Россия "Ойналар"сиз қолди

Россия

Microsoft ўзининг компютер учун дунёдаги энг кўп фойдаланиладиган Windows операцион тизимини россияликлар учун юклаб олишни тақиқлаб қўйгани маълум бўлди.

Ҳозирда Россия IP манзили билан Windows 10 ёки Windows 11 операцион тизимларидан бирини юклаб олиш учун компаниянинг расмий веб-сайтига кирилганида, саҳифа очилади, лекин фойдаланувчи файлни юклаб ололмайди ва унга "Сизнинг сўровингиз билан муаммо юз берди" хатолик ойнаси чиқади. Шунингдек, Media Creation Tool каби воситалар ҳам россияликлар учун мавжуд эмас, кимдир уларни юклаб олишга ҳаракат қилса, уларга 404 хатолик коди кўрсатилмоқда.

Бироқ, бу амалларни бошқа давлат IP манзили ёхуд VPN билан бажариш мумкин. Бундан ташқари, Microsoft Россия IP манзили фойдаланувчиларига Windows янгиланишларини тарқатишни ҳали тўхтатмаган, лекин маълум бўлишича, сўнгги Windows янгиланишидан кейин россиялик фойдаланувчиларда компютерда Wi-Fi тарқатиш билан муаммолар бўлмоқда.

Редмондлик компания ҳозирча бунга расмий муносабат билдиргани йўқ. У жорий йилнинг март ойларида Россияга қарши санксияларга қўллаб-қувватлаган ҳолда, мамлакатда ўз бизнесларини тўхтатган эди.

ЎҚИНГ: Microsoft'дан қурилмаларингиз учун ҳимоя воситаси

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!