Huawei Mate 9 56 фоиз қувват тўплаб, ҳануз етакчилик қилар, унинг рақиблари OPPO R9S Plus ва Vivo X9 Plus бир хил 49%, Samsung Galaxy C9 Pro — 36%, Apple iPhone 7 Plus — эндигина 19% қувват олган эди.

Орадан бир соат ўтиб етакчи учлик, яъни Mate 9, R9 Plus ва X9 Plus бир хил натижа кўрсатиб, 90% қувват тўплашга муваффақ бўлди. Улардан кейинга қолган Samsung Galaxy C9 Pro аккумулятори ҳаттоки 70% ҳам қувват олмаган эди. Apple айфони эса бу вақтда эндигина 40% қувват тўплашга эришди.
Бир ярим соатдан сўнг фақатгина Huawei Mate 9 қувватини тўлиқ тўлдириб бўлди. Бу вақтда OPPO R9 Plus ҳамда Vivo X9 Plus 98% заряд тўплашди. Samsung Galaxy C9 Pro 95%, iPhone 7 Plus эса 57% қувват тўплаган эди.

Шундай қилиб, тезкор қувватлаш технологиясига эга смартфонлар ўртача 150 минут оралиғида тўлиқ қувват олишга муваффақ бўлдилар. Apple эса бу вақт ичида аккумуляторининг 69%ини қувватга тўлдирди. Унга тўлиқ қувват олиши учун 3 соат 10 минут (190 минут) керак бўлди.

Натижалар яққол намоён: Huawei Mate 9 имтиҳоннинг мутлоқ ғолиби бўлди. Тезкор қувватлаш тизимига эга қолган смартфонлар билан фарқ у даражада катта эмас. Apple iPhone 7 Plus эса бу тестимизда мағлуб бўлди.